«Ўзбекистондаги ноёб меъморий ёдгорликлар жаҳон ­маданиятининг ганжиналаридир»
  • 08 Октябрь 2014

«Ўзбекистондаги ноёб меъморий ёдгорликлар жаҳон ­маданиятининг ганжиналаридир»

Германиянинг Бонн, Мюнхен ва Оберхаузен шаҳарларида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган қатор маданий тадбирлар бўлиб ўтди. Мазкур тадбирлар мамлакатимизнинг Берлиндаги дипломатия ваколатхонаси, Бонн шаҳрида жойлашган Германия — Ўзбекистон дўстлик жамияти ва ­Германиянинг “Silk Road Company” ижтимоий-маданий ташкилоти ­ҳамкорлигида ташкил этилди.

 Германиянинг расмий, академик, ишбилармон ­доиралари ва жамоатчилик вакиллари, журналистлар ҳамда ГФР олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ушбу тантанали тадбирларнинг иштирокчилари бўлди.

Мазкур тадбирлар доирасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти уюштирилгани билан бирга, республикамизнинг тарихи ва замонавий ­тараққиёти ҳақида ҳикоя қиладиган ҳужжатли фильм ҳамда Тошкентдан келган “Мумтоз наво” мусиқа ­гуруҳининг маданий дастурлари ҳам намойиш ­этилди. Улар немис жамоатчилиги томонидан юқори баҳоларга лойиқ топилди. Тадбир иштирокчиларининг “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюлари ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

— Ўзбекистон улкан маданий-тарихий мероснинг соҳибидир, — деди “Kulturring in Berlin” ­маданий ташкилотининг директори Алина Пэтцольд. — Мамлакатингиз бағрида жойлашган ноёб меъморий ёдгорликлар жаҳон маданиятининг ганжиналари ҳисобланади. Шуниси диққатга сазоворки, юртингизда ушбу бебаҳо дурдоналарни авайлаб асраш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юксак сайёҳлик имкониятларига эга бўлган республикангиз учун туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу соҳа Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришдаги истиқболли йўналиш ҳисобланади, деб ўйлайман.

“Friedensdorf International” халқаро инсонпарварлик ташкилоти вакили Клаудии Пепмюллер эътироф этганидек, Оберхаузенда Ўзбекистон мустақиллиги байрамини нишонлаш яхши анъанага айланиб бораяпти.

— Биз кўп йиллардан бери соғлиқни сақлаш соҳасида юртингиз билан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, — деди у. — Қувонарли жиҳати шундаки, ўзаро ҳамкорлигимиз самарали кечаётир. Биз дунёнинг турли мамлакатларидан, шу жумладан, Ўзбекистондан ҳам бемор болаларни Германия шифохоналарида бепул даволанишларига кўмаклашамиз. Ўзбекистонлик болажонларга мустаҳкам саломатлик, бахту иқбол ва фаровонлик тилайман.

“AWO Munchen” хайрия ташкилоти ходими Майке Хессель мамлакатимизга бағишланган мазкур кеча қатнашчилар билан жуда гавжум бўлганлиги Германия жамоатчилигида ўзбек халқининг маданиятига нисбатан катта қизиқишнинг мавжуд эканлигидан далолат беришини таъкидлади.

— Мамлакатингиз сай­ёҳ­лик салоҳиятининг тақдимоти ҳамда ўзбек санъаткорларининг ашула ва рақслари бизда ­унутилмас таассуротлар қолдирди, — деди у.

— Бонн ва Бухоро ҳамкор шаҳарлар ҳисобланади, — дейди Бонн шаҳри маъмуриятининг халқаро ва глобал барқарорлик бошқармаси бошлиғи Штефан Вагнер. — Ўзаро шериклигимиз ҳамиша қизғин ва самарали бўлган. Ишончим комилки, Бонндаги ­Германия — Ўзбекистон дўстлик жамиятининг қўллаб-қувватлаши билан икки ҳамкор шаҳар ўртасидаги ўзаро муносабатлар бундан кейин ҳам тараққий топади. Сўнгги пайт­ларда икки томонлама муноса­батлар барча жабҳада ­фаоллашиб бораётганини кузатмоқдамиз.

— Мен Ўзбекистонни яхши кўраман, — дейди “Silk Road Company” ижтимоий-маданий ­ташкилоти директори Герхард Биркль. — Мамлакатингиз бўйлаб кечган кўплаб сафарларим натижаси ўлароқ, Ўзбекистон тарихи, маданияти, бой сайёҳлик салоҳияти ва ­замонавий тараққиётига оид электрон ахборот базасини тузганман. Умид қиламанки, бу ишим Европа жамоатчилигини Ўзбекистоннинг бой маънавий, илмий ва сайёҳлик салоҳияти билан таништириш ишига камтарона ҳисса бўлиб қўшилади.

 

«Жаҳон» АА.

Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Касаллик қайд этилди Эътирофдан мамнун »