Ўзбекистон муваффақиятлари Брюсселда тақдим этилди
  • 09 Октябрь 2014

Ўзбекистон муваффақиятлари Брюсселда тақдим этилди

Яқинда Брюсселдаги “Ренессанс” меҳмонхонасининг тантанали қабул маросимлари залида “Ўзбекистоннинг истиқлол йилларида қўлга киритган муваффақиятлари” мавзуида тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тақдимотда мезбон мамлакатнинг федерал, ҳудудий вазирликлари ва маҳкамалари раҳбарлари, Европа Комиссиясининг расмий вакиллари, Европарламент ва Бельгия парламенти депутатлари, Шимолий Атлантика альянси, Европа Иттифоқи, Бельгияда аккредитациядан ўтган дипломатия ваколатхоналари, етакчи ишбилармонлар, экспертлар, жамоатчилик ва маданий доиралар вакиллари ҳамда  журналистлар ҳозир бўлди.
Тадбир чоғида қатнашчилар мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий жабҳалардаги муваффақиятларини ўзида акс эттирган муҳим ҳужжат, яъни давлатимиз раҳбарининг  Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 23 йиллигини тантанали нишонлаш маросимидаги табрик сўзи билан танишдилар. Қайд этилганидек, мустақиллик ўзбек халқига эркинлик ва озод ҳаёт берди, инсоний шаънимиз, миллий онгимиз, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимиз, қадрият ва урф-одатларимизни қайтариб бердики, у Ватанимиз тарихида ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган буюк неъматдир. Мамлакат тарихан қисқа даврда ўз кучи ҳамда салоҳиятига таянган, сарҳадлари, ўзининг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоялашга қодир бўлган, бугун изчил ҳамда барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган замонавий, мустақил ва суверен давлатга айланди.
Ўзбекистонда  олиб борилаётган демократик ислоҳотлар ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш чора-тадбирлари ҳамда бўлиб ўтадиган парламент сайловларини инобатга олган ҳолда, мамлакатда сайлов тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг бу борадаги сиёсати асосларини белгилаб берувчи қонунларга оид маълумотлар ҳам тадбир қатнашчилари эътиборига ҳавола этилди. Шу ўринда жорий йил 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари,  вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар дунёнинг демократик ривожланган давлатлари тажрибаси ўрганиб чиқилган ва қонуний тамойилларга асосланган ҳолда ўтказилиши таъкидланди.
Тақдимот чоғида Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ва унга аъзо мамлакатлар билан икки томонлама ўзаро манфаатли муносабатларини янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлиги алоҳида қайд этилди. Республикада  Европа Иттифоқи билан кенг қамровли масалалар юзасидан ўзаро ҳурматга асосланган ва томонларнинг манфаатларини инобатга олувчи узоқ муддатли ҳамда конструктив ҳамкорлик муносабатларини изчил ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилиши айтиб ўтилди.
Тадбирнинг расмий қисмида Европарламентнинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан ҳамкорлик делегацияси аъзоси, италиялик евродепутат Х. Дорфман ҳамда Бельгиянинг Лювен католик университети профессори Ю. Янссенс сўзга чиқди.
Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 23 йиллиги билан муборакбод этар экан,  Х. Дорфман қуйидаги фикрларни билдирди:
— Марказий Осиё ҳамда Буюк Ипак йўлининг юрагида жойлашган Ўзбекистон инсоният цивилизацияси тарихида муҳим ўрин тутган. Унинг замини савдо-иқтисодий алмашув, маданий қадриятлар ва илм-фан тарқатувчи халқаро транспорт артерияси сифатида хизмат қилган.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон халқаро майдонда ўзини ишончли ҳамкор сифатида намоён этибгина қолмай, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиш борасида ҳам аҳамиятга молик муваффақиятларни қўлга киритди. Сўнгги 10 йил ичида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиш суръати 8 фоиздан юқори бўлиб келаётганлиги ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарали эканлигидан далолат беради.
Ю. Янссенс ҳам Ўзбекистон қисқа муддатда иқтисодий, сиёсий ва демократик ривожланишда улкан натижаларни қўлга киритганини қайд этди.
— Мустақилликнинг илк йиллариданоқ республика раҳбарияти томонидан бой тарихий меросни ўрганиш, қайта тиклаш ва уни келажак авлодлар учун асраб-авайлашга катта эътибор қаратилди, — деди у. — Шу йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрнига бағишланган халқаро конференциянинг ўтказилгани ҳам бу фикримни яққол тасдиқлайди. Конференция чоғида Ислом Каримов томонидан тадқиқотларимга берилган юксак баҳо мени жуда тўлқинлантирди.
Бўлиб ўтган тақдимот маросими доирасида ўзбек миллий санъат усталарининг концерт дастури ҳам намойиш этилди.


«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn