«Jamestown Foundation»: Ўзбекистон Афғонистонда барқарорликнинг тикланишида фаол қатнашади
  • 30 Июнь 2017

«Jamestown Foundation»: Ўзбекистон Афғонистонда барқарорликнинг тикланишида фаол қатнашади

АҚШнинг нуфузли тадқиқот марказларидан бири “Jamestown Foundation” ташкилотининг порталида “Ўзбекистон Афғонистонга ёндашувини ўзгартирмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда ҳозирги кунда Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Марказий Осиёда самарали ва конструктив минтақавий сиёсат олиб бораётгани таъкидланади. Мамлакатимизнинг Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон билан -муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этаркан, -Тадқиқот маркази расмий Тошкент томонидан Афғонистон билан ҳам алоқаларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо беради.

“Ушбу мамлакат билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш Ўзбекистон раҳбариятининг турли даражадаги алоқаларни йўлга қўйиш борасида янгича қарашларга эга эканининг натижасидир, — деб ёзади “Jamestown Foundation”. — Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг афғон ҳамкасби билан тўғридан-тўғри шахсий, шу жумладан, халқаро форумлар саҳнасидаги алоқасини ёқлайди”. 

Шу ўринда иккала давлат раҳбарининг жорий йил 8 июнь куни бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Остона саммити доирасидаги барча йўналишда шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган учрашуви ёдга олинади.

Марказ, шунингдек, 2017 йил январь ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Кобулга ташриф буюргани ва Афғонистон раҳбарияти билан музокаралар олиб боргани ҳақида тўхталади. “Мазкур ташриф Тошкент Афғонистон Ислом Республикасини таҳдидлар манбаи, деб эмас, балки трансчегаравий савдо, гуманитар ҳамда маданий алоқаларни кенгайтириш имкониятларига эга ҳудуд, энергетика, инфратузилма ва транспорт соҳаларидаги ўзаро манфаатли минтақавий дастурларни амалга оширишда фаол қатнашувчи давлат, деб билишини яққол намоён этди”.

Ўзбекистоннинг мазкур давлат билан алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масаласида қатъийлигининг яна бир мисоли сифатида жорий йилда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили лавозимининг ташкил этилганига эътибор қаратилади. “Jamestown Foundation” мутахассисларининг эътироф этишларича, “Бу расмий Тошкентнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш бўйича -халқаро саъй-ҳаракатларда фаол ўрин тутишини намоён қилади”.

Мақолада Ўзбекистон ташқи савдо вазири Элёр ўаниевнинг сўзларидан иқтибос келтирилиб, иккала мамлакатда ҳам ўзаро товар айланмасини айни кундаги 500 миллион АҚШ долларидан 2017 йилнинг охирига қадар 1 миллиардга етказиш учун барча имконият мавжудлиги ҳақида хабар берилади.

“Шу йилнинг январь ойида Кобул шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилди ва бу ерда мунтазам равишда Афғонистонга шимолий қўшни давлатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилади, — дейилади мақолада. — Дарвоқе, Ўзбекистон Афғонистон билан темир йўл орқали боғланган ягона давлат ҳисобланади ҳамда бу йўл орқали ўлкага нефть ва газ саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги техникалари, дори-дармонлар ва бошқа товарлар етказиб берилади”.

Экспертлар марказининг хулосасига кўра, Ўзбекистонда Афғонистон билан боғлиқ бўлган турли лойиҳаларда фаол қатнашиш учун улкан салоҳият мавжуд. Шу ўринда Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон газ қувури ўтказилиши лойиҳасига Ўзбекистонни жалб қилиш ҳақидаги яқинда баён этилган Туркманистоннинг таклифи тилга олинади. Жумладан, “Jamestown Foundation” “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси газ қувурлари оператори сифатида фаолият олиб бориши мумкин, деб ҳисоблайди.

“Тошкент Туркманистон — Ўзбекистон — Қозоғистон — Хитой газ қувури қурилишида орттирилган улкан тажрибага эга, — дейилади мақолада. — Айни пайтда ўзбек компаниялари иштирокида Афғонистонда учта йўналиш қурилган”. 

Шундан келиб чиққан ҳолда, америкалик мутахассислар хулосасига кўра, Ўзбекистон ушбу мамлакатда яна битта кенг кўламли лойиҳани амалга ошириши учун етарли тажриба ва кўникмага эгадир.

«Жаҳон» АА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn