Сифатли ва харидоргир
  • 01 Апрель 2017

Сифатли ва харидоргир

Мамлакатимизда ҳар йили кўплаб янги ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилиб, иқтисодиёт тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари таъминланаяпти. Бу қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити яратилгани туфайлидир.

Тақдим этилаётган имтиёзлар, айниқса, кичик бизнес субъектларини янги марралар сари руҳлантирмоқдаки, пировардида уларнинг ғайрат-шижоати боис ички бозор импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдирилаётир. Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Best poultry” корхонаси шундай илғор ишлаб чиқариш субъектлари сирасига киради. 

Парҳез гўшт етказиб беришга ихтисослаштирилган ушбу корхонанинг иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Яқинда икки йил тўлади. Шу қисқа давр ичида сифатли маҳсулотлари билан мижозлар ишончини оқлаб, бозордан мустаҳкам жой эгаллашга улгурди.

Дарҳақиқат, бозору дўконларда “Safi” савдо белгиси остида тақдим этилаётган товуқ гўштига талаб кучайган. Буни корхонанинг 70 кишилик аҳил жамоаси амалиётга халқаро стандартлар талабларига тўла жавоб берадиган энг замонавий технологиялар жорий этилиб, экологик тоза ва юқори сифатли маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилгани билан изоҳлашмоқда. Яъни парранда сўйилган куниёқ савдо расталарига чиқарилади. Шу боис унинг таркибидаги турли дармондорилар, микроэлемент ва бошқа фойдали моддалар, ҳатто, намлиги  ҳам тўлиқ сақланиб қолади. Ундан тайёрланган таом эса мазали бўлади.

— Товуқ гўштини тайёрлашда ветеринария врачи иштирок этиб, жараённи мунтазам равишда кузатиб боради, — дейди “Best poultry” корхонаси раҳбари Қаҳрамон Нарсулаев. — Мақсад аҳолига импорт ўрнини босувчи юқори сифатли гўшт маҳсулоти етказиб беришдир. Биз тақдим этаётган парранда гўшти, айниқса, соғлом овқатланиш тарзига одатланган истеъмолчиларга манзур бўлиб, унга талаб ортмоқда.

Корхона жамоаси бозор эҳтиёжларини ўрганган ҳолда, маҳсулот турларини кўпайтириб бораяпти. Масалан, ҳозирги пайтда қовурилган товуқ гўшти, махсус пиширилган кабоблар тайёрланмоқда. Уларга эҳтиёж ҳам юқори. Зеро, сифатли маҳсулотнинг бозори чаққон бўлади.

Усмон УСМОНОВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn