Ишбилармонлар қўллаб-қувватланмоқда
  • 25 Апрель 2014

Ишбилармонлар қўллаб-қувватланмоқда

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларида таянч кучга айланмоқда. 

Бу жараёнда эса банк тизими томонидан улар қўллаб-қувватланаётгани муҳим аҳамият касб этаяпти.

Президентимизнинг 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида алоҳида таъкидланганидек, ўтган йили иқтисодиётнинг реал секторига ажратилган кредитларнинг ялпи ҳажми 30 фоиз ошгани, айниқса, банк хизматларидан фойдаланиш даражаси ортиб, юртимизда ҳар юз минг катта ёшдаги аҳолига 49,7 та банк муассасаси тўғри келаётгани, улар томонидан ҳар минг киши номига 1 минг 28 та ҳисоб рақами очилгани, бу эса  халқаро нормалар бўйича “юқори” деган баҳо кўрсаткичига мос эканлиги ана шундан далолат беради.

Хусусан, биргина давлат-тижорат Халқ банкининг Қашқадарё вилояти филиали томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, жумладан, шу соҳа билан шуғулланиш истагида бўлган коллеж битирувчиларидан 116 нафарига 622 миллион сўм миқдорида кредит берилиб, белгиланган режа 143,6 фоиз бажарилгани диққатга сазовордир. 

— Коллежда ўқиб юрган кезларимда, мазкур филиал ходимлари томонидан ўтказилаётган учрашувларда имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлган ёшлар ўз бизнесини ташкил этиб, катта муваффақиятларга эришаётганликлари ҳақида эшитган эдим, — дейди коллеж битирувчиси, деҳқонободлик Аброр Жумаев. — Мана, мен ҳам уларга ҳавас қилиб, шундай сертификатни қўлга киритдим. Ҳозир банк кредити ҳисобидан чорвачиликни ривожлантириб, оиламиз бюджетига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман. 

Дарҳақиқат, Халқ банки томонидан ажратилаётган кредитлар вилоят аҳолисини иш билан таъминлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётир. Бу, ўз навбатида, унинг мижозлари сафи кенгайишида муҳим омил бўлаяпти.

Таъкидлаш керакки, филиал мижозлари ҳақида гап кетганда, уларнинг аксарияти тадбиркор аёллар эканлиги қувонарлидир. 2013 йилда хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган кредитлар миқдори 12 миллиард 373 миллион сўмни ташкил қилгани, бу режадагидан 138,2 фоиз кўплиги инобатга олинса, уларнинг соҳага қизиқиши сабаби аён бўлади-қўяди. 

— Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, барча соҳа вакиллари каби тадбиркорларга ҳам кенг имкониятлар яратилди, — дейди Қарши туманидаги “Ҳикматова Мукаррам” хусусий корхонаси раҳбари М. Ҳикматова. — Хусусан, мен тадбиркорликни йўлга қўйиш,  тикиш-бичиш ишларини бошқаларга ҳам ўргатиш мақсадида Халқ банкининг Қарши тумани филиалига лойиҳамни тақдим этган эдим. Банк ходимлари уни қисқа вақт ичида кўриб чиқиб, 240 миллион сўмлик кредит ажратишди. Бу маблағ эвазига “Каштачилик ва тўй либослари салони”ни очдим. Ҳозир бу ерда 20 нафар аёл меҳнат қилмоқда. Улар маҳсулотларни мижозларимиз талаб ва истакларига мослаб тикаяпти. Бу, албатта, кредитдан оқилона фойдаланиш самараси. Демак, банклар бор экан, халқимизнинг турмуш фаровонлиги янада ошиб бораверади.

Шу билан бирга, филиал жамоаси ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантираётгани уларнинг фаолият турларини янада кенгайтириш имконини бермоқда. Мисол учун, ўтган йил мобайнида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш ва ички бозорни улар билан тўлдириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига 7 миллиард 938 миллион сўмлик кредит  ажратилган бўлса, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган кредитлар миқдори 12 миллиард 104 миллион сўмни ташкил қилди. Бундан ташқари, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига қорамоллар сотиб олиш учун 3 миллиард 619 миллион сўмлик, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга 1 миллиард 87 миллион сўмлик сармоялар берилгани ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. 

— Халқ  банки жамоаси доимо юртдошларимиз дардини ўйлайди, десам, муболаға бўлмайди, — дейди Касби туманининг Мўғилон қишлоғидаги “Мўъжиза нон” хусусий корхонаси раҳбари Қоржов Қувватов. — Масалан, илгари ҳамқишлоқларимиз нон маҳсулотларини харид қилиш учун туман марказига боришар эди. Уларнинг оғири енгил бўлсин, деб Халқ банкининг Касби туманни филиалига мурожаат этгандим, барака топишсин, менга 50 миллион сўмлик кредит беришди. Бу маблағга хориждан замонавий ускуналар сотиб олиб, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик. Муҳими, 10 нафар киши иш билан таъминланди. Зеро, халқимиз дастурхонини янада тўкин қилиш — асосий мақсадимиз. 

Соғлом бола йилида ҳам банк жамоаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий молиявий кўмакчиси бўлиш йўлида астойдил ҳаракат қилмоқда.

Ў. ИКРОМОВ.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn