Ҳудудларга инвестиция жалб қилиш — ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили
  • 03 Февраль 2017

Ҳудудларга инвестиция жалб қилиш — ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили

Маълумки, инвестиция сиёсати миллий иқтисодиёт, тармоқлар ҳамда ҳудудлар ривожланиши билан уйғун бўлсагина ўзининг кутилган самарасини беради. Инвесторларнинг ҳудудлар равнақига пул тикиши учун уларга қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратиш бугунги кунда ниҳоятда долзарб масаладир.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимини қўллаб-қувватлаш” қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилган тадқиқот ҳудудларга хориж инвестициясини жалб этиш тенденцияларини аниқлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда амалий жиҳатларини ўрганишга бағишлангани билан аҳамиятли бўлди.

Чет эл сармояси тақсимоти

Мамлакат иқтисодиётига инвестиция киритмасдан, шу жумладан, хориж сармоясини кўпайтирмасдан иқтисодиётнинг юксак суръатларда ўсишини сақлаб қолиш мушкул эканлиги барчамизга яхши маълум. Сўнгги йилларда уларнинг асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларнинг таркибидаги улуши ва кредитлари 20 — 30 фоизни ташкил қилмоқда. Иккита муҳим дастур — бутун мамлакат миқёсида амалга ошириладиган Инвестиция дастури ҳамда ҳар бир ҳудуд доирасида рўёбга чиқарилаётган инвестиция жалб этиш бўйича кўрсаткичлар таҳлили бир қатор тенденция ва хусусиятларни намоён қилди.

Аввало, мамлакат ҳамда ҳудудлар иқтисодиётига хориж инвестициясини жалб этиш номутаносиблигича қолмоқда. Хориж сармоясининг асосий қисми барибир марказлаштирилган ҳолда жалб қилинаяпти. Ҳудудий инвестиция дастурлари асосида йўналтирилган сармоялар ҳажми жами хориж капиталининг 10,4 — 16,5 фоизини ташкил этади. Бу маҳаллий ижро ҳокимияти органларида чет эл инвестицияси билан ишлаш борасида муайян муаммо ва камчиликлар борлигини кўрсатади.

Бу, аввало, маҳаллий тадбиркорларнинг хориж инвестициясини жалб қилишга қаратилган лойиҳаларда суст иштирок этаётгани оқибатидир. Чунки чет эллик инвесторлар билан, асосан, йирик давлат корхоналари ҳамкорлик алоқаларини кенгайтирмоқда. Натижада эса аксарият хориж капитал қўйилмалари нефть-газ, нефть-кимё, кимё ва тоғ-кон тармоқларида тўпланиб қолаяпти.

Вилоятлар ўртасида чет эл инвестициясини жалб қилиш борасида ҳам номутаносиблик борлиги кўзга яққол ташланади. Инвестицияларнинг ярмидан кўпи Тошкент шаҳри ҳамда вилояти ҳиссасига тўғри келади. Вилоятларнинг хориж капитали иштирокидаги инвестициялар тақсимотидаги улуши 1 — 8 фоизга фарқ қилади. Ва ўз-ўзидан аён бўладики, марказ ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида ташкил этилаётган қўшма ҳамда чет эл корхоналари сони бўйича ҳам етакчилик қилмоқда. Бу эса инвесторларнинг мавжуд ишлаб чиқариш инфратузилмасига, қулай логистика имкониятларига, табиий ресурс ва хом ашёга, бозор инфратузилмаси хизматларига ҳамда малакали кадрлар салоҳиятидан фойдаланишга интилиши билан боғлиқ.

Ушбу вазият жойларда ишлаб чиқариш, йўл-транспорт, коммуникация ва бозор инфратузилмасини, шунингдек, ҳар бир ҳудуд меҳнат бозорида талаб юқори бўлган кадрларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича ишларни янада яхшилаш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

Айтиш керакки, йирик инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш ўзига хос кичик инфратузилма тизимини шакллантиришга хизмат қилади. Бундай лойиҳалар натижасида маҳаллий даражада йўллар, электр энергияси тармоғи, аҳоли пунктлари қурилади, ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Лекин кичик ҳудудий инвестиция лойиҳалари бундай ўзгаришларни амалга ошира олмайди. Чунки инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш учун зарур бўлган катта сарф-харажатлар шароитида саноат кластерлари (Андижон вилоятидаги машинасозлик кластери мисолида), эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини барпо қилишни тақозо этади.

Инвестиция оқими соҳалар бўйича ҳам сезиларли даражада фарқланади. Бу борада енгил саноат ҳамда хизматлар соҳаси етакчилик қилса, марказлашган инвестициялар таркибида эса хориж сармоясининг ярмидан кўпи нефть ва газ соҳасига тўғри келади. Аммо ҳам давлат, ҳам ҳудудий инвестиция дастурларида мураккаб технологик жараёнларга ҳамда қўшимча қийматга юқори технологиялар қўлланиладиган фармацевтика, электроника, машинасозлик сингари соҳалардаги инвестициялар таркибида етарли улушга эга эмас.

Хорижлик ишбилармонлар учун жозибадор имконият

Хорижлик инвесторлар ва уларнинг иштирокидаги корхоналар фаолияти “Чет эл инвестициялари тўғрисида”, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”, “Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солинади. Ҳукуматнинг бир қатор ҳужжатлари билан инвесторларга қўшимча имтиёзлар, преференциялар ҳамда кафолатлар берилган. Хорижлик ишбилармонлар учун муҳим, жозибадор омиллар айнан қонунчиликнинг барқарорлиги, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш, солиқ ва божхона имтиёзларини бериш ҳисобланади. Шуни қайд этиш керакки, имтиёзлар қўлланилган соҳалар рўйхатида 24 та номдаги ишлаб чиқариш тармоғи мавжуд. Булар сирасига радиоэлектрон саноатдан тортиб, ўйинчоқлар ишлаб чиқаришгача бўлган тармоқлар киради.

Лойиҳалар ва ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳар йили инвестиция дастурларини, тармоқлар ҳамда ҳудудларни ўрта муддатда ривожлантириш дастурларини тайёрлайди. Инвестиция дастурининг якуний лойиҳасида ҳукумат номи ёки кафолати остида хориж инвестициясини жалб қилиш бўйича таклифлар ҳамда ҳукумат имзолайдиган, 500 минг АҚШ долларидан юқори бўлган инвестиция лойиҳалари киритилади. Ушбу қисмга кирмай қолган таклифлар эса тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларида ўз аксини топади.

Лойиҳа ташаббускорлари (Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳудудий бошқармалари) инвестиция таклифларини ҳамда лойиҳаларнинг паспортларини ишлаб чиқади. Сўнгра улар тегишли ҳокимликларда кўриб чиқилиб тасдиқланади ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилади. Потенциал инвестор топилгандан сўнг музокаралар -бошланади.

Бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари лойиҳа ташаббускорларига инвестиция таклифи ҳамда паспортини ишлаб чиқиш билан чекланиб қолади. Ҳокимликлар чет эл инвестициясини жалб қилиш жараёнида бевосита иштирок этмайди. Чунки мавжуд ташкилий-кадрлар асоси бундай ишни самарали амалга ошириш имконини бермайди.

Лойиҳалар сонининг кўплиги оқибатида истиқболли ҳудудий таклифлар марказий давлат органлари назаридан четда қолиб кетиши мумкин. Натижада айрим ҳудудларда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари сони жуда камчиликни ташкил қилади.

Шу муносабат билан Президентнинг 2008 йил 24 июлдаги “Хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш ҳамда ўзлаштириш жараёнини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ўзгартиш киритиш мақсадга мувофиқ. Бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳудуд даражасида ўрта ва кичик инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун хориж инвестициясини топиш ҳамда жалб қилиш ваколатини бериш жуда муҳимдир.

Механизмни такомиллаштириш зарурати

Инвестиция фаолиятини рағбатлантириш мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилашни талаб этади. Республиканинг инвестиция стратегияси ва қонунчилик ҳужжатлари иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини мунтазам мониторинг қилиш натижалари асосида такомиллаштирилиши ҳамда янгилаб борилиши лозим.

Бугунги кунда инвестиция дастурига киритилган устувор лойиҳалар иштирокчилари ҳудудий бизнесга пул тикадиганларга қараганда бирмунча қулай шароитда иш олиб боради. Хусусан, ҳудудий тараққиётга инвестиция йўналтираётган субъектлар лойиҳага хорижлик мутахассисларни жалб этиш имкониятига эга эмас. Бундан ташқари, инвестор ўз маблағини қўйиш учун жой ва объектни мустақил танлашда турли қийинчиликларга дуч келмоқда.

“Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, чет эллик инвестор халқаро ҳуқуқ принциплари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ инвестициялашни амалга оширишнинг ҳажмлари, турлари ва йўналишларини мустақил белгилаш, инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун юридик ҳамда жисмоний шахслар билан шартномалар тузиш ҳуқуқига эга. Аммо амалиётда ушбу механизм етарли даражада ишламаяпти. Бу, айниқса, ҳудудларда кўзга яққол ташланади. Кўп ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари чет эл корхоналарига инвестиция киритиладиган объектни танлашга мустақил рухсат бериш имкониятига эга эмас. Рухсатномани Давлат рақобат қўмитасининг тегишли органларидан олиш керак бўлади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари солиқ ва бошқа имтиёз ҳамда преференцияларни тақдим эта олмайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳуқуқий мақомини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари, уларнинг иқтисодиёт, шу жумладан, хориж инвестициясини жалб қилиш масалалари бўйича ҳуқуқ ва ваколатлари аниқ ҳамда батафсил очиб берилган ижро тартиб-таомиллари ва механизмларига эга эмас. Бир тарафдан, ҳокимликлар тегишли ҳудуднинг иқтисодий ривожланиши учун масъул бўлса-да, бошқа томондан уларнинг инвестиция жалб этишдаги иштироки бирмунча чегараланган. Бундан ташқари, гарчи қонунчиликка биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган бир қатор маҳаллий солиқ ҳамда тўловлар бўлса-да, амалда ҳокимликлар инвесторларга қўшимча имтиёзлар, преференция ва афзалликларни бера олмайди, уларни у ёки бу мажбурий тўловлардан озод қилолмайди.

Молия оқимини кўпайтириш — долзарб вазифа

Сўнгги йилларда тўғридан-тўғри жалб этилган инвестициялар жами сармоялар ҳажмининг 16,5 фоизидан ошмайди. Бу рақамнинг ўзиёқ ҳудудий инвестиция сиёсатини қайта кўриб чиқиш зарурати мавжудлигининг тасдиғидир. Шу муносабат билан хориж капиталини жалб қилиш ҳамда ўзлаштириш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қўшимча ваколатлар бериш масаласини кўриб чиқиш зарур. Давлат инвестиция дастурига лойиҳаларни киритиш учун энг кам капитал қўйилма миқдорини 200 — 300 минг АҚШ долларигача тушириш мақсадга мувофиқдир. Бунда лойиҳалар ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун муҳим бўлиши ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши қарори билан тасдиқланишига эътибор қаратилиши лозим. Ўз навбатида, йирик инвестиция лойиҳаларининг ҳудудий инвестиция дастурларига киритилиши вилоятлар ҳокимларининг лойиҳани амалга оширишдаги масъулиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Ҳудудларнинг инвестиция салоҳиятига оид ахборотни кўпайтириш ҳамда сармоядорлар излаб топиш учун қулай воситаларда жойлаштириш лозим. Ҳокимликлар расмий веб-сайтлари Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Ўзинфоинвест” агентлиги мутахассисларининг техник ҳамда экспертлик кўмагида зарур ахборот билан тўлдирилиши керак. Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуднинг имкониятларини кўрсатиб берадиган, Ўзбекистонда инвестиция фаолиятига бағишланган махсус интернет-порталини бир неча тилда ташкил этиш мумкин. Қолаверса, ҳудудларнинг кадрлар салоҳиятини ошириш, лойиҳа таклифи ташаббуси билан чиқишини кенгайтириш ҳам бугунги куннинг асосий талабларидандир.

Орзимурод ҒАЙБУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон иқтисодий тадқиқотлар маркази тадқиқотлар координатори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn