Логистика — иқтисодий тараққиёт гарови
  • 24 Декабрь 2016

Логистика — иқтисодий тараққиёт гарови

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Логистиканинг замонавий ривожланиш тенденциялари ва муаммолари” мавзуида илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Унда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, логистика компаниялари вакиллари, олий ўқув юртлари профессор ўқитувчилари, илмий тадқиқотчи ва талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 26 февралдаги “2016 — 2020 йилларда хизматлар соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, 2020 йилга қадар хизматлар соҳасини ривожлантириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотни кўпайтириш, унинг республикамиз иқтисодиётидаги улушини 48,7 фоизга етказиш, йўловчи ташишни 1,3, юк ташишни 1,5 баробар ошириш, соатига 1500 йўловчига хизмат кўрсатадиган халқаро терминални ишга тушириш режалаштирилган. 

Шу билан бирга, қўшимча равишда янги 196 та йўналишни шакллантириш, 24 та юк ҳамда йўловчи ташиш бўйича локомотивни харид қилиш, 100 та йўловчи вагонини ва 181 локомотивни қуриш кўзда тутилган. Қолаверса, бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида миллий автомагистрални модернизация қилиш ишларини якунига етказиш, яъни қарийб 

513 километр узунликдаги автомобиль йўлларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш мўлжаллангани мазкур соҳа истиқболидан далолат беради. 

Анжуманда мамлакатимиз эркин иқтисодий зоналарида фаолияти йўлга қўйилган логистика марказларининг бугуни ва истиқболи хусусида ҳам маълумотлар берилди. -Биргина, “Навоий” ЭИЗ ҳудудида “Кореан Эйр” компаниясининг Халқаро интермодал логистика маркази ташкил этилган бўлиб, у ерда биринчи босқичда кунига 300 тонна, иккинчи босқичда эса 1000 тонна юкни қабул қилиш, вақтинча сақлаш ҳамда жўнатиш -имконияти яратилган. 

Жаҳонда иқтисодиётнинг глобаллашув жараёни кучайиб, шунга монанд тарзда рақобат ортиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда замонавий логистика тизимини ҳаётга янада кенгроқ татбиқ этиш, мавжудларини тубдан такомиллаштириш ҳамда ривожлантириш, бу борада малакали мутахассислар тайёрлашни изчил давом эттириш, фан ва амалиёт интеграциясини кучайтириш каби устувор масалалар ҳам таҳлил этилди.

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn