Ҳамкорлик учун қулай марказ
  • 23 Март 2017

Ҳамкорлик учун қулай марказ

Юртимизда яшариш ва янгиланиш айёми — Наврўзни муносиб туҳфалар билан қарши олиш эзгу анъанага айланган. Бу йил ҳам асл миллий, энг ардоқли байрамимиз кенг тантана қилинаётган шу кунларда шаҳару қишлоқларда йирик ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари, муҳташам тураржой ва иншоотлар фойдаланишга топширилмоқда. Кеча Тошкент шаҳрида ана шундай субъектлардан бири — “Ideal” бизнес маркази иш бошлади.

Пойтахт аҳолиси ҳамда меҳмонларига хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган мазкур мажмуанинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда тўқимачилик ва енгил саноат жадал суръатларда ривожланмоқда. Ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли тайёр маҳсулотлар нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам тобора харидоргир бўлиб бораяпти. Бу ҳудудларнинг саноат салоҳиятини юксалтириш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган аниқ мақсадли чора-тадбирлар юксак самаралар бераётганидан далолатдир.

Дарҳақиқат, бугунги кунда кичик бизнес субъектлари вакиллари саноатнинг ушбу тармоғида ҳам самарали фаолият юритиб, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини оширишга муносиб ҳисса қўшаяпти. “Ideal” савдо белгиси остида кийим-кечаклар ишлаб чиқараётган “Истиқлол дизайн текстиль” масъулияти чекланган жамияти ана шундай илғор субъектлар сирасига киради.

2006 йилда ташкил этилган корхонада дастлаб эркаклар костюмлари тайёрланган бўлса, бугунги кунда катталар ва болалар учун кўйлаклар, пальтолар, камзуллар ҳамда бошқа тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилаяпти. Бунда мавжуд цехлар Германия, Япония ва Италиядан келтирилган замонавий дастгоҳ ҳамда ускуналар билан жиҳозлангани айни муддао бўлаётир.

Тошкент шаҳрида иш бошлаган марказ фаолияти мазкур корхона маҳсулотларига ортиб бораётган эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш, экспорт ҳажмини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Негаки, тўрт қаватли бинода савдо залидан таш-қари, дизайнерлик лабораторияси, замонавий кўргазма ва чет эллик ҳамкорлар учун музокаралар заллари ўрин олган.

— Лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллиард сўмга тенг бўлиб, шундан 2 миллиард сўми “Алоқабанк” томонидан молиялаштирилди, — дейди “Истиқлол дизайн маркази” масъулияти чекланган жамияти раҳбари ўринбосари Муроджон Қурбонов. — Бунинг эвазига ушбу кўркам марказ қисқа муддатда бунёд қилиниб, зарур анжомлар билан жиҳозланди. Бу ерда республикамизда ишлаб чиқарилаётган тикувчилик ҳамда тўқимачилик, шунингдек, пойабзал маҳсулотларини доимий намойиш этиш орқали иқтисодиётимизга чет эллик инвесторларни кенгроқ жалб қилиш, ташқи савдо ҳажмини янада ошириш кўзда тутилган.

Айтиш керакки, “Ideal” ёрлиғи туширилган либослар экспорти йилига 30 — 40 фоиз ўсмоқда. Масалан, биргина 2016 йилда чет эллик буюртмачиларга 2,2 миллион АҚШ долларилик маҳсулотлар етказиб берилди. Ҳозирги пайтда импортчилар, асосан, Ҳамдўстлик давлатлари улушига тўғри келаётган бўлса, келгусида улар сафига Европа давлатлари, хусусан, Германия ва Франция қўшилиши кутилаяпти.

Айни пайтда савдо залида тўртта бўлим фаолият юритаяпти. Ташриф буюрувчилар бошдан-оёқ кийимни шу ердан топа олади. Ўзига мос ўлчам ҳамда дизайндаги либосларни буюртма қилиш ҳам мумкин.

“Ideal” бизнес маркази фойдаланишга топширилгач, 30 та иш ўрни яратилди. Шундан 10 тасига касб-ҳунар коллежлари битирувчилари қабул қилинган бўлса, марказ яна кўплаб иқтидор эгаларига ўз бағрини очмоқда.

Гап шундаки, дизайнерлик лабораториясида коллеж битирувчилари ҳамда дизайнерларнинг ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, касб маҳоратини ошириш учун зарур шароитлар яратилган.

Тадбир қатнашчилари марказда яратилган шу каби шароитлар билан яқиндан танишдилар. Улар эътиборига янги либослар намойиши ҳам ҳавола қилинди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn