Йил таҳлили натижалари
  • 03 Апрель 2015

Йил таҳлили натижалари

Буюк Британия миллий статистика бошқармаси ўтган йил якунлари бўйича мамлакат иқтисодиётига оид энг сўнгги хулосасини эълон қилди.

“Евроньюс” телеканали хабарига кўра, ушбу даврда ялпи ички маҳсулот ҳажми 2,8 фоиз ўсган (2013 йилда бу рақам 1,7 фоиз эди). Экспорт кўрсаткичи ҳам яхши томонга ўзгарган. Шунингдек, инвестиция миқдори 7,5 фоиз ошган бўлиб, бундай ҳолат 2007 йилдан буён биринчи марта қайд этилган.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, рақамларнинг аксарияти ижобийлигига қарамай, 2014 йилда Бирлашган Қиролликда бюджет тақчиллиги 5,5 фоиз ўсди.

Товон пули тўланади
Жанубий Корея ҳукумати ўтган йил апрель ойида мамлакатнинг жануби-ғарбий соҳиллари яқинида ҳалокатга учраган “Севоль” пароми қурбонлари оиласига товон пули тўланишини билдирди.
Бу ҳақда “Рейтер” ахборот агентлиги хабар тарқатди. Режага мувофиқ, ҳаётдан кўз юмган ва бедарак йўқолган, деб ҳисобланган 250 нафар мактаб ўқувчисининг яқинлари 420 миллион вондан (380 минг АҚШ долларидан) олади.
11 нафар ўқитувчининг оиласига боқувчисини йўқотганлиги учун
764 миллион вондан (қарийб 700 минг доллардан) берилади. Қолган йўловчиларнинг яқинларига эса даромади ҳамда ёшига қараб, 150 миллиондан 600 миллион вонгача маблағ ажратилади.
Ҳукумат, ўз навбатида, юқорида кўрсатилган маблағ миқдори суғурта ва жамоатчилик жамғармалари тўлови ҳисобидан икки бараварга ошиши мумкинлигини ҳам маълум қилди.

Эътиборини бошқа йўналишга қаратмоқчи
“Philips” компанияси (Нидерландия) лампалар ишлаб чиқариш бўлимининг 80,1 фоиз -акциясини “Go Scale Capital” компанияси (Буюк Британия)га сотишга қарор қилди.
Ушбу келишувнинг қиймати 2,6 миллиард еврога тенг бўлиб, мутахассисларнинг фикрича, бу кутилганидан анча юқори нархдир. Лекин бошқа жиҳатдан бўлим фаолияти бунга арзийди. Чунки ҳозир унинг иш жараёни ва даромад кўрсаткичлари қониқарли аҳволда. Масалан, ўтган йили 141 миллион евро миқдорида фойда олишга эришган.
Нидерландия компаниясининг лампалар бизнесидан воз кечишига сабаб шундаки, эндиликда у асосий эътиборини тиббиёт техникаси  ҳамда махсус электроника воситалари ишлаб чиқаришга қаратмоқчи.

Тўфон оқибати
Германия, Австрия, Швейцария ва Буюк Британия давлатларида мураккаб вазиятни келтириб чиқарган “Никлас” тўфони натижасида тўққиз киши ҳаётдан кўз юмди.
Лекин бу қурбонлар сони бўйича якуний маълумот эмас. Тўфон вақтида айрим жойларда шамолнинг тезлиги соатига 190 километргача етган. Поездлар қатнови вақтинча тўхтатилган. Гамбург шаҳрида 63 та, Франкфуртда эса 150 та авиарейс бекор қилинган. Баварияда минглаб уйлар электр таъминотидан узилиб қолган. Ҳозир Нидерландияда ҳам кучли шамол кузатилаяпти.

Энг фойдали футболчилар
“Football Observatory” агентлиги жорий мавсумда Европа мамлакатларининг энг кучли бешта чемпионатида фаолият юритаётган энг фойдали футболчилар рейтингини эълон қилди.
Ушбу рўйхат олтита мезон (дарвоза томон берилган зарбалар, жамоадошларига яратилган голли вазиятлар, ўзи иштирок этган голли ҳолатлар, тўп узатишдаги аниқлик, рақибларга прессинг ўтказиш ва якка курашлардаги маҳорат) асосида тузилган. Унга кўра, ҳужумчилар орасида биринчи ўринни Испаниянинг “Барселона” клуби аъзоси Лионель Месси эгаллади. Германиянинг “Бавария” жамоаси футболчиси Арьен Роббен иккинчи, ушбу давлатнинг “Вольфсбург” клуби вакили Бас Дост учинчи поғонани банд этди. Энг қизиғи, 2014 йил якунлари бўйича “Олтин тўп” соҳиби Криштиану Роналду ушбу рўйхатнинг 29-ўрнидан жой олган.


Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn