Иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда
  • 02 Февраль 2017

Иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда

Пойтахтимизда Америка — Ўзбекистон савдо палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда икки давлатнинг машинасозлик, автомобилсозлик, фармацевтика, нефть-газ, нефть-кимё саноати, электротехника, озиқ-овқат, таълим ва бошқа соҳаларга масъул вазирлик ҳамда идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди. Бу мамлакатларимизнинг савдо-сармоявий, иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлаш, аввалги йиғилишларда келишиб олинган ишларни жадал ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.   

Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳукуматлараро ва идоралараро келишувларга асосланган. Унга кўра, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароит яратиш, инвесторлар ҳуқуқларини таъминлаш, ҳаво қатнови тизимини янада такомиллаштириш, таълим ва тил ўрганиш соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ўз самарасини бераяпти. Айниқса, савдо-сармоявий алоқалар тобора ривожланиб бормоқда. Ўтган йил якунларига мувофиқ, ўзаро товар айланмаси 454 миллион АҚШ долларини -ташкил этгани бунинг яққол далилидир.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда АҚШ компаниялари иштирокида 164 та корхона фаолият юритмоқда. Шундан 42 таси эса тўлиқ хорижий сармоя иштирокида ташкил этилган хўжалик юритувчи субъект эканлиги эътиборга моликдир. Улар, асосан, автомобилсозлик, нефть-кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш материаллари саноатига ихтисослаштирилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда мазкур давлатнинг 29 та компанияси ўз ваколатхонасини очган.

Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ўз чиқишида қайд этганидек, АҚШ Ўзбекистонни минтақадаги асосий шерикларидан бири, деб билади ва келгусида самарали ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор. Бунда Ўзбекистонда иқтисодиётни диверсификациялаш ва саноат тармоқларини модернизациялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир доирасида икки давлат ишбилармонларининг бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтди. 

Унда АҚШнинг  машинасозлик, автомобилсозлик, фармацевтика, нефть-газ, нефть-кимё саноати, электротехника, озиқ-овқат  маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “General Motors”, “Сameсo”, “Honeywell”, “General Electric”, “Case New Holland”, “Сatepillar”, “John Deere”, “Coca-Cola International” каби 30 дан ортиқ йирик компаниялари вакиллари қатнашди. 

Форумда икки мамлакат етакчи компаниялари ўртасидаги манфаатли алоқаларни ривожлантиришга қаратилган иқтисодий ҳамда инвестициявий йўналишлар ҳолати ва истиқболлари, ички ҳамда ташқи бозорларда харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган қўшма корхоналар ташкил қилиш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, юртимиз ва хориж компанияларининг тақдимотлари ташкил қилинди. 

Чет эллик ишбилармонларда юртимиздаги қулай бизнес ва инвестиция муҳити, айниқса, эркин иқтисодий зоналарда яратилган шарт-шароитлар катта қизиқиш уйғотди. 

Бизнес-форум амалий таклифларга бой бўлди.

АҚШ делегацияси турли вазирлик ва идораларда савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича музокаралар ўтказди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn