Етти хазинанинг бири
  • 21 Февраль 2017

Етти хазинанинг бири

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларга уюштираётган ташрифлари давомида халқ билан мулоқотда аҳолини бизнесга кенгроқ жалб қилиш орқали уларнинг қўшимча даромад манбаини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалигининг чорвачилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик, асаларичилик, паррандачилик тармоқларини ривожлантириш, бу борадаги бизнес лойиҳалари ижросини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ топшириқлар берилаётгани тадбиркорлик ҳаракатининг янги тўлқини вужудга келишига мустаҳкам замин ҳозирлаяпти.

Давлатимиз раҳбари яқинда Хоразм вилоятига борганида, “Хива наслли парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилиши режалаштирилган паррандачилик маркази лойиҳаси билан танишди. Умумий қиймати 11 миллиард сўмга тенг бўлган ушбу лойиҳа “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан молиялаштирилиб, Италия ва Хитой -ускуналари билан таъминланади. Мазкур замонавий корхонада йилига 51 миллион дона тухум, 1 миллион 40 мингта жўжа етиштириш мўлжалланмоқда. 

Президентимиз мулоқот давомида ҳар бир хонадонга 100 тадан жўжа тарқатиш оилаларнинг даромад манбаини яратиш, турмуш фаровонлигини ошириш имконини беришини, мазкур тармоқ ривожлантирилиши эса аҳолини арзон ва сифатли парҳез гўшт, тухум билан таъминлашда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади. 

Дарҳақиқат, давлатимиз томонидан паррандачилик билан шуғулланмоқчи бўлганлар ўз вақтида рағбатлантирилаётгани бежиз эмас. Чунки халқимиз “етти хазинанинг бири” деб билган товуқ парваришлаш кони фойда. Ахир бундай хонадонда гўшт, тухум муаммоси бўлмайди. Аксинча, эҳтиёждан ортиғини сотиб, даромад ҳам топиш мумкин. Парҳез маҳсулот тановул қилган кишининг саломатлиги ҳам мустаҳкамланиб бораверади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан парранда гўшти истеъмолининг тиббий меъёрлари ишлаб чиқилганининг сабаби ҳам ана шунда.   

Яна бир эътиборли жиҳати, бизнеснинг ушбу турини йўлга қўйиш учун катта жой, кўп харажат талаб қилинмайди. Шу боис қишлоқлардаги деярли барча хонадонда 100 та товуққа мўлжалланган мўъжазгина катаклар қуриб, яхшигина даромад олиш мумкин. 

Келинг, фикримизни аниқ рақамлар билан далиллаймиз. Мутахассисларнинг айтишича, битта товуқ йилига 250 — 300 тагача тухум қўяркан. Ўртача 275 та тухум олинган тақдирда, унинг ҳар бирини 350 сўмдан сотсангиз, 96 минг 250 сўм бўлади. Демак, 100 та товуқ парваришлаган хонадон йилига 9 миллион 625 минг сўм даромад қилар экан. Бу маблағ банкдан катак қуриш, жўжа сотиб олиш, унинг парвариши учун озуқа харидига ажратилган кредитни бемалол узибгина қолмай, балки яхшигина моддий наф кўриш мумкинлигини кўрсатади.  

Ёки бўлмаса, гўшт учун парваришланаётган товуқ 40 кун ичида мўлжалдаги вазн — 2  килограмм тош босади. Шу ҳисобда 100 та товуқ ўртача 150 килограмм гўшт қилса, унинг ҳар килоси 10 минг сўмдан сотилган тақдирда, бу 1,5 миллион сўм деганидир. Энди йил давомида қанча даромад топиш мумкинлигини ўзингиз хомчўт қилиб кўраверинг. Булар қўшимча даромад, албатта. Паррандачиликда парҳез гўштни тезкор етиштириш ва фойда олиш имконияти катталиги боис уни “чорвачиликнинг локомотиви” дейишади.

Айримлар товуқлар саноат усулида парваришланса, бундай натижага эришиш мумкин, дейишлари аниқ. Аммо кўплаб уддабурон кишилар уй шароитида ҳам паррандачилик ортидан яхши наф кўраяпти. 

Бу ҳақда гап кетганда, фарғоналиклар Мойра опа Аҳмедованинг тажрибасини мисол қилиб кўрсатадилар. Асли касби ҳисобчи бўлган бу аёл пенсияга чиққач, товуқ боқишга киришади. У Фарғона шаҳридаги деҳқон бозори яқинида истиқомат қилгани туфайли 60 дан зиёд парранда озуқаси учун унча кўп маблағ сарфламайди. Асосан, бозордан мева-сабзавот чиқиндилари — барг, кўкатлар, карам ва дон-дун олиб келиб боқарди.  Ҳар куни 30 — 32 та тухум олиб, ҳафтада икки марта бозорга чиқариб сотар эди.

Бугунги кунда ҳам Мойра опа каби иш тутиб, ҳам оиласига, ҳам жамиятга наф келтираётган бекалар нафақат Фарғона вилояти, балки юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўплаб топилади. Оилавий бизнес билан шуғулланиш, хусусан, паррандачиликни йўлга қўйиш учун кўрсатилаётган ташаббус давлатимиз томонидан рағбатлантирилаётгани уларнинг сафи янада кенгайишига йўл очиб берди. 

Кейинги пайтда ички ва ташқи бозорда паррандачилик маҳсулотларига бўлган талаб янада ортгани, парҳез гўштни қайта ишлашга ихтисослаштирилган саноат корхоналари фойдаланишга топширилаётганини инобатга оладиган бўлсак, бу тармоқни йўлга қўйганлар ҳамкор излашларига ҳожат қолмагани ойдинлашади. Чунки экологик тоза ва юқори сифатли маҳсулотлар ҳар доим харидоргир. 

Хулоса шуки, парранда — етти хазинанинг бири, ҳафсала қилган ҳар қандай одам бу беназир бойликнинг калитини қўлга киритиши муқаррар. Ўз оиласи ва атрофидаги одамларни ризқ-насиба билан таъминлашга ҳисса қўшиш эса савобли юмушдир.

Икромиддин ОСТОНАҚУЛОВ,

профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn