Ташаббус, изланиш, натижа
  • 02 Май 2014

Ташаббус, изланиш, натижа

Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес субъектлари ички бозорни импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшиб, ўзларининг иқтидори ва салоҳиятини намойиш этмоқдалар. Наманган шаҳридаги “Ифтихор кийим саноат” масъулияти чекланган жамиятининг раҳбари Анна Добрихнинг фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади.

Гап шундаки, изланувчан ва ғайратли бу аёл Президент соврини учун ўтказилган “Ташаббус — 2014” кўрик-танловининг якуний босқичида “Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича ғолиб чиқиб, олтин медаль, биринчи даражали диплом, “Пегас” статуэткаси ҳамда “Spark” автомашинаси билан тақдирланди.     

Таъкидлаш жоизки, Наманган вилояти иқтисодиётида енгил саноатнинг ўзига хос ўрни бор. Чунки маҳаллий тикувчилик корхоналарида тайёрланаётган турфа кийим-кечаклар нафақат замонавий талабларга тўла жавоб бериши ва бежиримлиги билан алоҳида ажралиб туради, балки улар ташқи бозорда ҳам харидоргирдир.

Айтайлик, соҳа етакчиларидан бири бўлмиш “Ифтихор кийим саноат”нинг беш турдаги маҳсулотлари аллақачон хориж бозорларига ҳам кириб борди.
Корхонанинг бундай муваффақиятга эришишида, албатта, ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар татбиқ этилаётгани, хусусан, модернизациялаш тадбирларига алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Масалан, бундан икки йил аввал таъсисчилар банкдан олинган 554 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредитга ўзларининг  200 миллион сўмдан зиёд маблағини қўшиб, хориждан энг сўнгги русумдаги тикувчилик технологиясини харид қилишди. Қатор ривожланган давлатларда тайёрланган ушбу ускуналар қулайлиги, либослар андозасини олишдан дазмоллашгача бўлган жараённи тезкор ва пишиқ бажариши туфайли жамоа учун янги имкониятлар эшигини очиб берди. Улардан унумли фойдаланган чеварлар эса бир нечта янги моделлар яратишди. Пировардида харидорларга тақдим этилаётган кийим-кечаклар тури қирқтадан ошди. Шунга мос равишда буюртмачилар сони ҳам икки-уч баробар кўпайди.                

— Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга муносиб улуш қўшаётган тадбиркорлик субъектларининг кўпайиб бораётгани замирида, энг аввало, соҳа вакилларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани мужассам, — дейди жамият раҳбари Анна Добрих. — Биз ҳам ана шундай эътибор ва имкониятдан оқилона фойдаланиб, шу даражага етдик. Бугун тикув дастгоҳларини моҳирлик билан бошқараётган йигит-қизларга қараб, ҳавасингиз келади. Негаки, ускуналаримизнинг аксарияти компьютерлаштирилган бўлиб, унда ишлаётган ёшларнинг билими, уқув ва ғайрати ҳам шунга яраша-да.

Муттасил изланиш, ишга янгиликларни дадиллик билан қўллаш тадбиркорга ҳамиша омад келтиради. Корхонада амалга оширилган модернизациялаш тадбирларидан сўнг бу ерда меҳнат қилаётганлар сони 96 кишига етгани, ишлаб чиқариш ҳажми уч ҳисса ортиб, ўтган йили икки миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрлангани бунинг тасдиғидир.

Ички бозорга чиқарилаётган кийим-кечакларнинг аксарияти “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси, “Асака” банки, ”Ҳамкорбанк” сингари буюртмачи ташкилотларга етказиб берилмоқда. Қолаверса, ўтган йили 580 минг АҚШ долларилик маҳсулот ташқи бозорга сотилди. Бу йилги мақсад  мазкур кўрсаткични 2 миллион АҚШ долларига етказишдан иборат.

— “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида, — дейди Анна Константиновна, — қиймати 30 минг АҚШ долларилик истиқболли лойиҳа ижросига киришдик. Уни рўёбга чиқарсак, жинси матолари ва тайёр маҳсулотлар тикишни бошлаймиз.

Дарҳақиқат, ишбилармонлик ортидан ўз бахтини топган Анна Добрих ва у раҳбарлик қилаётган жамоа аъзолари бу йил янада юксак чўққиларни забт этишга астойдил интилмоқдалар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn