Замонавий корпоратив бошқарув усуллари бизнесни самарали ташкил этиш гаровидир
  • 24 Март 2017

Замонавий корпоратив бошқарув усуллари бизнесни самарали ташкил этиш гаровидир

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази ҳамкорлигида “Замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш — бизнесни самарали ташкил қилиш гарови” мавзуида семинар ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Германия Молия вазирлиги, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари, акциядорлик жамиятлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Мамлакатимизда акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари ва халқаро стандартларни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилди.

— Ушбу ҳужжат асосида акциядорлик жамиятларининг ташкилий тузилмаси қайта кўриб чиқилди, — дейди Давлат рақобат қўмитасининг бошқарма бошлиғи Бахтиёр Ҳайдаров. — Халқаро тажрибага суянган ҳолда, юртимизда Корпоратив бошқарув кодекси ишлаб чиқилди. Бугунги кунда ушбу кодекс давлат ва хўжалик бошқаруви органлари улуши устун мавқега эга бўлган 412 та акциядорлик жамиятида жорий этилган. Шунингдек, давлат улуши бўлган корхоналарда ижро органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларининг амалиётга татбиқ қилингани ҳам соҳа ривожида муҳим ўрин тутаяпти.

2016 йилда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази ҳамда Европа менежменти ва технологиялари мактаби билан ҳамкорликда акциядорлик жамиятлари ҳамда корхоналарнинг 200 нафардан ортиқ раҳбарлари учун ўқув курслари ташкил этилгани, яхши кўрсаткичга эришган 95 нафар тингловчи Германиянинг етакчи компанияларида амалиёт ўтагани ўз натижасини бермоқда. 

Семинарда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши белгилангани алоҳида эътироф этилди. Қонуннинг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамияти  батафсил тушунтирилди.

Раҳимжон ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn