Қулай инвестиция муҳити иқтисодиётимиз юксалишига хизмат қилмоқда
  • 19 Февраль 2017

Қулай инвестиция муҳити иқтисодиётимиз юксалишига хизмат қилмоқда

Мустақиллик йилларида юртимизда иқтисодиётни ривожлантиришнинг ўзига хос йўналишига асос солинди. Табиийки, бунда фаол инвестиция сиёсати юритилиб, чет эл инвестицияларини кўпроқ жалб этиш мақсадида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани муҳим омил бўлди. “Чет эл инвестициялари тўғрисида”, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа қонуности ҳужжатлари хорижлик сармоядорларнинг фаолиятини кафолатлашга қаратилган. Натижада иқтисодиёт тармоқларига жалб этилаётган сармоялар ҳажми йил сайин ортиб, кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шаҳрихон туманидаги “SDK Group And” хорижий корхонаси таъсисчилари ҳам ана шундай имкониятдан кенг фойдаланиб, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан  тўлдиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар. 2010 йилда ташкил этилган ушбу корхона автомобиллар учун мой, ҳаво ва ёнилғи фильтрлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Бу ерда меҳнат қилаётган 200 нафар тажрибали ишчи-ходимнинг саъй-ҳаракати туфайли буюртмачиларга йилига 3 миллиондан зиёд ана шундай рақобатдош маҳсулотлар етказиб берилаяпти. Бундан ташқари, йирик саноат корхоналари учун 115 турдаги фильтрлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, Навоий кон-металлургия ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи каби доимий ҳамкорларга пешма-пеш жўнатилаётир.

— Эришаётган ютуқларимизда юқори сифат ва самарадорликни таъминловчи замонавий дастгоҳларнинг ўрни беқиёс, — дейди корхона етакчи мутахассиси Бахтиёржон Шамсуддинов. — Масалан, 2016 йилда пресслаш ва асбобсозлик цехлари қиймати 1,5 миллион АҚШ долларилик замонавий техника воситалар билан жиҳозланди. Жорий йилда эса Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1 миллион 200 мингта фильтр учун хом ашё юртимиздаги ҳамкорлардан қабул қилиб олинади. 

Корхонада келгуси режалар улкан. Шу кунларда мотор мойи ишлаб чиқариш лойиҳаси ниҳоясига етказилмоқда. Бунинг учун қўшимча бино ва техник воситалар тахт қилиб қўйилди. Ушбу цехнинг фаолият бошлаши 40 та янги иш ўрни яратиш имконини беради.   

Иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, чет эл инвестициясининг жалб этилиши саноатнинг юксак даражада тараққий топишига туртки бўлади. Республикамизда яратилган қулай инвестиция муҳити мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар салмоғи тобора ортишига хизмат қилаётгани, айниқса, қувонарлидир. 

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Хурсандбек АРАББОЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn