Қулай ишбилармонлик муҳити тадбиркорлик равнақида муҳим аҳамиятга эга
  • 31 Март 2017

Қулай ишбилармонлик муҳити тадбиркорлик равнақида муҳим аҳамиятга эга

Аҳолини тадбиркорлик соҳасига йўналтириш кўп жиҳатдан мамлакатда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити билан чамбарчас боғлиқ. Жумладан, юртимизда сўнгги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига имтиёз ҳамда преференциялар бериш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, давлат хизматларини, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг амалий механизмларини ҳаётга татбиқ қилиш  бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида ишбилармонлар сафи кенгайиб, уларнинг жамиятдаги нуфузи мустаҳкамланмоқда.

Бу борада Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастури муҳим омил бўлаётганини таъкидлаш жоиз. Унга мувофиқ, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, ушбу соҳада давлат дастури ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча тури бекор қилинди, бундан юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар мустасно. Тадбиркорларнинг жавобгарлигини либераллаштириш, уларнинг суд томонидан ҳимоя қилинишини кучайтириш, ноқонуний аралашувларга йўл қўймаслик, электр ва газ тармоқларига уланишини таъминлаш бўйича аниқ қадамлар ташланди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш жараёни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тузилди, давлат органларининг виртуал қабулхоналари ишга тушди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари, давлат органлари ходимлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, таъбир жоиз бўлса, халққа тобора яқин бўлмоқда, аҳоли билан бевосита учрашиб, бизнес вакилларининг муаммоларини аниқлаш ва уларни самарали ечишга кўмаклашишмоқда.

Буларнинг барчаси аҳолининг иқтисодий фаоллиги ошишида муҳим омил бўлаётир. Хусусан, Иқтисодий тадқиқотлар маркази томонидан тузилган ишбилармонлик фаоллиги индексига кўра, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда бу борадаги кўрсаткич январь ойидагига нисбатан 15,2 фоиз ўсди.

Эътиборлиси, бизнес фаоллигини ҳосил қилувчи барча кўрсаткичларда ана шундай ижобий ўсиш тенденциясини кузатиш мумкин. Дейлик, ҳисоб рақамлар бўйича амалиётларда 7,87, биржа амалиётларида 28,43, мавжуд хўжалик субъектлари сонида 2,73, товар белгиларида 14,8 фоиз ўсиш қайд этилди.

 

Ҳисоб рақамлардаги амалиётлар

Календарь куни кам бўлишига қарамасдан, февраль ойи бизнес учун омадли келди, деб айтиш мумкин.  Ой давомида юридик шахслар томонидан 5 миллион 917 мингта банк амалиёти бажарилган, бу январдагидан 431,4 мингтага, яъни 7,9 фоиз кўпдир. Мазкур кўрсаткич 2016 йилнинг февраль ойидагига қараганда 6 фоиз, 2015 йилнинг январь ойидагига нисбатан 36 фоиз зиёддир. 

Бундай фаоллик республикамизнинг барча ҳудудида кўзга ташланмоқда. Бунда Андижон вилояти 11,9, Қашқадарё 10,2, Навоий 11,1 фоизлик кўрсаткич билан юқори ўринларни эгаллаган. Фақатгина Наманган вилоятида банк амалиётлари сони ўсмаган, яъни 4,7 фоиз пасайган.

Биржа битимлари

Биржа бозори сезиларли даражада фаоллашди. 2017 йилнинг февраль ойида ишбилармонлик фаоллиги индексининг ушбу таркибий қисми 0,2843 банд кўтарилди. Бу 2016 йилнинг январидан бери энг юқори кўрсаткичдир. 

Биржа битимлари сони 24252 та кўпайиб, ўсиш 18,7 фоизни ташкил қилди. Бир битим доирасида сотилган товарлар ҳажми ортди. Жорий йилнинг февраль ойида биржа савдолари жами айланмаси январдагига нисбатан 2 фоиз ўсди.

Кўрсаткичлар ортмоқда

Ўзбекистонда, февраль охиридаги маълумотларга кўра, 362 минг 899 та хўжалик субъекти фаолият юритмоқда. Январь ойида уларнинг сони 353 минг 914 тани ташкил этаётган эди. Шундай қилиб, йирик корхоналар сони 2337 тага, кичик корхоналар сони 217 минг 406 тага етди. Фермер хўжаликлари эса 143 минг 156 тани ташкил қилмоқда.

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган”

Мамлакатимиз брендлари нафақат ўз мавқеини мустаҳкамламоқда, айни пайтда уларнинг сафи тобора кенгайиб бораяпти. Масалан, февраль ойида қўриқланадиган товар белгилари индекси 14,8 фоиз ўсди. Юридик шахслар томонидан янги товар белгисини рўйхатга олиш, муддатини узайтириш ҳамда мавжудларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисида 387 та гувоҳнома  олинди. Бу январь ойидагига нисбатан 16,6 фоиз кўпдир.

Мавжуд товар белгиларидан фойдаланиш муддатларини узайтириш 33,7 фоиз ўсганлиги ҳам мамлакатимиз брендлари ички ва ташқи бозорда ўз ўрни ҳамда нуфузини мустаҳкамлаб бораётганидан далолатдир. Бошқа юридик шахсларга фойдаланиш ҳуқуқи берилган товар белгилари сони эса 50 фоиздан кўпроққа ўсган. 

Услуб ва воситалар

Иқтисодий тадқиқотлар марказининг ишбилармонлик фаоллиги индексини белгилашда, шунингдек, тадбиркорларнинг, хўжалик субъектлари раҳбарларининг фикрлари ҳам инобатга олинди. Сўров мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида сезиларли ўзгаришлар юз берганини, аммо ишлатилмаган имконият ва захиралар, ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар ҳам борлигини кўрсатди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn