Тўлов интизоми иқтисодий юксалиш ва фаровонлик гаровидир
  • 01 Март 2017

Тўлов интизоми иқтисодий юксалиш ва фаровонлик гаровидир

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида бошқа соҳалар қаторида “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси тизимида йўл қўйилаётган хато ҳамда камчиликлар айтиб ўтилган эди.

Кеча пойтахтимизда компания томонидан “Аҳолини қиш мавсумида табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор -таъминлаш” мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда батафсил сўз юритилди.

Юртимизда 15 октябрдан 15 апрелга қадар куз/қиш мавсуми ҳисобланади. Табиийки, бу даврда газга бўлган талаб ҳам ошади. Шу маънода, мавсум масъулияти жуда юқори. 

Ушбу йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2016 йил 10 июндаги “Республика -иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2016/2017 йиллар куз/қиш даврида барқарор ишлашга комплекс -тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 68,6 километрлик газ қувурлари мукаммал таъмирланиб, 171,9 километр узунликдаги қувурлар реконструкция қилинди. Умуман, айни пайтда республикамиз бўйича 130 минг километрдан ортиқ қувурлар орқали 14 миллион нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган 3 миллиондан зиёд уй-жойлар, 80 мингдан ортиқ улгуржи истеъмолчилар, 46 мингга яқин маиший ва ижтимоий объектлар ҳамда 30 мингдан кўпроқ якка тартибдаги тадбиркорларга табиий газ етказиб берилади. 

Шунингдек, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Пировардида 2 миллион 500 мингдан ортиқ хонадонлар суюлтирилган газ билан таъминланаяпти.  Тасдиқланган жадвал асосида жорий қиш мавсумида уларга 138 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ ва 155 мингдан ортиқ маиший газ баллонлари етказиб берилди. 

Табиий газ — бебаҳо бойлигимиз. Шундай экан, уни асраб-авайлаш, фойдаланишда исрофгарчиликка йўл қўймаслик барчамизнинг бурчимиз бўлиши лозим. Компания тизимида сўнгги пайтларда ушбу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, истеъмол қилинган газ ҳақини ўз вақтида давлат ғазнасига туширишга ҳаракат кучайтирилаяпти. Бунинг учун жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, ноқонуний ҳолатларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилмоқда. Жорий йилда ушбу йўналишдаги ишлар янада фаоллашади. Чунки эндиликда ҳудудларда компаниянинг “сайёр қабулхоналари” ҳам фаолият юритаяптики, ҳар бир фуқаро ўзини қизиқтирган масала бўйича уларга мурожаат қилиш имкониятига эга. Қолаверса, хонадонларга узлуксиз равишда суюлтирилган газ етказиб бериш учун бир нечта замонавий транспорт воситалари харид қилинди.  

Таъкидлаш жоизки, орамизда ишлатилган газ ҳақини ўз вақтида амалга оширмаётган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Ваҳолонки, тўлов интизоми иқтисодий барқарорлик ва фаровонлик гаровидир. Тадбирда ана шундай ҳолатлар ҳақида ҳикоя қилувчи “Газ тўловига муносабат” номли видеофильм намойиш этилди. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn