Кўмирнинг чакана нархи 13 фоиз арзонлашди
  • 21 Февраль 2017

Кўмирнинг чакана нархи 13 фоиз арзонлашди

Иқтисодиёт соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳаётга татбиқ этилаётган янгиликлардан кўзланган асосий мақсад инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашдир. Бу эса кутилган самараларини бериб, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш шароити тобора яхшиланиб бормоқда.

Буни биргина кўмир саноатида кейинги пайтда юз бераётган ўзгаришлар мисолида яққол кўриш мумкин.

Гап шундаки, жорий йил бошидан аҳоли учун чакана кўмир нархи 13 фоиз арзонлаштирилиб, унинг ҳар тоннаси 126 минг 400 сўмдан етказиб берила бошланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 декабрдаги “Республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотлари етказиб бериш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2017 йил 1 мартгача “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятига қаттиқ ёқилғи ташишга амалдаги прейскурант ставкаларининг 50 фоизи  миқдорида чегирма берилгани бунда айни муддао бўлди.

Пойтахтимизда “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти ташаббуси билан кўмир саноатини ривожлантириш истиқболларига бағишлаб ташкил  этилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон энергетика салоҳияти юқори давлатлардан ҳисобланиб, республикамиз ҳудудида аниқланган биргина кўмир захиралари 5,7 миллиард тоннага тенг. Шундан фойдаланилаётган конлар захираси 1,9 миллиард тоннани ташкил этади. Агар истиқболда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Фарғона, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида топилган янги кўмир конлари ҳам босқичма-босқич равишда ўзлаштирилишини инобатга оладиган бўлсак, бу нафақат республикамиз аҳолиси ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг қаттиқ ёқилғига бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаш, айни пайтда экспорт ҳажмини муттасил ошириб бориш имконияти ҳам мавжудлигидан далолат беради.

Эътиборлиси, бугунги кунда соҳада кўмир қазиб олиш ҳажмини ошириш баробарида, уни истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилаяпти. Айни пайтда мамлакатимиз барча ҳудудини қамраб олган ҳолда, 84 та кўмир омбори қуриш, қолаверса, брикет ишлаб чиқариш ускуналари билан жиҳозлаш лойиҳалари ижросига киришилгани бунга асос бўла олади. Умумий қиймати 45,4 миллиард сўмга тенг бўлган мазкур лойиҳалар доирасида брикет тайёрлаш ҳажми йилига 800 минг тоннадан ортиши кутилмоқда.  

Шу билан бирга, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг кўмир маҳсулотларига тобора ўсиб бораётган эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида 2017 — 2021 йиллар давомида қиймати 690,5 миллион АҚШ долларилик 6 та инвестициявий лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши мўлжалланмоқда. Унинг доирасида янги конлар очилиши, мавжуд қувватлар модернизация қилиниши, амалиётга замонавий техника ва технологиялар жорий этилиши кўзда тутилганки, пировардида келгуси беш йил мобайнида кўмир қазиб олиш ҳажми 3,1 баробар ошади.  

Жамият мутахассисларининг айтишича, аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида яна бир янгиликка қўл урилди. Яъни ҳудудий дистрибьюторлик марказлари, уларнинг шохобчаларида маҳсулот сотишнинг замонавий — онлайн тизимини йўлга қўйиш саъй-ҳаракатлари бошлаб юборилди. Бу ҳам инсон манфаатларини кўзлаб олиб борилаётган хайрли ишлар сирасидандир.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn