Муқобил энергетика истиқболлари
  • 23 Декабрь 2016

Муқобил энергетика истиқболлари

Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш, тежамкор технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ҳаётга изчил татбиқ қилиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Шу боис юртимизда ушбу вазифалар босқичма-босқич амалга оширилиб, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа тармоқларда харажатларни сезиларли даражада камайтиришга эришилиб, иқтисодий барқарорлик таъминланаяпти.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида “Энергия самарадорлиги — Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиш асоси” мавзуида ташкил этилган республика илмий-амалий анжуманида шулар хусусида сўз юритилди.

Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, олимлар, илмий ходимлар, саноат корхоналари вакиллари ҳамда иқтидорли талабаларни жамлаган мазкур тадбирда энергетика соҳасида экологик соф илғор технологияларни қўллаш, айниқса, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришдаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

— Мамлакатимизда йилнинг ўртача 300 куни қуёшли бўлиши, қолаверса, доимий шамол эсиб турувчи ҳудудлари мавжудлиги муқобил энергиядан фойдаланиш имконияти юқори эканлигидан далолатдир, — дейди Тошкент давлат техника университети декани, техника фанлари номзоди Жавоҳир Тошев. — Таълим муассасамизда қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Тадбир асносида олимлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшларнинг лойиҳалари кўриб чиқилди. Қолаверса, келгусида Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватли қуёш ҳамда 50 МВт қувватли шамол электр станцияси қурилиши кўзда тутилганки, бу ҳам илмий ишланмаларни амалиётга қўллаш имконини кенгайтиради.

Икки кун давом этган анжуман ялпи ва шуъба мажлисларида электр энергетикаси, қайта тикланувчи ҳамда иссиқлик энергетикаси йўналишлари, ушбу соҳаларни янада ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn