Ўзбекистон — ажойиб сайёҳлик йўналиши
  • 07 Июль 2017

Ўзбекистон — ажойиб сайёҳлик йўналиши

Ўзбекистон дунё мамлакатлари сайёҳлари учун севимли туристик йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. Испания оммавий ахборот воситалари кейинги пайтларда юртимизнинг сайёҳлик имкониятлари мавзуига тез-тез мурожаат қилиши айнан шундан далолат.

Масалан, Испаниянинг «Экстремадура» радиоканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган навбатдаги радиоэшиттиришини тингловчилар эътиборига ҳавола қилди. 

«Барча йўллар» радиодастури туркумининг бошловчиси Кармен Эрнандес Ўзбекистонга сафар Буюк Ипак йўлининг юрагига саёҳат билан баробар эканлигини таъкидлаб, кўҳна Шарқнинг эртакмонанд шаҳар ва кўчалари бўйлаб сайр қилиш имкониятлари ҳақида атрофлича тўхталди. Шарҳловчининг изоҳ беришича, Ўзбекистон ҳудудидан ўтган трансконтинентал йўналиш бу ерда йирик савдо, маданий ҳамда илмий марказлар, Ипак йўлининг том маънодаги ганжиналари — Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларининг шаклланишига кўмаклашган. «Бу тарихий шаҳарлардаги яхши  сақланган меъморий ёдгорликлар афсонавий Шарқ ихлосмандларини ҳайратга солишда давом этмоқда», деди у.

Замонавий Ўзбекистон ҳақидаги билим ва таассуротларини ўртоқлашар экан, испаниялик журналист мамлакатимизга «Марказий Осиёнинг юраги, минтақадаги барқарорлик ҳамда фаровонликнинг ўчоғи», дея таъриф берди. Алоҳида қайд этдики, Ўзбекистон аҳли ўзининг меҳмондўстлиги ва бетакрор миллий ошхонаси билан ажралиб туради. Бу омиллар эса хорижлик саёҳатчиларни оҳанрабодек тортмоқда.  

Радиодастурда Испаниянинг EVANEOS халқаро сайёҳлик агентлиги ваколатхонаси маркетинг бўйича директори Габриэла Мединанинг туризм мутахассиси сифатидаги фикрлари ҳам тингловчиларни бефарқ қолдирмади. У Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга чиқишни таклиф этар экан, мамлакатимизнинг бой тарихи, маданияти, меъморий ёдгорликлари ҳамда ноёб анъаналари ҳақида тўлқинланиб гапирди. 

«Европада, жумладан, Испанияда кўпчилик мумтоз маданият муҳитига «шўнғиш»ни истайди. Шу нуқтаи назардан ҳам Ўзбекистон бўйлаб саёҳат айни муддаодир. Ўзбеклар заминига бориб келган испанияликлар билан суҳбатлашсангиз, улар саёҳатдан унутилмас ва ижодий таассуротлар, ҳис-туйғуларга тўлиб-тошиб қайтганини билиб оласиз. Сабаби шундаки, Ўзбекистон нафақат Буюк Ипак йўлининг маданий ҳамда меъморий мероси ганжинаси, балки жуда меҳрибон, очиқкўнгил, меҳмондўст халққа эга бўлган мамлакат ҳамдир. Ўзбеклар бағрикенгликнинг энг яхши анъаналари ҳамда маданиятини ўзида сақлаб қолган», дея таъкидлайди халқаро сайёҳлик агентлиги вакили. 

Юқоридагилар билан бирга, радиотингловчилар мамлакатимизнинг Мадриддаги элчихонасида Ўзбекистонга виза олишнинг соддалаштирилган тартиби амалда эканлиги, юртимиз бўйлаб энг мақбул сайёҳлик йўналишлари, миллий ошхонамиз, халқ амалий санъати буюмларини харид қилиш имкониятлари ҳақидаги маълумотлар билан ҳам таништирилди. 

Эшиттириш якунида эса «Ўзбекистон хорижлик саёҳатчиларни кутиб олиш учун барча қулайликка эга. Ишонтириб айтаманки, сизнинг мазкур мамлакатга сафарингиз кутилмаган, ажойиб таассуротларга бой бўлади», деди Габриэла Медина.

«Жаҳон» АА.

Мадрид

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn