Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади
  • 30 Январь 2018

Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади

Халқимиз орасида “Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади” деган пурмаъно ҳикмат юради. Яқинда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Жаҳон озиқ-овқат дастури вакиллари томонидан берилган маълумотлар ана шу нақл нақадар ҳақиқат эканлигини яна бир бор исботлади. 

Гап шундаки, мазкур ташкилотлар томонидан урушлар, зиддиятлар туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ ўткир муаммоларга дуч келаётган мамлакатлар рўйхати тузилди. Ундан Яман, Жанубий Судан, Сурия, Ливан, Марказий Африка Республикаси, Сомали, Украина каби давлатлар жой олди. Масалан, биргина Украинанинг ўзида 1,2 миллион киши озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда. Бу мамлакат аҳолисининг 26 фоизини ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2016 йилда дунё бўйича очиликдан азият чекаётган сони 815 миллион кишига етгани ҳақида маълумот берганди. Ваҳолонки, 2015 йилда уларнинг миқдори 777 миллион нафар эди.

 Мутахассисларнинг айтишича, рақамлардаги кўпайиш дунёда ўзаро қарама-қаршиликлар сони ва суръати ортиши билан боғлиқ. Ҳақиқатан ҳам, оч қолаётган одамларнинг асосий қисми уруш бўлаётган мамлакатлар фуқароларидир. Уларнинг сони 489 миллионга тенг. БМТнинг хулосасига кўра, қарама-қаршиликларнинг олдини олиш ва уларга ечим топиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинмас экан, очлик билан боғлиқ муаммони бартараф этиб бўлмайди. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn