Илғор агротехнологиялар ва замонавий ёндашувлар
  • 22 Февраль 2017

Илғор агротехнологиялар ва замонавий ёндашувлар

аҳолини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда

Бугунги кунда Навоий вилоятида 230 га яқин иссиқхоналар мавжуд бўлиб, уларда етиштирилаётган ўн турдаги қишлоқ хўжалиги неъматлари қиш ва баҳор мавсумида аҳоли дастурхонига тортиқ қилинаяпти. “Навоий цитрус сервис” масъулияти чекланган жамиятига қарашли замонавий иссиқхона — шулардан бири. Уни зироатчиликда етарлича билим ҳамда тажрибага эга Озод Эгамов 2009 йилда ташкил этган эди. Уч гектар майдонда парваришланаётган помидор ҳосилининг деярли барчаси бир хил ҳажмдалиги киши эътиборини тортади.

— Маҳсулотларимизнинг асосий қисмини хорижга сотамиз, — дейди тадбиркор. — Шу боис ишлаб чиқаришда илмий ва илғор технологияларга асосланаяпмиз. Бунда, -аввало, серҳосил ҳамда ташқи бозорда рақобатдош навни танлаймиз. Шундан сўнг унинг агротехнологиясига қатъий амал қиламиз. Бу — сифат гарови, сифатли маҳсулот эса ҳамиша харидоргир. Пировардида ўтган йили 100 тоннага яқин помидор экспорт қилдик.

Вилоятдаги “Navoiy — Korea” қўшма корхонасида ҳам иссиқхона хўжалиги илмий асосда йўлга қўйилган. Умумий майдони икки ярим гектарни ташкил этувчи мазкур хўжаликда помидор дастлабки йилларда гидропоник усулда, кокос пўстлоғида етиштирилган бўлса, кейинчалик базальт толали минерал асосда парваришлаш йўлга қў-йилди. Ушбу усулнинг афзаллиги шундаки, ўсимлик тўғридан-тўғри илдизидан озиқлантирилиб, у компьютер ёрдамида назорат қилиб борилади.

Иссиқхонадаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби оддий нигоҳлар эмас, балки чуқур таҳлил орқали аниқланиб, жамланган хулосалар асосида миқдор ҳамда меъёр тажрибали агроном томонидан белгиланади. Йигирма саккиз хил минерал билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади.

— Ўсимлик илдизи базальт толали идишда бўлганлиги боис сув ва минераллар исрофгарчилигининг олди тўлиқ олиниб, ҳосилдорлик икки баробар оширилади, — дейди қўшма корхона иш юритувчиси Ҳақназар Халилов. — Албатта, бу маҳсулотларимиз таннархининг пасайиши ва самарадорлик ортишига хизмат қилмоқда.

Иссиқхонада маҳсулот етиштириш узлуксиз жараёнга айланган. Унинг бир қисмида пишиб-етилган помидор ҳосили йиғиштириб олинаётган бўлса, бошқасида ниҳолларни доимий асосга кўчириш тадбирлари амалга оширилаётир. Шунинг баробарида, ихчам тувакчаларда минг-минглаб ниҳоллар ниш урганлигини кузатиш мумкин. Улар турли қувват ва рангдаги лампалар орқали ёруғлик ҳамда иссиқлик билан таъминланади.

Вилоят бозорларида ёз неъматлари нарх-навосининг бугунги барқарорлигида аҳоли томорқаларининг ҳам муносиб улуши бор. Айниқса, қадим Кармана орқали Навоий шаҳрига туташ Жалойир қишлоғи аҳли иссиқхона деҳқончилигининг ҳадисини олган. Яъни қишлоқ одамларининг қарийб 400 гектар томорқаси бўлиб, 264 хонадон ўз иссиқхонасига эга. Масалан, “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Шерали Мустафоев хонадони икки сотихлик иссиқхонасидан йилига 12 — 15 миллион сўм даромад олади. Бундан ташқари, олти сотих ерга пиёз, саримсоқпиёз ва -сабзини “тўқсонбости” усулида эккан. Эрта кўкламда улар ҳам бозорга чиқарилиб, оила даромадига даромад қўшади. 

— Давлатимиз томонидан ишлаб, даромад топаман деган кишига барча шароит яратилган, — дейди Ш. Мустафоев. — Томорқа учун ер, кредит асосида маблағ, сув, техника, уруғлик таъминоти йўлга қўйилган экан, бундан, албатта, самарали фойдаланиш зарур. 

Айни пайтда, наинки Жалойир, балки вилоятнинг бошқа қишлоқларида ҳам тадбиркорлиги билан бозорларимиз фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганлар сафи тобора кенгаймоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ташаббускор инсонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар самарасидир.

Темур ЭШБОЕВ, 

Азамат ЗАРИПОВ (суратлар)

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn