54 йилдан сўнг топилди
  • 11 Февраль 2015

54 йилдан сўнг топилди

 

 

 

Чили тоғларида бир гуруҳ альпинистлар бундан 54 йил аввал ҳалокатга учраган самолёт қолдиқларини топиб олишди.Манбада айтилишича, “Дуглас Ди-Си-3” русумидаги ушбу ҳаво лайнери маҳаллий “ЛАН” авиакомпаниясига тегишли бўлиб, 1961 йилнинг 3 апрелида қулаган эди. Афсуски, ўша вақтдаги қидирув-қутқарув ишлари бесамар кетган. Фожиа оқибатида самолёт бортидаги 24 йўловчи, жумладан, “Грин кросс” футбол жамоасининг саккиз нафар аъзоси ҳаётдан кўз юмгани маълум қилинган. Ҳозир лайнер қолдиқлари 3,2 минг метр баландликда турибди. Эҳтиёт чораси сифатида унинг аниқ манзили сир сақланмоқда.

Меҳнат бозорида ижобий кўрсаткич
Жорий йил АҚШ меҳнат бозори экспертлар кутганидан-да яхши бошланди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.
Гап шундаки, 2014 йилнинг сўнгги чорагида мамлакатда ялпи ички маҳсулот ўсиши суръати бирданига сусайган эди. Шундан келиб чиқиб, таҳлилчилар бу ҳолат бандликка салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини тахмин қилишганди. Аммо амалда бунинг акси бўлди. Яъни январь ойида 257 мингта иш ўрни яратилди.
АҚШ меҳнат бозоридаги вазиятнинг ўнгланишида хусусий сектор алоҳида аҳамият касб этаяпти.

Маблағни тежаб қолмоқчи
Германиянинг “Siemens” концерни мавжуд иш ўринлари сонини 7800 тага қисқартиришини маълум қилди. Бунга йирик саноат корхонасининг даромадлари ҳажми тушиб кетаётгани сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг сўнгги чорагида унинг соф фойдаси 25 фоиз камайган.
Айни пайтда “Siemens”да дунё бўйича 340 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилади. Штат жадвалидаги икки фоизлик қисқартириш ҳисобига келгуси икки йил ичида концерн 1 миллиард евро миқдоридаги маблағни тежаб қолмоқчи.

Тадқиқотчилар хулосаси
Буюк британиялик олимлар гриппдан сақланиш учун қабул қилинадиган замонавий вакциналар деярли фойда бермайди, деган фикрни илгари суришаяпти.
Чунки ҳозирги вируслар амалда қўлланилаётган эмлаш воситаларига нисбатан кучли. Мутахассислар ушбу йўналишда ўтган йили мамлакат ҳудудида тадқиқот олиб боришган эди. Таъкидланишича, бундай вакциналар аҳолининг атиги 3 фоизида ижобий таъсирини кўрсатиши мумкин. Бу жуда кам. Аслида эмлаш самарадорлиги  камида 50 фоизни ташкил этиши лозим. Шундагина уни амалга ошириш мантиқан тўғри бўлади.

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn