Юксак технологияли йирик лойиҳа
  • 13 Февраль 2017

Юксак технологияли йирик лойиҳа

халқаро стандартларга мос келадиган, рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаш имконини беради

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш чоғида пойтахтимизда ҳам кичик бизнесни жадал ривожлантириш, тадбиркорларга кенг имтиёзлар яратиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Саноат корхоналарининг хорижий ҳамкорлар топишига кўмаклашиш лозимлиги, бу уларнинг чет эл бозорларига чиқиши ҳамда маҳсулотлари экспортини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Бу каби тадбиркорлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлмоқда. Натижада янги саноат корхоналарига асос солиниши баробарида, мавжудларининг қуввати оширилиб, ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилаяпти.

Шундай йирик лойиҳалардан бири пойтахтимизнинг Сергели туманида фаолият юритаётган “Asl Oyna” акциядорлик жамиятида рўёбга чиқарилди. 

Гап шундаки, 11 миллион евро миқдорида инвестиция жалб қилиниб, корхонанинг иккинчи қуввати фойдаланишга топширилди. Бу ерда жаҳон андозаларига тўла жавоб берадиган ўта юқори сифатли шиша идишлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 

Соҳа мутахассисларининг айтишича, саноатнинг мазкур тармоғи мураккаблиги, яъни юксак технология, ноёб хом ашё ва малакали мутахассисларни талаб этиши боис уни йўлга қўйиш осон эмас. Аммо юртимизда буларнинг барчаси муҳайё қилинаётгани туфайли Ўзбекистон ўзининг шиша саноати, рақобатдош қадоқлаш идишлари билан ҳам жаҳон бозорида муносиб ўрин эгалламоқда. 

Дарҳақиқат, тизимдаги йирик ишлаб чиқариш субъектларидан бири — “Asl Oyna” корхонасининг цехлари энг илғор ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, технологик жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Хусусан, биринчи линияда Германиядан олиб келинган машиналар ўрнатилган бўлиб, у унумдорлигининг юқорилиги, айни пайтда, ресурс тежамкорлиги билан ажралиб туради. Бу каби замонавий жиҳозлар ёрдамида бир кеча-кундузда 150 тонна шиша массаси тайёрланиб, шу асосда чанқовбосди ва алкоголь ичимликлар, ёғ-мой ҳамда консерва маҳсулотлари учун импорт ўрнини босувчи идишлар ишлаб чиқарилади. Улар мустаҳкамлиги, шаффофлиги, бежирим дизайни билан нафақат ички бозор, балки хорижда ҳам харидоргир. Ўтган йили 2,5 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилингани бунга бир мисолдир. 

“Asl Oyna” акциядорлик жамияти директори вазифасини бажарувчи Ҳусниддин Нормуҳаммедовнинг билдиришича, жорий йилда бу борадаги кўрсаткични 4 миллион АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган. Амалда эса рақамлар янада ортиши кутилаяпти. Сабаби, иккинчи линиянинг фойдаланишга топширилиши янги ҳамкорлар топиш, қўшимча савдо йўлакларини очишда кенг имконият яратмоқда.   

Қўшимча қувват жаҳон шиша саноатида етакчи ҳисобланган Италия компаниясининг энг сўнгги русумдаги ускуналари билан жиҳозланди. Унинг қуввати бир кеча-кундузда 120 тонна шиша массаси тайёрлашга мўлжалланган. 

— Мазкур илғор технологик линиянинг афзалликлари кўп, — дейди смена бошлиғи Дониёр Тўхтаев. — Масалан, энергия сарфи кам, экологик жиҳатдан эса мутлақо безарар. Электр энергияси ва табиий газ сарфи аввалги линияга нисбатан 10 фоиз камдир. Энг асосийси, таркиби бир хил бўлган ўта сифатли шиша массаси тайёрлаб беради. Натижада ишлаб чиқарилаётган идишлар ялтироқлиги, тиниқлиги, ташқи таъсирларга чидамлилиги билан устунликка эга бўлади. 

Корхона жамоаси асосий хом ашёлар — қум, доломит, оҳак ҳамда кальций содасини юртимиз корхоналаридан олаётгани маҳсулот тайёрлаш ҳажми ва турини муттасил равишда кўпайтириш имконини бераяпти. Агар бугунги кунга қадар 130 хилдаги қадоқлаш идишлари тайёрланган бўлса, тез орада уларнинг сони яна бир нечта шиша маҳсулотлари билан кўпаяди. 

— Турли компонентлардан таркиб топган шиша массаси 1450 даража иссиқликда “пишади”, — дейди корхона бош технологи Фарҳод Исматов. — Сўнгра улар автоматик равишда қолипларга қуйилиб, шакл берилади-да, тайёр идишлар конвейер орқали кейинги босқичга узатилади. Ушбу жараён компьютерлаштирилган ускуналар томонидан бажарилади. Шу боис янги линияда ишчи кучи кам талаб этилади. 

Умуман, мазкур йирик лойиҳа шарофати билан вужудга келган техник ҳамда технологик имкониятлар халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган шиша маҳсулотлари тайёрлашни ўзлаштириш, соҳада маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтиришга мустаҳкам пойдевор бўлди. Улардан оқилона фойдаланиб, жаҳон брендидаги маҳсулотлар, жумладан, “Cocа-Cola” ичимлиги учун қадоқлаш воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятидамиз.      

Корхонада асосий эътибор сифат масаласига қаратилган. Шу мақсадда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар уч босқичли текширувдан ўтказилади. Бу жараёнда кўз илғамас камчиликлар аниқланса ҳам ўша шиша идиш дарҳол конвейердан олиниб, қайта ишлашга жўнатилади. Бунда сифат назоратчиси Саҳобат Абдуллаеванинг хизмати, айниқса, катта. Сабаби, унинг текширувидан ўтган маҳсулотларгина қадоқлаш учун жўнатилади. 

— Сифат, бу — ишонч дегани, — дейди у. — Чунки ҳар қандай ишлаб чиқарувчи юқори сифат кўрсаткичлари билангина буюртмачилар ишончига сазовор бўлади, янги ҳамкорлар топади. Шу боис бизга билдирилган  ишончни оқлаш учун жамоамизда меҳнат қилаётган барча ишчи-мутахассис ўз вазифасига катта масъулият билан ёндашади. 

Албатта, ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар жалб этилаётгани туфайли рақобатдош маҳсулотлар тайёрланаяпти. Бугун фойдаланишга топширилган линияда “ноёб” дея таърифланадиган ўта шаффоф шиша идишлар ишлаб чиқарила бошланди.

Яна бир муҳим жиҳати, лойиҳа доирасида 150 та иш жойи яратилиб, бу ерда меҳнат қилаётганларнинг умумий сони 470 нафарга етказилди. Уларга уч ой давомида шиша саноатининг сир-асрорларини пухта ўрганган ёш мутахассислар жалб этилди. 

“Asl Oyna” акциядорлик жамиятининг иккинчи қуввати фойдаланишга топширилиши муносабати билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, янги лойиҳа озиқ-овқат саноати корхоналари учун қўшимча имкониятлар яратиб бериши баробарида, кўпгина муаммоларнинг ечимига эришишга хизмат қилади. Чунки кўплаб экспортчи корхоналарнинг юқори сифатли шиша идишларга бўлган эҳтиёжининг маълум қисми бугунги кунгача импорт ҳисобига таъминланар эди. 

Чиндан ҳам, қадоқлаш воситаларининг айрим турлари Россия, Хитой каби давлатлардан импорт қилинади. Бу эса, ўз навбатида, тайёрланаётган маҳсулот таннархига салбий таъсир кўрсатади. Янги линия юртимиз саноат корхоналарининг шиша идишларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондирибгина қолмай, экспорт қилиш имкониятини юзага келтиргани билан ҳам аҳамиятлидир.   

Тадбир давомида корхона фаолияти, унда ўрнатилган технологик линиялар, маҳсулот тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишган мутахассисларнинг эътирофича, “Asl Oyna”нинг  маҳсулотлари тиниқлиги, қолипининг бежиримлиги ва сифати билан хорижникидан асло қолишмайди. Ишлаб чиқаришда ундан фойдаланиш йўл харажатларини камайтириш, маҳсулотлар ташқи кўринишини яхшилаш, энг асосийси, жаҳон бозорига дадил кириб боришга кенг йўл очади. 

Бинобарин, саноат тармоқларида амалга оширилаётган бу каби истиқболли лойиҳалардан кўзланган мақсад ҳам рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириб, ички ҳамда ташқи бозордан мустаҳкам жой эгаллашдир.

Янги линиянинг ишга тушиши муносабати билан ўтказилган йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов сўзга чиқди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn