Инқирознинг чораси
  • 02 Февраль 2017

Инқирознинг чораси

Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) “қора олтин” қазиб чиқаришни қисқартириш бўйича аввалроқ бир тўхтамга келган эди.

“Рейтер” ахборот агентлиги маълумотига қараганда, жорий йилнинг январиданоқ ана шу келишувга амал қилишга жиддий киришилгани кўзга яққол ташланмоқда.

Гап шундаки, ўтган ойда углеводород хом ашёси етказиб бериш бир кеча-кундузда ўртача ҳажми 958 минг баррелга камайтирилди. Гарчи, бу режада кўзда тутилгани (1,164 миллион баррель)дан кам бўлса-да, илгариги аҳдлашувлар натижаси билан қиёсланса, иштирокчиларнинг ўз мажбуриятига риоя этиш кўрсаткичи анча ўсган. Мисол учун, 2009 йилда ОПЕК аъзолари худди шундай келишув шартларининг атиги 60 фоизини бажаришган эди.

Нохуш рекорд

Бразилияда ишсизлик даражаси мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткич — 12 фоизга етди, дейилади “Блумберг” ахборот агентлиги хабарида.

Бундай ҳолат 2016 йилнинг сўнгги чорагида қайд этилган. Умуман, кейинги уч йил давомида ушбу давлатда ишсизлар сафи деярли икки карра кўпайган. Вазият мураккаблиги боис барча саъй-ҳаракатлар иқтисодиётни жонлантиришга қаратилган. -Жумладан, Бразилия марказий банки пул-кредит сиёсатини юмшатишни тезлаштирди. Унинг самараси шу йилдаёқ кўзга ташланиши прогноз қилинаяпти.

Даромад ола бошлади

Япониянинг ўйин қурилмалари ва ўрнатгичлар ишлаб чиқарувчи “Nintendo” компанияси узоқ муддатли танаффусдан сўнг яна даромад ола бошлаганини маълум қилди.

Хусусан, ўтган йилнинг октябрь — декабрь ойларида 285 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда кўрган. Маблағ асосан мобиль телефонлар учун ўйинлар ишлаб чиқариш бўлимидан келиб тушмоқда. Мисол учун, декабрда компания смартфонлардан фойдаланувчилар эътиборига “Супер Марио ран” деб номланган ўйинни ҳавола этган эди. Қисқа вақт ичида у қарийб 80 миллион марта юклаб олинган.

Дастлабки чоракда ўсиш

“Apple” компанияси навбатдаги молиявий йил (2016 йил октябрь ойидан бошланган)нинг дастлабки чораги якунларини эълон қилди.

Унга мувофиқ, компания ушбу даврда 78,4 миллиард доллар миқдорида даромад олишга эришди, ўсиш 3,3 фоизни ташкил этди. Бунда “iPhone” русумидаги мобиль алоқа воситалари савдоси яхшиланиб бораётгани муҳим омил бўлди. Яъни ўтган вақт мобайнида ана шу туркумдаги смартфонлардан 78,3 миллион дона сотилган. Бу таҳлилчилар тахмин қилганидан сезиларли даражада кўпдир.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn