«Тупроқ олтини»
  • 25 Февраль 2017

«Тупроқ олтини»

ёхуд соя экини етиштиришни ривожлантириш истиқболлари хусусида

Мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароити деҳқончилик учун ниҳоятда қулай. Бу қишлоқ хўжалигининг барча тармоғини ривожлантириш, экинлардан мўл ҳосил олиш имконини беради. Бунинг учун ҳар бир ҳудудга мос навлар танланиб, улар тўғри жойлаштирилса, кифоя. Давлатимиз раҳбари яқинда Хоразм вилоятига қилган ташрифи чоғида мазкур масалага тўхталиб, фермерлар бугунги замон талабидан келиб чиқиб иш юритиши зарурлиги, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, воҳа шароитига мос қишлоқ хўжалиги экинларини иқлимлаштириш катта самара беришини таъкидлади.

Шу маънода, соячиликни ривожлантириш ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан ўта фойдалидир. Бу, аввало, аҳоли демографияси туфайли кундалик истеъмол товарларига ортиб бораётган эҳтиёжни кафолатли қондириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қўшимча имкониятлар эшигини кенг очади. Бунга жаҳон тажрибаси яққол мисол. Масалан, Бразилия тараққиётида қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, аниқроғи, соячиликнинг ўрни ғоятда катта бўлган. Бугунги кунда у жаҳон бозорида харидоргир бўлган соя етиштириш ҳамда экспорти борасида АҚШдан ўзиб, етакчиликни қўлга олди. Аниқроғи, мазкур мамлакатда ҳар йили 33,3 миллион гектар майдонда соя экини парваришланиб, гектаридан ўртача 31,4 центнер ҳосил йиғиштириб олинади. 2017 йилда эса ялпи ҳосил 106,9 миллион тоннага етказилиши кўзда тутилган.

Кейинги пайтда сояга бўлган талаб кучайгани бежиз эмас, албатта. Чунки унинг дони таркибида 50 фоиз оқсил, 28 фоизгача мой бўлиб, озиқ-овқат саноатида муҳим хом ашё ҳисобланади. Бундан ташқари, соянинг саноат, техника, чорвачиликни ривожлантиришдаги ўрни беқиёсдир. Ундан совун, лок-бўёқ, пластмасса, плёнка ишлаб чиқаришда, шунинг-дек, кимё, тўқимачилик саноатида кенг фойдаланилади. Қимматли озуқа эканлиги эса унинг аҳамиятини янада оширади. Чунончи, ундан шрот, кунжара олинади. Яшил пояси чорва учун тўйимли озуқадир. Қисқаси, соядан 400 дан ортиқ хилдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. 

Маълумотларга қараганда, дунё бўйича оқсил манбаининг 32 фоизи чорва моллари улушига тўғри келса, қолган 68 фоизи ўсимликлардан, шу жумладан, 55 фоизи соядан олинади. Шу сабабдан ҳозирги кунда дунё миқёсида оқсил танқислигини бартараф этишда соя катта аҳамият касб этмоқда. Мазкур дуккакли экин катта майдонларда экилиб, ҳар йили ўртача 220,64 миллион тонна ҳосил йиғиштириб олинаётганининг боиси шунда. 

Табиий савол туғилади: нима учун шу пайтга қадар республикамизда мазкур экин катта майдонларда етиштирилмаяпти? Бунинг боиси деҳқону фермерларнинг ушбу ўсимлик ҳақида етарлича маълумотга эга эмасликларидами ёки бошқа сабаблар ҳам борми?   

Айтиш жоизки, мустақилликка эришганимиздан сўнг айрим вилоятларда бу экин экила бошланди. Лекин жуда кичик майдонларда. Бунинг  иккита сабаби бор. Аввало, ўсимликнинг аҳамияти, унинг фойдали жиҳатлари тўлиқ ўрганилмагани бўлса, иккинчиси, уруғчилик яхши йўлга қўйилмаганлигидир. 

Кейинги йилларда мазкур дуккакли ўсимликнинг тез, ўрта ва кечпишар навлари ҳам яратилди. “Орзу” — эртапишар навлардан бири. Унинг афзаллиги шундаки, 85 — 90 кунда пишиб етилади. Демак, уни ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида экиб, мўл ҳосил олиш мумкин. “Дўстлик”, “Парвоз”, “Тўмарис” каби ўртапишар, “Узбекская-6”, “Барака” сингари кечпишар навлар ҳам юртимиз тупроқ-иқлим шароитига жуда мос. Уларни экиш, бу — тонналаб ёғ, шрот, кунжара, пояси эса чорва учун қишлик озуқа, демакдир. 

Энг муҳими, соя ерни “даволайди”, тупроқни азот билан бойитади. Дуккакли ўсимлик бўлгани боис ҳар гектар ерда 55 — 60 килограмм соф азот йиғиб беради. Қисқача айтганда, ернинг бошқа экин учун сарфлаган қувватини қайта тиклайди. Ана шу туфайли уни “Тупроқ олтини” дейишади. 

Мамлакатимизда тупроқ унумдорлигини ошириш долзарб масала бўлиб турган бир пайтда соячиликни ривожлантириш айни муддаодир. Ушбу экин парвариши чоғида кўп миқдорда минерал ўғит солишга ҳам ҳожат йўқлиги алоҳида диққатга сазовор.

Сояни республикамизнинг барча вилоятида асосий ва такрорий экин сифатида етиштириш агротехникаси ишлаб чиқилган. Тажриба Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида кутилган натижани берди. Айниқса, Хоразм вилоятининг Гурлан, Шовот, Хива туманларидаги ўртача шўрланган майдонларда мўл ҳосил олишга муваффақ бўлинди.

Дарвоқе, мазкур ўсимлик биологик хусусиятига кўра, жой танламайди. Шўрланган, ер ости сув сатҳи кўтарилган экин майдонларида ҳам ўсаверади. Шунингдек, уни аралаш усулда парваришлаш ҳам мумкин. Бу Сирдарё вилоятида бир неча йиллар давомида олиб борилган тажрибада ижобий натижа кўрсатди. Яъни пахта билан бирга экилиб, июль ойи ўрталарида ҳосили йиғиштириб олинди. 

Соя етиштиришни йўлга қўйиш мамлакатимиз иқтисодиёти учун ҳар тарафлама фойда келтириб, халқимиз дастурхонини озиқ-овқат ва чорвачилик маҳсулотлари билан бойитиш, бозорларни арзон ва сифатли ноз-неъматлар билан тўлдиришга қўшимча имкониятлар яратади.

Дилором ЁРМАТОВА,

профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn