Маҳаллийлаштириш дастури ва истиқбол
  • 03 Февраль 2017

Маҳаллийлаштириш дастури ва истиқбол

Мамлакатимизда чет эл инвестицияларини жалб этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали импорт ўрнини босувчи рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунинг самараси ўлароқ, биргина Навоий вилоятида хорижий инвестиция иштирокида 55 та корхонанинг фаолияти йўлга қўйилди.

Маълумки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2008 йилда бу ерда эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил қилинган эди. Ўтган  йиллар мобайнида мазкур зонада чет эл инвестицияларини жалб этиш, улар иштирокидаги корхоналар фаолиятини ривожлантириш, сармоядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида юртимиздаги бундай ҳудудларнинг номлари бир хиллаштирилиб, эркин иқтисодий зоналар, деб аталадиган бўлди. Ўз навбатида, ЭИЗларнинг фаолиятини ривожлантириш вазифалари белгилаб берилди.

Ҳозирги кунда саноатлашган зонада Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Италия, Буюк Британия каби давлатлар билан ҳамкорликда ташкил қилинган 20 та корхона самарали ишлаб турибди.

Шулардан бири 2013 йилда Хитойнинг “Gulf Cable Trading” компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилган “Hayat Power Cable Systems” қўшма корхонасидир. Айни пайтда мазкур ишлаб чиқариш субъектида йилига 4000 километр турли кесимдаги юқори кучланишли кабель симлари тайёрланмоқда. Шунингдек, ушбу корхона технологияларининг ўзига хослиги билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Уларни жамоада меҳнат қилаётган 50 га яқин маҳаллий ёш технолог-муҳандислар бошқаришаяпти.

— Юқори кучланишли симларни тайёрлаш ва синов лабораторияларида текширишгача бўлган жараённи қамраб олган технологик линия Германия ҳамда Австрияда ишлаб чиқарилган, — дейди “Hayat Power Cable Systems” қўшма корхонаси катта устаси, муҳандис Анвар Шокиров. — Мавжуд қувватларни техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, янги саноат маҳсулотлари тайёрлашни ўзлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ишлаб чиқариш ҳажмини муттасил ошириб бориш имконини бермоқда. Энг сўнгги ускуналарда мукаммал текширувлардан ўтаётган маҳсулотларимиз ҳар қандай мижоз талабига мос. Шу боис юқори кучланишли кабелларимизга хориждан ҳам буюртмалар кўп.

Жадал суръатлар билан ишлаётган мазкур корхонада маҳсулот тури ва сифати йилдан-йилга ошмоқда. Айниқса, малакали ёш мутахассислардан иборат жамоада янгиликка интилиш, илмий-технологик изланишларни давом эттириш кундалик вазифалар сирасига киради. Бу эса тараққиётнинг янги босқичи учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.

 

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ

олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn