Илм-фан ютуқлари
  • 24 Апрель 2014

Илм-фан ютуқлари

юртимиз иқтисодиётининг юксалишида алоҳида аҳамиятга эга

Жадал тараққий этаётган бугунги даврни замонавий технологиялар ёки илғор ишланмаларсиз тасаввур этиш қийин. Шу маънода, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини ҳаётга изчил татбиқ қилиш муваффақият гаровидир.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли барча жабҳада ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу жараёнда, шубҳасиз, ҳар йили ўтказилаётган турли кўргазмалар, ўзаро тажриба алмашув учрашувлари муҳим омил бўлаётир.
“Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” VII Республика ярмаркаси ҳам ана шундай эзгу ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Гап шундаки, Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар  тўғрисида”ги қарори асосида ташкил қилинган ушбу тадбирнинг нуфузи йил сайин ортмоқда. Ўтган вақт мобайнида 2000 дан зиёд инновацион лойиҳалар ва технологиялар намойиш этилиб, 59,4 миллиард сўмлик
1945 та шартнома имзолангани, уларнинг ижроси натижасида 21 турдаги маҳсулотни серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, 69 та шартнома асосида маҳсулотларнинг тажриба-синов ва саноат намуналари яратилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Жорий йилги ярмаркада эса 100 дан зиёд илмий, илмий тадқиқот, олий таълим муассасалари ҳамда тажриба-конструкторлик ташкилотларининг 500 дан кўпроқ технология ва ишланмалари иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинаяпти. Зеро, мазкур ярмарканинг асосий мақсади илм даргоҳлари ва лойиҳалаш-конструкторлик ташкилотларининг илмий-техник салоҳиятидан мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳаларининг долзарб муаммоларини ҳал қилишда самарали фойдаланиш, корхоналарнинг инвестиция ва инновация фаоллигини оширишга кўмаклашиш, бу борадаги ишларни ривожлантиришга сармояларни изчил жалб этишдан иборатдир.
Таъкидлаш керакки, галдаги тадбирда тақдим этилаётган амалий, инновацион ва илмий-техник лойиҳалар ҳамда ишланмаларнинг аксарияти импорт ўрнини босувчи ва экспорт учун мўлжалланган маҳсулотлар, шунингдек, юқори унумдор техникалар яратишга қаратилганлиги билан алоҳида ажралиб турибди.
Бундай маҳсулотлар ярмарканинг саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, ахборот технологиялари, фан ва таълим каби бешта йўналишдаги экспозицияларидан ўрин олган бўлса, таклиф ҳамда талаблардан келиб чиқиб, бу йил “Қайта тикланувчи энергия манбалари” бўлими ҳам ташкил этилди.  Унда 60 дан ортиқ тайёр ишланмалар намойиш этилаяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, юртимизда йилнинг 320 кундан кўпроғи қуёшли бўлиши бу борада бизнинг бошқа минтақаларга нисбатан устунлигимизни билдириши баробарида, ҳозирги эҳтиёждан 40 баробар кўп электр энергияси ишлаб  чиқариш имконини беради. 
— Муассасамизда 7 та йўналиш бўйича қуёш энергиясидан самарали фойдаланишга доир изланишлар олиб борилмоқда, — дейди ЎзФА Физика-техника институтининг илмий ходими Фахриддин Қосимов. — Масалан, кўргазмага келтирган сув тозалагич ускунамиз ҳам айнан офтоб нури ёрдамида ишлайди. Яъни у қуёшдан қувват олиб, сувни уч босқичли тизимда истеъмолга яроқли ҳолатга келтириб беради. 100 литр сиғимли ускуна эса кичик ташкилот ёки қишлоқ оилалари учун, айниқса, жуда мос. Ўйлаймизки, барча синов ва тажрибалардан муваффақиятли ўтган ушбу қурилмамиз ўзининг ихчам ва тежамкорлиги билан истеъмолчиларда қизиқиш уйғотади. 
— Ўтган йили ўқув даргоҳимиз томонидан ишлаб чиқариш корхоналарида инновацион лойиҳаларни жорий этиш юзасидан  447 миллион сўмлик шартнома ва битимлар тузилган эди, — дейди Тошкент фармацевтика институтининг илмий ишлар бўйича проректори Рустам Тўлаганов. — Мана шунинг ўзиёқ юртимизда илм ва амалиётни уйғун тарзда олиб бориш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар нечоғлиқ самара бераётганига яққол мисолдир. Бу йил эса кўргазмада 9 номдаги препаратларимиз билан қатнашаяпмиз. Энг муҳими, улар учун зарур бўладиган асосий хом ашё ўзимизда мавжуд. Масалан, “Пирацин–RG” препарати организмда рух элементи етишмовчилиги натижасида келиб чиқадиган касалликларни даволаш учун мўлжалланган.
Ушбу дорини ишлаб чиқариш мақсадида  “Remedy Group” Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонаси билан шартнома тузган бўлсакда, бу йилги ярмаркада яна 500 миллион сўмликдан зиёд шартнома имзолашни режалаштириб турибмиз.
Ярмаркада, шунингдек, ёш олимларнинг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун талабаларнинг илмий ишланмалари  тақдимот сифатида кенг оммага таништирилади, унда тармоқлар ва ҳудудларнинг алоҳида тақдимотлари ташкил этилиб, йирик саноат корхоналари ва вилоятлар ўзларининг илмий ҳажмдор маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи ҳамда инновацион ишланмаларини жорий қилиш салоҳиятини намойиш этади. Буларнинг бари ишланмаларни татбиқ қилиш борасидаги ишларни кучайтириш учун қулай имконият яратади, албатта.
“Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” VII Республика ярмаркаси жорий йилнинг 25 апрелига қадар давом этади.
Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn