Ўзбекистон — Россия бизнес-форуми
  • 31 Март 2017

Ўзбекистон — Россия бизнес-форуми

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон — Россия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Россия Федерацияси ишбилармон доиралари делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.

Ўзбекистон ва Россия стратегик ҳамкор ҳамда ишончли иттифоқчи давлатлар бўлиб, улар ўртасидаги алоқалар барча йўналишда изчил ривожланиб бораяпти. Икки томонлама муносабатларда савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосий ўрин тутади. Ўзбекистон Россияга транспорт воситалари, пахта толаси, тўқимачилик маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, қора ҳамда рангли металлар, турли хизматлар экспорт қилади. Ўз навбатида, мамлакатимизга транспорт воситалари, кимё ва қоғоз саноати товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келинади. 2016 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4 237,5 мил-лион АҚШ долларини ташкил қилди.

Анжуманда қайд этилганидек, кейинги пайтларда давлатларимиз ўртасидаги инвестициявий алоқалар тобора кенгаймоқда. Биргина ўтган йили юртимизга 1 292,8 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилинди. Унинг асосий қисми нефть-газ, телекоммуникация соҳаларидаги йирик лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилгани диққатга сазовор. 

Бугунги кунда республикамизда россиялик инвесторлар иштирокида ташкил этилган 960 дан зиёд корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Шундан 150 дан ортиғи тўлиқ чет эл капитали эвазига бунёд қилинган. Ўз навбатида, Россия Федерациясида Ўзбекистон Республикаси ишбилармонлари иштирокида тузилган 570 га яқин корхоналар самарали иш юритаяпти.  

Форумдан кўзланган мақсад ҳам икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда янги қўшма корхоналарни ташкил этиш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишдир. 

Чет эллик мутахассисларга Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, кейинги йилларда эришилаётган ютуқлар, хорижий инвесторларга тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди. Улар юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитини юқори баҳоладилар ҳамда инвестициявий лойиҳалар юзасидан ўзаро фикр алмашишди. 

Шу куни икки мамлакат ишбилармонларининг кооперация биржаси ҳам бўлиб ўтди. 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn