Рақобатчисини сотиб олади
  • 09 Апрель 2015

Рақобатчисини сотиб олади

АҚШнинг “FedEx” логистика компанияси ўз рақобатчиларидан бири — “TNT Express” (Голландия) компаниясини сотиб олиш юзасидан келишувга эришганини маълум қилди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Харидор унинг ҳар битта акциясини 8 евродан сотиб олишга тайёр. Таъкидлаш жоизки, бу нарх 2 апрель куни биржада белгиланган баҳодан уч баравар юқоридир. Умумий ҳисобда мазкур савдо учун “FedEx” 4,4 миллиард евро миқдорида маблағ сарфлайди.

Букланадиган батарея
Стэнфорд университети (АҚШ) мутахассислари янги турдаги батареялар ишлаб чиқаришди.
Алюминий-иондан тайёрланган ушбу қувватлантириш воситалари муқобилларига қараганда бир қатор афзалликларга эга. Хусусан, улар бир дақиқа ичида тўла қувват олади. Қолаверса, бу батареяларни буклаш ҳам мумкин. Қувватлантириш сони эса 7500 мартадан ошган тақдирда ҳам у хусусиятини йўқотмайди. Таққослаш учун айтиш мумкинки, бунгача мавжуд бўлган литий-ион батареялари сифати юз бор қувватлантирилгандан кейин пасайиб боради.

Бандликка кўмаклашиш муассасасида қисқартириш
Германиянинг бандликка кўмаклашиш бўйича федерал агентлиги келгуси тўрт йил ичида ўзида мавжуд иш ўринлари сонини беш мингтага қисқартириш ниятида.
Шу тариқа, муассасанинг 2013 йилдан бери бекор қилган меҳнат шартномалари сони 17 мингтага етади. Изоҳланишича, айни пайтда мамлакатда бандлик масаласида жиддий муаммолар йўқ. Шу сабабли фуқаролар ишга жойлашишда агентлик мутахассисларининг хизматига эҳтиёж сезмаяпти.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Германияда ишсизлик даражаси 6,4 фоизга тушган. Бу сўнгги ўн йил ичида қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ҳамкорлик келишуви Йирик келишув »