Лаод Камолуддин: «Юртингизда улуғ аллома ва мутафаккирлар меросига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром таҳсинга сазовордир»
  • 03 Июнь 2014

Лаод Камолуддин: «Юртингизда улуғ аллома ва мутафаккирлар меросига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром таҳсинга сазовордир»

15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференция якунлари мамлакатимизнинг Жакартадаги дипломатия ваколатхонасида Индонезия университетлари форумининг раиси Лаод Камолуддин билан бўлиб ўтган учрашув чоғида муҳокама қилинди.

У шундай муҳим халқаро конференцияда иштирок этишга таклиф қилингани ҳамда нафақат Осиёнинг, балки бутун дунёнинг энг гўзал мамлакатларидан бирига бориш имконияти яратилгани учун самимий миннатдорлик изҳор этди. Олимнинг фикр билдиришича, ўзбек халқи ўз аждодлари — замонавий илм-фан ва цивилизация тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган буюк олимлари ва мутафаккирлари билан фахрланишга ҳақлидир. 
Лаод Камолуддиннинг қайд этишича, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий, ал-Беруний, ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек қаламига мансуб илмий асарлар бутун дунё ҳамжамияти учун узоқ йиллар давомида тиббиёт, математика, алгебра, астрономия, география, геодезия ва бошқа йўналишларда “йўлларни ёритгувчи машъала” сифатида хизмат қилди.
Шунингдек, индонезиялик олим Ўзбекистоннинг иқтисодий, маданий ва ижтимоий соҳаларда қўлга киритган муваффақиятларини ҳам юқори баҳолади.
— Тошкент замонавий мегаполисида ва кўҳна Самарқанд шаҳрида бўлган чоғларимда истеъдодли ўзбек ёшлари билан суҳбат қурар эканман, маънавий меросни авайлаб асраш ҳамда ўсиб келаётган авлод вакилларини кўп асрлик миллий анъаналарга ҳурмат-эҳтиром ва садоқат руҳида тарбиялаш юзасидан мамлакатингиз олиб бораётган сиёсат нақадар тўғри эканлигига яна бир бор амин бўлдим, — деди у. — Юртингизда таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилгани, Шарқнинг улуғ аллома ва мутафаккирлари ҳамда давлат арбоблари сиймоларига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди. Мен Самарқанддаги тарихий меъморий обидалар орасида мадрасалар кўп эканлигини пайқадим. Бу юртингизда азал-азалдан, яъни ўзбек халқи ҳаётида тарихан илм-фанга эътибор катта бўлганидан далолат беради. Темурийлар тарихи Давлат музейи билан танишув ҳам менда катта қизиқиш уйғотди. Унинг пештахталаридан буюк сулола даврига оид жуда кўп осориатиқалар жой олган. Қисқача айтганда, мамлакатингиздан олам-олам таассуротлар олиб қайтдим.
Учрашув якунида Лаод Камолуддин Индонезия университетларидан бирида “Ўзбекистон бурчаги” ташкил қилишни режалаштираётганини айтди. У, шунингдек, Ўзбекистон ва унинг тарихи, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк олим ва мутафаккирлар ҳақида китоб ёзиш ниятида эканлигини ҳам маълум қилди.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn