Кафтдек ердан салмоқли даромад
  • 28 Февраль 2017

Кафтдек ердан салмоқли даромад

Ёши улуғ юртдошларимиз яхши эслайди. Илгари томорқасида етиштирган маҳсулотини сотаман деб, бошига не-не ташвишлар орттирганлар қанча эди. Оила даромади, деган тушунчанинг ўзи йўқ эди у замонларда. Мустақиллик туфайли ўз эркимизга, еримизга эга бўлдик. Бугун томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда. Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Риштон, Ёзёвон, Бешариқ, Қува, Ўзбекистон, Тошлоқ каби туманларидаги қишлоқларда эса кўплаб оилалар кафтдек ердан самарали фойдаланиб, оиласини ҳам, бозорни ҳам арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшаяпти.

Қўрғонча — Ёзёвон туманидаги обод қишлоқлардан бири. Бу ерда яшовчи Тошпўлатовлар оиласи томорқадан унумли фойдаланишда кўпчиликка ибрат бўлмоқда. Улар, асосан, сабзавот ва кўкат етиштиради. Қишнинг қаҳри кетиб улгурмай, томорқадаги юмушларни бошлаб юборадиган бу миришкорлар эртапишар картошкадан юқори ҳосил олади. Беш сотих майдондаги лимон кўчатлари ўтган йили ҳосилга кирди. Бундан ташқари, чорвачилик ва паррандачиликда ҳам етарли тажриба тўпланган.

Аслида, Марказий Фарғона ерларида деҳқончилик қилиб, мўл ҳосил етиштиришнинг ўзи бўлмайди. Қумлоқ ерда экин экиб, парваришлаш кўп меҳнат, билим ва сабр-тоқат талаб этади.

— Аҳолининг томорқа майдонлари 90 гектарни ташкил этади, — дейди “Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдухалил Эҳсонов. — Томорқачилик фаровонлик манбаи эканини маҳалла аҳли яхши билади. Уларнинг аксарияти томорқасидан йилига уч-тўрт марта ҳосил олади. 

2016 йилнинг ўзида 13 хонадонда лимончилик йўлга қўйилди. Камчиқим, аммо сердаромад ҳосил олишнинг ушбу интенсив усули ортидан рўзғорига барака киритаётган, аҳолига нафи тегаётган миришкорлар кўпайиб бормоқда. 

Тошлоқ туманида  кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан унумли фойдаланиш сўнгги беш йилда 1 минг 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконини берди. Айниқса, Заркент, Яккатут, Қумариқ каби маҳаллаларда бўлган кишининг бу ердаги ободликдан дили яйрайди. Ҳудудда -томорқачиликни ривожлантириш орқали аҳоли турмуш даражаси тобора юксалмоқда. 

Яккатут қишлоғидаги 100 дан ортиқ хонадонларда плёнка остида редиска етиштирилади. Ҳосили йиғиштириб олиниши билан хонадон соҳиблари помидор, -бодринг, булғор қалампири каби ўн турдаги сабзавот экинларини экиб, парваришлашга киришадилар.

Бугунги кунда тумандаги “Арабмозор” ҚФЙдаги 600 га яқин хонадонларда иссиқхоналар ташкил этилган. Лимон етиштириш тажрибасини маҳаллий ёшларга  ўргатаётган соҳибкорлар 2 — 4 сотих кичик иссиқхонада ҳам фаровонлик омилини яратганлар.

— Ҳонақо қишлоғилик ўуломжон Орзибоев 12 сотих иссиқхонада лимон етиштириб, 30 — 40 млн. сўм даромад олишга эришди, — дейди “Арабмозор” ҚФЙ раиси Абдулазиз Мирзааҳмедов. — Орифжон Қўрғонов иссиқхонасида парваришлаган помидор, бодрингдан мўл ҳосил олиб, катта даромадга эга бўлаяпти. 5 та маҳалладаги хонадонларда эса қишин-ёзин томорқадан мева-  сабзавот, полиз экинлари ҳосили йиғиштириб олинади.

Одатда, шаҳар хонадонларида томорқа майдонлари унча катта бўлмайди. Қўқон шаҳрининг “Бунёдкор” кўчасида истиқомат қилувчи 80 дан зиёд оилалар ихчам иссиқхоналарда цитрус мевалар, хориждан келтирилган манзарали дарахтлар, ноёб гул кўчатларини етиштириш билан шуғулланишади. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Шуҳратжон ва Саодатхон Умаровалар ер билан тиллаша олган миришкорлардан. Томорқадаги 3 сотихли иссиқхонада четдан келтирилган 20 хилдан ортиқ ноёб мевали ва манзарали дарахтлар парваришланмоқда.

— Мана бу япон ўриги  шаҳар иқлимига мос экан, — дейди Саодатхон Умарова. — Декабрда гуллаб, май ойи бошида пишиб етилади. Мамлакатимиздаги мевалардек жуда хуштаъм, касалликларга чидамли ва шифобахш.  Мақсадимиз — келажакда япон ўриги каби ноёб ўсимликлар — папайя, кокос, киви, магнолия кўчатларини янада кўпайтириб, халқимизга етказиб бериш.         

Вилоятда  25 йил давомида  қишлоқ хўжалиги ерлари ва  аҳолининг томорқасидан самарали фойдаланиш натижасида   мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари етиштириш ҳажми 565 минг тоннадан 1 миллион 950 минг тоннага етди. Оилалардаги кичик иссиқхоналарда қишин-ёзин етиштирилган 100 минг тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга бўлган 150 дан зиёд замонавий совиткичли камералар ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш имкониятини яратмоқда.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn