Экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар
  • 23 Декабрь 2016

Экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар

эркин иқтисодий зоналарда фаолият юритаётган корхоналарда ишлаб чиқарилмоқда

Замонавий ишлаб чиқариш субъектларини ташкил этиш, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишда эркин иқтисодий зоналарнинг роли ғоятда катта. Сабаби у ерда яратилган қулай шарт-шароит, тақдим этиладиган имтиёзлар иқтисодиётнинг жозибадорлигини оширади. Мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиб, уларнинг фаолияти тобора такомиллаштирилаётгани туфайли жалб этилаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ортиб, кўплаб янги қувватлар ишга туширилаяпти. 

Бундан уч йил аввал барпо этилган “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт тармоқларини ривожлантириш, ижтимоий инфратузилма объектларини бунёд этиш, логистика хизматларини такомиллаштириш, шунингдек, янги ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топшириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Натижада юксак технологияли инновацион лойиҳалар амалиётга татбиқ қилиниб, ички ва ташқи -бозорда рақобатдош маҳсулотлар тайёрланмоқда. 

Мазкур ҳудудда жойлашган “Auto Pad Systems”  Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси ана шундай илғор ишлаб чиқариш субъектлари сирасига киради. Хорижнинг 2,6 миллион АҚШ долларилик замонавий ускуналари билан жиҳозланган ушбу корхона йилига 430 минг донадан ортиқ турли русумдаги транспорт воситалари тормоз тизимининг эҳтиёт қисмлари — колодка ва накладкалар ишлаб чиқариш қувватига эга. 

— Давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида яратиб берилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини йил сайин ошираяпмиз, — дейди мазкур корхона раҳбари Зоҳид Шомуродов. — Шу билан бирга, бозор талабидан келиб чиқиб, маҳсулот турларини ҳам кўпайтирмоқдамиз. Мисол учун, жорий йилда енгил ва юк автомобиллари, автобуслар тормоз тизимлари учун жиҳозлардан ташқари, темир йўл ва метро поездлари учун 10 минг дона эҳтиёт қисм ишлаб чиқарилди. 

Корхона фаолиятининг кенгайиши ҳисобига еттита қўшимча иш ўрни яратилиб, бу ерда меҳнат қилаётганлар сони 30 нафардан ошди. Уларнинг ғайрат-шижоати билан жорий йилнинг  тўққиз ойида 1 миллиард сўмликдан ошиқроқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Уларнинг асосий қисми Хитой, Россия каби давлатларга экспорт қилингани “Auto Pad Systems” ёрлиғи туширилган товарлар ташқи бозорларда ҳам рақобатдош эканлигидан далолатдир. 

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Бахтиёр АКРАМОВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn