Иқтисодий алоқалар кенгаймоқда
  • 15 Март 2017

Иқтисодий алоқалар кенгаймоқда

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Канаданинг Россия ва Евроосиёдаги ишбилармонлик ассоциацияси (CERBA) ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ижро этишга доир ҳужжатни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси ҳамда Канада ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлган бир пайтда ўтказилгани билан янада аҳамиятлидир. Зеро, CERBA Канаданинг Евроосиё давлатлари билан савдо-сармоявий ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги бозорларни ўзлаштиришга яқиндан кўмак бериб келаётган йирик ташкилотлардан бири ҳисобланади. 

Таъкидлаш керакки, ушбу давр мобайнида мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорлиги барча йўналиш, хусусан, иқтисодий соҳада жадал ривожланди. Бунда икки тарафлама солиққа тортишга йўл қўймаслик,  инвесторларга қўшимча имтиёзлар бериш борасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар рағбатлантирувчи омил бўлмоқда. 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. Шайхов мамлакатимизда  қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, бизнес юритиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, чет эллик сармоядорлар учун зарур  шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилган тизимли ислоҳотлар олиб борилаётганини қайд этди. Бу, ўз навбатида, хориж ишбилармон доираларининг иқтисодиётимизга бўлган қизиқишини тобора оширмоқда. Хусусан, канадалик кўплаб тадбиркорлар ўз бизнес фаолиятини Ўзбекистон билан боғлаш ниятидалар.

Ҳозирги кунда юртимизда Канада капитали иштирокидаги қарийб 40 та корхона фаолият юритаётган бўлиб, шундан 10 га яқини тўлиқ хориж сармояси ҳисобига ташкил этилган. 

— Бугун имзоланган ҳужжат давлатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаб, юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади, — дейди Канаданинг Россия ва Евроосиёдаги ишбилармонлик ассоциацияси бошқаруви раиси Н. Хант. — Чунки канадалик ишбилармонлар жадал ривожланаётган Ўзбекистон иқтисодиёти, айниқса, унинг қишлоқ хўжалиги, қурилиш индустрияси, автомобилсозлик, энергетика, геология-қидирув ҳамда тоғ-кон саноати каби етакчи соҳаларига катта қизиқиш билан қарамоқда. Тадбир доирасида 20 га яқин ана шундай истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик. Ишончим комилки, улар тез орада ҳаётга татбиқ этилиб, юқори самаралар беради. 

Тадбирда Ўзбекистон ва Канада компаниялари ўртасида тенг манфаатли алоқаларни ўрнатиш, қўшма корхоналар ташкил қилиш, янги инвестициявий лойиҳаларни ишлаб этиш ва амалиётга жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn