Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти Берлинда тақдим этилди
  • 14 Июль 2014

Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти Берлинда тақдим этилди

Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонасида мамлакатимизнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти тақдимоти ўтказилди.

Элчихона ҳамда Шарқий ва Марказий Европа мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича немис ассоциацияси (OMV) ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Германия ишбилармон доиралари, давлат идоралари ва тижорат ташкилотларининг вакиллари ҳозир бўлди.
Тақдимот чоғида Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодий ривожланиши, саноат корхоналарини модернизациялаш ва технологик жиҳозлаш, сармоявий муҳитни янада яхшилаш юзасидан республикамиз ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий тараққиёти ҳамда инфратузилмаларни ривожлантиришга йўналтирилган давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши билан боғлиқ маълумотлар тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари фаолияти ва уларнинг истиқболлари, мазкур ҳудудларда хорижлик сармоядорлар учун яратилган имтиёз ҳамда қулайликлар тақдимот қатнашчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиши ҳам уларда катта таассурот қолдирди.
Шарқий ва Марказий Европа мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича немис ассоциациясининг (OMV) ижрочи директори Утэ Кохловски-Каджая мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиш суръатларига юқори баҳо берар экан, республикамизда чет эллик инвесторлар учун жозибали сармоявий муҳит яратилганини алоҳида таъкидлади.
Шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистон билан шериклик алоқаларини янада кенгайтиришга бўлган қизиқиш тобора ўсиб бораётгани, бундай интилиш кичик ва ўрта бизнес вакилларида кузатилаётгани тақдимот давомида бир неча маротаба айтиб ўтилди. Қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш учун Германия ишбилармон доиралари вакилларининг ўзбекистонлик шериклар билан алоқалар ўрнатишларига кўмаклашиш Шарқий ва Марказий Европа мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича немис ассоциациясининг устувор вазифалари сирасига киради.
“LEMKEN” компаниясининг минтақавий менежери Ян Возеик ўз компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти тўғрисидаги ахборотларни тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилди.
У мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилишини йўлга қўйган “LEMKEN Chirchiq” қўшма корхонасининг ишини ижобий баҳолади. “Уларга ўзбек фермерларида талаб катта эканлиги қувонарли ҳолдир”, деди Ян Возеик.
Тадбир чоғида “LEMKEN” компанияси томонидан пахта экадиган янги агрегат ишлаб чиқилгани ва у ҳозир республикамиз далаларида синовдан ўтказилаётгани маълум қилинди. Қайд этилишича, компания мазкур янги агрегатни яқин келажакда Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Қуйи Саксония федерал ерининг Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бирлашмаси раиси ўринбосари Вилли Оттинг Ўзбекистон билан самарали амалий шерикликни йўлга қўйишдан немис компаниялари манфаатдор эканлигини билдирди. У биогаз ускуналари ва қуёш модуллари ишлаб чиқарилиши, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш сингари соҳаларни ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қайд этди.
В. Оттинг юқорида тилга олинган соҳалардаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан ўзбекистонлик шериклар билан музокаралар ўтказиш мақсадида ўзи бошчилигида Германия ишбилармон доиралари делегациясининг мамлакатимизга навбатдаги сафарини уюштириш режалаштирилаётганини маълум қилди.
“VTG Rail Logistics Deutschland GmbH” компанияси вакили Карл-Хайнц Шмидт ўз чиқишида эътироф этганидек, Ўзбекистон улкан транспорт-транзит салоҳиятига эга. Компания вакили қишлоқ хўжалиги, саноат товарлари ва бошқа маҳсулотларни Европа ҳамда МДҲ мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон темир йўллари орқали ташиш юзасидан орттирган иш тажрибаларини атрофлича ўртоқлашди. У немис компанияларини изчил юксалиб бораётган Ўзбекистон билан барча соҳаларда фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.
“Papenburg International GmbH” компанияси директори Кристиан Вальтер “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан мулоқот чоғида ўз компаниясининг Ўзбекистонда қурилиш соҳасидаги фаолиятидан мамнун эканлигини айтди.
— Бугунги тақдимот немис ишбилармон доиралари вакилларига мамлакатингиз иқтисодий ривожланиши ва сармоявий имкониятларига доир батафсил маълумотлар билан танишиш учун жуда қулай имконият яратди, — деди у. — Намойиш этилган ҳужжатли фильм асносида Ўзбекистоннинг нафақат бой минерал-хом ашё, саноат ва интеллектуал салоҳияти ҳақида, балки унинг ноёб сайёҳлик имкониятлари тўғрисида ҳам атрофлича тасаввур ҳосил қилдик.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқини яқинлашиб келаётган миллий байрамингиз — давлат мустақиллигининг 23 йиллиги билан қутлашни истардим. Бизларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз узоқ йиллар давом этишига умид қиламан.
“Ingenieurburo Dachroth” инженерлик бюроси раҳбари Норберт Дахрот ҳам элчихонада ўтказилган ушбу тадбир фойдали ахборотларга бой бўлганини айтди. У Ўзбекистоннинг кейинги йилларда турли соҳаларда қўлга киритган диққатга сазовор муваффақиятларини алоҳида эътироф этиб ўтди.
— Мен яқиндагина Ўзбекистон бўйлаб сафарим чоғида бунга шахсан гувоҳ бўлдим, — деди у. — Умуман олганда, ўзбек шерикларимиз билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мен катта имкониятларни кўрмоқдаман. Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий алоқалар келажакда бундан ҳам чуқурлашади. Шу боис биз катта сармоявий имкониятларга эга бўлган мамлакатингиз билан биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришдан манфаатдормиз.
Ўзбек халқининг тобора яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами муносабати билан мамлакатингиз раҳбарияти ҳамда халқига ўзимнинг қутловларим ва энг эзгу тилакларимни йўллашдан бахтиёрман.
“RSW Holding GmbH” компанияси вакили Тереза Кремер ўз компанияси ишлатилган шиналарни таъмирлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланишини маълум қилар экан, бу иқтисодиёт, атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда экологик хавфсизликнинг таъминланиши нуқтаи назаридан Ўзбекистондаги манфаатдор шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун жуда истиқболли йўналиш эканлигини қайд этди.
— Бугунги тақдимот маросими Ўзбекистоннинг жуда барқарор мамлакат ва сармоя киритиш учун ишончли шерик эканлигини яна бир карра намойиш этди, — деди у.

 

«Жаҳон» АА.
Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn