Энергетика саноати ривожи ва имконият
  • 31 Март 2017

Энергетика саноати ривожи ва имконият

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётда энергия ҳамда ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистонда энергетика салоҳиятидан самарали фойдаланишнинг ҳолати ва истиқболлари” мавзуида ташкил этилган конференцияда шу ҳақда тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, соҳа экспертлари ва олимлар қатнашган тадбирда мамлакат иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳанинг энергетик ресурсларга нисбатан тобора ортиб бораётган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида электр станцияларида табиий ресурслардан фойдаланиш коэффициентининг мавжуд кўрсаткичларини яхшилаш билан бир қаторда, янги қувватларни ишга тушириш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқаришни 2030 йилгача 40 фоиз ошириш ўз вақтида тўғри белгиланган узоқ муддатли стратегик вазифа экани таъкидланди.

Конференцияда энергетика соҳасининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикасининг “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги, “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, “Қайта тикланадиган энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритишни жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишда энг қуйи истеъмолчиларни қамраб олиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича иқтисодий асосланган чора-тадбирларни амалиётга жорий қилиш йўналишида ҳаракат дастурларини ишлаб чиқиш масалалари ҳам кенг муҳокама этилди.

Анжуман якунида иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn