Меҳнат ярмаркалари
  • 24 Апрель 2014

Меҳнат ярмаркалари

ёш мутахассислар бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда

Соғлом бола йилида Фарғона вилоятида 92,5 мингта иш ўрни ташкил этиш белгиланган бўлиб, январь — март ойларида ушбу кўрсаткич 22138 тага етказилди. Бунда асосий эътибор ёш мутахассислар, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашга қаратилди.
Бинобарин, жорий йилда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги  4905 нафар йигит-қиз учун тижорат банклари томонидан 28 миллиард 600 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.
Айтиш жоизки, аҳоли бандлигини таъминлашда жойларда ўтказиб келинаётган меҳнат ярмаркаларининг самараси катта бўлмоқда. Хусусан, ўтган йили вилоятда 130 марта ана шундай тадбирлар ташкил этилиб, уларда 7208 та корхона ва ташкилот 50480 та бўш иш ўрни билан қатнашди. Пировардида 2013 йили иш сўраб мурожаат қилган ёшларнинг аксарияти ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштирилди. Жорий йилда ҳам ушбу анъанани изчил давом эттириш режалаштирилмоқда. Чунончи, январь — март ойларида 48 марта ихтисослаштирилган ярмаркалар ўтказилиб, уларга жойлардаги 2578 та корхона ва ташкилот жалб этилди. Натижада 1822 нафар ёшга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимликларининг қарори билан 6639 та квота иш ўринлари захира қилиб қўйилди. 14010 нафар фуқарога эса меҳнат қонунчилигига оид тушунча ҳамда тавсиялар берилди.
Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи барчамизнинг жиддий ва доимий эътиборимиз марказида туриши зарурлигини таъкидланган эди. Шундан келиб чиқиб, вилоятимизда мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Яъни ўтган даврда ёшларнинг келажакдаги мақсадларини ўрганиш ниятида битирувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида бир неча бор суҳбатлар, очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Мазкур жараёнда ўқув муассасаларини тамомлаётган йигит-қизлардан 4905 нафари тадбиркорлик билан шуғулланиш, 5410 нафари олий ўқув юртларига кириб ўқиш, икки минг нафардан зиёди ҳарбий хизматга бориш, қолганлари эса эгаллаган мутахассисликлари бўйича фаолият бошлаш истагида эканлиги аниқланди. Жорий ўқув йилида вилоятдаги 143 та касб-ҳунар коллежини битириб чиқадиган 60903 нафар йигит-қиз бандлигини таъминлаш мақсадида “корхона —коллеж — битирувчи” ўртасида уч томонлама шартномалар тузиш жараёни ниҳоясига етказилаяпти. Аниқроқ айтганда, шу кунга қадар 21798 та хўжалик субъекти билан 57152 нафар ёки 93,8 фоиз битирувчини ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартномалар тузилди.
Яна бир эътиборга молик жиҳат: Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳисобига шу йилнинг биринчи чорагида етмишдан зиёд оилавий корхона ташкил этилиб, 230 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди. Бу ишчи кучига эҳтиёж катта бўлган ҳудудлар, жумладан, Қўқон, Фарғона шаҳарлари, Риштон, Қува туманлари ҳиссасига тўғри келгани эътиборлидир. Қолаверса, ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган Ёзёвон ҳамда Сўх туманларида ҳам 800 га яқин меҳнат ўринлари яратилди.
Айни пайтда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари вилоятнинг кўплаб туманларидаги корхона, ташкилот ва кичик бизнес субъектларида ишлаб чиқариш амалиётини ўташмоқда. Зеро, бу жараён ёшларда меҳнатга кўникма ҳосил қилиш билан бирга, уларнинг келгусида кафолатли иш ўринлари билан таъминланишида муҳим босқич ҳисобланади.

Файзулла ҚОСИМОВ,
Фарғона вилояти меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn