Ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди
  • 06 Апрель 2017

Ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифига тайёргарлик доирасида 3 апрель куни мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги элчихонасида савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлиги соҳасида Ўзбекистон — Россия муносабатларини янада кенгайтириш ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳар икки мамлакатнинг ваколатли вакиллари савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳасида умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 16 та икки томонлама битим, шартнома ва бошқа ҳужжатларни имзолади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Россиянинг Улгуржи-тақсимлаш марказлари миллий ассоциацияси, Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси, «РУСУЗХОЛДИНГ» масъулияти чекланган жамияти, «Сибир-ский Альянс» компаниялар гуруҳи ва «Фуд Сити» улгуржи-чакана озиқ-овқат маркази ҳамда бошқа компаниялар билан англашув меморандумлари имзолади.

Имзоланган ҳужжатлар, аввало, Ўзбекистон маҳсулотларини Россияга етказиб беришни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни молиялаштириш, импорт қилувчи компаниялар вакилларининг мамлакатимизга ташрифларини ташкил этиш, қўшма бизнес-форумлар, кооперацион биржа ва бошқа тадбирлар ўтказиш, кўргазма ҳамда ярмаркаларда иштирок этиш, ишончли шериклар топиш, маркетинг тадқиқотлари ва бошқа тадбирларни амалга ошириш орқали Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштиришга кўмаклашишга қаратилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти ҳажмини кўпайтириш мақсадида Жамғарма томонидан Россия бозорларига қиймати қарийб 25 миллион АҚШ долларига тенг тўқимачилик, мева-сабзавот, озиқ-овқат ва кабель маҳсулотлари етказиб -бериш бўйича экспорт шартномалари тузилган. 

Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон бозорига 180 турдан ортиқ мева-сабзавот ва улардан тайёрланган маҳсулотларни етказиб бермоқда. Сўнгги уч йилда хорижий давлатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳажми уч баробардан ошди. 2016 йилда Жамғарма таъсисчилигида ташкил қилинган агрофирмалар Россияга қиймати 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилган. 

Мамлакатимизда етиштирилаётган маҳсулотларнинг экспорт кўламини кенгайтириш мақсадида Жамғарма 2016 йилда Москва ва Уфа шаҳарларида ўз ваколатхоналарини очди. Ушбу ваколатхоналар маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, мамлакатимизда тайёрланган маҳсулотлар учун харидорлар топиш, ташқи бозорларда Ўзбекистон брендини оммалаштириш, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг кўргазма, ярмарка, тендер савдолари ва бошқа тадбирларда иштирок этишига кўмаклашиш, чет эллик импортчиларнинг мамлакатимиз маҳсулот етказиб берувчилари билан музокаралар ўтказиши учун ташрифлар ташкил қилиш, халқаро сертификат, лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар олишга кўмаклашиш, Ўзбекистон саноат корхоналари мутахассисларининг хорижий давлатларда малака оширишини ташкил этиш ҳамда бошқа тадбирларни амалга оширади.

Икки давлат ишбилармон доиралар вакилларининг учрашувлари мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, инвестициялар жалб қилиш, қўшма корхоналар тузиш, товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилади.

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn