Йўллар ободлиги — иқтисодий ривожланиш омили
  • 21 Февраль 2017

Йўллар ободлиги — иқтисодий ривожланиш омили

Мамлакат тараққиёти, аҳоли ҳаёт сифати йўл хўжалиги соҳасига, ушбу тизимнинг самарали фаолият кўрсатишига узвий боғлиқ. Бу борада амалга оширилаётган кўламли саъй-ҳаракатлар, рўёбга чиқарилаётган кўплаб лойиҳалар натижасида замонавий объектлар қад ростламоқда, йўл-транспорт инфратузилмаси ривожланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 февралдаги “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш, соҳага ёндашувни тубдан ўзгартиришга хизмат қилиши билан ниҳоятда аҳамиятлидир. 

Бинобарин, Фармонда юртимизда автомобиль йўллари тармоғини янада ривожлантириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ ҳамда самарали чора-тадбирлар белгиланди. Чунончи,  Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси тугатилиб, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасини ташкил этиш назарда тутилгани эътиборга молик. Бу, ўз навбатида, автомобиль йўллари соҳасида ягона техник сиёсатни олиб бориш, тараққиётнинг шиддаткор даврида халқаро транзит йўлакларини шакллантириш, бугунги кун -талабидан келиб чиқиб, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда таъмирлаш, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларидан транспортда фойдаланиш даражаси юқори бўлишини таъминлаш имкониятини беради. 

Ушбу ҳужжатда илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш қўмитанинг асосий вазифаси ҳамда фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланди. Албатта, бу келажакда автомобиль йўлларининг сифати ва самарадорлигини янада ошириш, уларни лойиҳалаштиришда илмий ёндашувларни амалиётга изчил жорий этиш, пировардида халқаро стандартлар даражасидаги транспорт инфратузилмасини шакллантиришга хизмат қилади.         

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат олиб борадиган Давлат инспекцияси ташкил этилиши эътиборга сазовордир. Бу йўл қурилиши ишларида, унда фойдаланиладиган материаллар ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар -талабларига риоя этилиши самарадорлигини ошириш ва бажарилаётган ишларнинг сифатини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Яна бир эътиборли жиҳати, эндиликда Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсундирилиб, унинг асосий вазифаси Республика йўл жамғармаси маблағлари тушуми ҳамда сарф-харажатлари йиллик балансини шакллантиради. Умумий автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш харажатлари сметасини рўйхатдан ўтказади. Бу эса мамлакатимизда йўл қурилиши билан боғлиқ лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш имконини беради. 

Фармон ижросини тўла таъминлаш, мазкур йўналишдаги қонунчилик базасини такомиллаштириш ҳамда унинг бажарилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш, биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Чунончи, автойўл соҳасидаги фаолиятни таҳлил қилиш, бу борадаги ишларни қонунчилик ижроси нуқтаи назаридан ўрганиш мақсадида парламент сўровларини юбориш, соҳага бевосита тааллуқли бўлган қонунларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш каби масалаларда парламент ваколатларидан кенг фойдаланишимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, ушбу вазифаларнинг бажарилиши иқтисодиёт ривожига, шаҳару қишлоқларимизни янада обод этиш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. 

Аҳад АҲМЕДОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси 

Саноат, қурилиш ва савдо 

масалалари қўмитаси аъзоси.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn