«Тошкент халқаро анжуманининг амалий самаралари, ҳадемай, кўзга ташланади»
  • 19 Июнь 2014

«Тошкент халқаро анжуманининг амалий самаралари, ҳадемай, кўзга ташланади»

Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференция қатнашчиси — Словакия савдо ва сармояни ривожлантириш агентлиги (SARIO) менежери Павел Чобирка ўз ватанига қайтиб борганидан сўнг, ушбу форум натижалари юзасидан “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида қуйидаги фикр-мулоҳазаларни баён қилди:

— Ўзбекистон шундай муҳим халқаро конференцияни ўтказиб, нафақат мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳаси тараққиёти, балки унинг экспорт салоҳияти кенгайиши йўлида ҳам яна бир муҳим қадам ташлади, деб ўйлайман.    

Президент Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилаётган изчил сиёсат натижасида -мустақил тараққиёт йиллари давомида Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида улкан муваффақиятларга эришилди. 

Фикримча, бундай конференциянинг ўтказилиши Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ривожланиши янги босқичининг ибтидоси бўлиб қолади, чунки халқаро форум натижалари республиканинг аграр жабҳасини модернизациялашда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур халқаро тадбир ўзбекистонлик ва хорижлик олимлар, эксперт, муҳандис, тадбиркорлар ҳамда давлат идоралари мутасаддилари учун озиқ-овқат саноати соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама этиш борасидаги муҳим имкониятлар майдони бўлди. 

Масалан, Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Словакияда мева ва сабзавотларни бир йилда фақат бир марта етиштириш мумкин. Иккинчи томондан, Словакия ўзининг қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўлланиладиган замонавий технологиялари билан дунёга танилган. Демак, Словакияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт, Ўзбекистонга эса мамлакатимиздан замонавий технологияларни экспорт қилиш имконияти мавжуд. Бу конференция чоғида анжуман қатнашчилари билан муҳокама қилган масалалардан биргина мисол, холос.

Шу боис сўзим охирида Тошкент халқаро анжуманининг амалий самаралари, ҳадемай, кўзга ташланади, дея ўзимнинг комил ишончимни изҳор қилишни истар эдим.

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn