Маҳалла институтининг Америка Қўшма Штатларидаги тақдимоти
  • 13 Июнь 2014

Маҳалла институтининг Америка Қўшма Штатларидаги тақдимоти

Вашингтонда “Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари — фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашнинг муҳим механизми” мавзуидаги халқаро илмий-амалий давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда маҳалла институтининг тараққиёти мисолида Ўзбекистоннинг фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича тажрибаси кўриб чиқилди. Тадбир ишида АҚШ Давлат департаменти, Жорж Вашингтон университети, Карнеги жамғармаси, Жаҳон банки, Америка илм-фанни ривожлантириш уюшмаси ва ОАВ вакиллари қатнашди.

Учрашув Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси томонидан Жорж Вашингтон университети билан ҳамкорликда уюштирилди.

Қайд этиш жоизки, дипломатия муносабатлари ўрнатилганидан буён Ўзбекистон ва АҚШ турли соҳаларда ўзаро ҳамкорлик бўйича салмоқли салоҳият ва конструктив тажриба тўплади. Бугунги кунда 60 дан зиёд ҳукуматлараро ва идоралараро битимлардан иборат мустаҳкам шартнома-ҳуқуқий база яратилган. Доимийлик хусусиятига эга бўлган ўзаро мулоқот ва муносабатларни сермаҳсул ривожлантиришга муштарак интилишларнинг мавжудлиги туфайли Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда жадал тараққий этмоқда.

Ўзбекистон делегациясининг Вашингтонга бу галги сафари ҳам томонларнинг яқин ва кўп қиррали ҳамкорликдан чуқур манфаатдор эканлигини яққол тасдиқлади. Фуқаролик жамияти институтларини, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мавзуи кўпгина давлатлар учун, шу жумладан, АҚШ учун ҳам долзарб аҳамиятга эгадир.

Давра суҳбатининг америкалик иштирокчилари асрлар давомида ўзбек халқига хос анъана ва қадриятларни мужассамлаштириб келаётган маҳалла институти билан батафсил танишдилар. Мустақиллик йилларида унинг жамият ҳаётидаги ўрни изчил ортиб бораётгани алоҳида эътироф этилди. Республика раҳбарияти томонидан маҳаллалар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларга юклатилган вазифалар кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан яқин ҳамкорликни таъминлашга қаратилаётган эътибор ўз маҳсулини бераётир.

Тадбир қатнашчилари фуқаролар йиғинларининг миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, кенг доирадаги ижтимоий ва турмуш масалаларини ҳал қилиш, хусусан, аниқ мақсадга йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатишдаги ўрнини алоҳида таъкидладилар.

Давра суҳбати чоғида қайд этилганидек, ижтимоий жавобгарлик маҳалла амалга оширадиган вазифаларга хос бўлиб, у маҳалла фаолиятининг кенг кўламлилигида намоён бўлади. Хусусан, маҳаллалар фаолияти барча соҳаларда фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, оилавий бизнесни ривожлантириш, иш ўринлари яратилишида иштирок этиш, ёшларни жамият ҳаётига жалб қилиш ва уларнинг кўникма орттиришларига кўмаклашиш каби вазифаларни қамраб олади. Булар ҳар бир фуқаролик жамияти институти тараққиётининг пойдевори бўлиб, демократик жамият қуриш йўлида давлат олдида турган вазифаларнинг тўлақонли тарзда ҳаётга татбиқ этилишини таъминлайди.

Тадбир иштирокчиларининг фикр билдиришича, ўзини ўзи бошқаришдаги бундай шаклнинг бетакрор хусусияти шундан иборатки, у ўзбек халқининг азалий манфаатларини ва анъаналарини акс эттиради, фуқаролар ва жойлардаги ижро ҳокимияти ўртасида муҳим алоқа воситаси сифатида хизмат қилади. Ўзига хос ижтимоий марказ бўлган маҳалла Ўзбекистонда турли жабҳаларда, шу жумладан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотларнинг амалга оширилишида уларни жадаллаштирадиган омил бўлиш учун катта салоҳиятга эгадир.

Сафар доирасида АҚШ Конгресси, Давлат департаменти, Жеймстаун жамғармаси, Нью-Йорк давлат университети, Миллий демократик институт ва Нотижорат ҳуқуқи бўйича халқаро марказда ҳам учрашувлар ўтказилди. Мазкур учрашувлар чоғида тақдим этилган “Ўзбекистонда маҳалла институти: тарихий тажриба ва ҳозирги кун” ҳужжатли фильми ҳамда “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари” китоби Америка вакилларида катта қизиқиш уйғотди.

АҚШ Вакиллар палатаси конгрессмени Дана Рорабахер маҳаллага аҳоли кундалик ҳаётида анъанавий тарзда муҳим ўрин эгаллаган ва эгаллаб келаётган ижтимоий ўзини ўзи бошқариш институти сифатида таъриф берди. Шу маънода, маҳалла институти салоҳиятидан самарали фойдаланиш аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва мамлакатда миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири сифатида хизмат қилади.

— Маҳалла замонавий реалликка мослашган, анъанавий қадриятларни ҳам, замонавий фуқаролик жамияти хусусиятларини ҳам ўзида мужассамлаштирган бетакрор институт ва аҳолининг аниқ мақсадли ижтимоий муҳофазасини таъминлаш бўйича сиёсатни амалга оширишда муҳим бўғин ҳисобланади, — деди АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Лесли Вигери. — Америка томони фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалаларига катта аҳамият беради ва шу маънода маҳаллий ўзини ўзи бошқариш институтларига жойларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир муассасалар сифатида қарайди. Ўзбекистонда бу борадаги фаолият маҳалла тимсолидаги яхлит орган сифатида ягона тизимга келтирилган бўлиб, бу маҳаллий даражада белгилаб олинган вазифаларни самаралироқ тарзда амалга ошириш имконини яратади.

Нью-Йорк давлат университети профессори Парвиз Морвижнинг фикрича, ўзбек маҳалласи ноёб ҳисобланади, чунки у алоҳида шахслар, оилалар, жамоалар ва халқларни жамиятга бирлаштиради. Маҳалла алоҳида инсон, жамият ва давлат ўртасидаги боғловчи бўғин, улар бирдамлигининг воситасидир. Анъаналарга асосланган демократиянинг идеал тушунчаси ҳам айнан шундан иборатдир.

— Маҳалла фуқаролар ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ўртасидаги беқиёс воситага айлана олди, унинг ёрдамида ўзаро алоқа амалга оширилади. Мазкур институтнинг ўзига хос жиҳати шундаки, маҳалла, биринчи навбатда, доимий мулоқотни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий хусусиятга эга масалаларни аниқлаш ва дарҳол ҳал қилиш учун имконият яратади, — деб ҳисоблайди АҚШ Давлат департаментининг Европа ва Евроосиё мамлакатларига ёрдам кўрсатиш бўйича координатори ёрдамчиси Ричард Стоддард.

Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиё дастури директори М. Ларюэль маҳалла институти Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилаётган халқлар бағрикенглигининг рамзи саналади, дея фикр билдирди. Асрлар давомида маҳаллаларда шаклланган тарихий жиҳатлар, маданий қадриятлар Ўзбекистонга бугунги кунда миллат бирдамлиги ва жамиятдаги барқарорликнинг асосий омилига айланиб бораётган бетакрор меросни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришга имкон бермоқда. Бугун маҳалла мамлакат аҳолисини ўз атрофида жипслаштириб, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қодир асосий интеграция кучига айланаётир. Фуқаролар ва давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги “кўприк” бўлгани ҳолда, маҳалла миллати ҳамда эътиқодидан қатъи назар, аҳоли барча қатламларининг манфаатларини ҳимоя қилувчи ва таъминловчи институтга айланаяпти.

— Маҳалла институтининг такомиллашуви мамлакат раҳбариятининг фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалаларига нисбатан фундаментал ва тизимли ёндашувидан далолатдир, — деди Миллий демократик институтнинг фуқаролик иштироки масалалари бўйича директори А. Ацелтон. — Ўзбекистонда айнан аҳоли томонидан қўллаб-қувватланадиган ва инсонларнинг умид-ишончларига мос келадиган демократик институтни ривожлантириш бўйича чуқур ва пухта ўйланган сиёсат ҳаётга татбиқ этилаётир. Шу нуқтаи назардан, маҳалла Ўзбекистонда ҳаққоний демократик ўзгаришларни амалга оширишнинг самарали механизми ва фуқаролик жамиятининг тизимли элементи сифатида намоён бўлмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, ўтказилган тадбирлар америкалик олим ва экспертларнинг маҳалла институтининг самарали фаолиятини таъминловчи ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш бўйича мамлакатимиз тўплаган тажрибани ўрганишга нисбатан улкан қизиқишини намоён этди. АҚШ вакилларининг якдил фикр билдиришларича, бўлиб ўтган учрашувлар хорижий эксперт-таҳлил доираларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, фуқаролик жамияти асосларининг мустаҳкамланиши ва ўзини ўзи бошқариш органларининг ушбу жараёндаги ўрни тўғрисидаги билимлари ортишига кўмаклашади.

«Жаҳон» АА.

Вашингтон — Нью-Йорк

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn