Юқори унумли ва тежамкор
  • 23 Декабрь 2016

Юқори унумли ва тежамкор

технологиялар саноат ривожида муҳим аҳамиятга эга

Ишлаб чиқариш субъектларига кам харажатли технологияларнинг қўлланилиши юқори самарадорлик гаровидир. Сабаби замонавий ишланмалар нафақат маҳсулот тайёрлаш ёки хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш, балки ресурс тежамкорлиги эвазига катта миқдордаги маблағни иқтисод қилишда қўл келади. Шу боис мамлакатимизда саноат корхоналарини техник ва технологик янгилаш жараёнида мазкур жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш, хусусан, иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 июлдаги “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этаётир. Ўтган даврда ушбу ҳужжат асосида ўнлаб йирик хўжалик юритувчи субъектларга ана шундай илғор ускуналар татбиқ этилгач, улар фаолиятида сифат ўзгаришлари юз берди.

— “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарда қўлга киритилаётган ютуқлар бунга мисол бўла олади, — дейди “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини мувофиқлаштириш гуруҳи мутахассиси -Дария Кудабаева. — Жумладан, “Каттақўрғон ёғ-мой комбинати” акциядорлик жамиятига 2014 йилда 15 ва 20 тонналик янги буғ қозонлари ўрнатилгандан сўнг бу ерда дастлабки олти ойда 30,6 фоиз электр энергияси, 8 фоиз табиий газ тежаб қолинди. Умумий қиймати 965 минг АҚШ долларига тенг бўлган мазкур ускуналарнинг 772 минг доллари Халқаро тараққиёт уюшмаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилгани диққатга сазовор.

Бу каби модернизациялаш тадбирлари “Урганч ёғ-мой комбинати” акциядорлик жамиятида ҳам бажарилди. Аниқроғи, жамиятга Италиянинг “ICI Caidai” компаниясидан умумий қиймати 920 минг АҚШ долларилик 15 тонналик иккита буғ чиқариш ускунаси келтирилиши эвазига бир йил давомида, бошланғич баҳолашга кўра, 306 минг киловатт-соат электр энергияси ҳамда 5 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилишга эришилди.

Мутахассислар фикрича, мазкур асбоб-ускуналар энергия ресурсларини тежаш ва харажатларни камайтиришдан ташқари, атмосферага зарарли чиқиндиларни чиқармаслиги, корхоналарнинг барқарор ишлашини таъминлаши билан аҳамиятлидир.

Айни пайтда “Тошкент ёғ-мой комбинати” акциядорлик жамиятида ҳам эскирган қозонхонани янгилаш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Бунинг учун зарур бўлган 960 минг долларлик ускуналар Германиянинг “Nowaweser Impex Gmbh” компанияси томонидан етказиб берилди. “Ўзоғирсаноатлойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари ишлаб чиққан лойиҳага биноан, ўрнатилаётган ушбу қурилмаларнинг афзаллиги шундаки, илгари бир тонна буғ ишлаб чиқариш учун соатига 88 куб метр табиий газ, 2,1 тонна сув ва 11,4 киловатт электр энергияси сарфланар эди. Эндиликда ушбу кўрсаткичлар мос равишда 74,6 куб метр табиий газ, 1 тонна сув ҳамда 4 киловатт электр энергиясига қисқаради. Яъни жами 30 фоиз энергия ресурслари тежалади.

Эътиборлиси, энергия тежамкор лойиҳаларнинг технологик салоҳиятини ошириш бир қатор йўналишларни ўз ичига қамраб олган. Ёқилғи ва энергиядан фойдаланиш қоидаларини олиб бориш, етказиб бериш ёки сақлашда йўқотишларни бартараф этиш, ортиқча қувватга эга электр қурилмаларни алмаштириш, бунинг учун мақсадли инвестицияларни жалб этиш шулар сирасига киради.

Энергия истеъмолида мутлақо янги йўналишларни излаб топишга мўлжалланган бундай чора-тадбирлар аниқ мақсадли илмий-техник, инновацион дастурлар, энергетика соҳасидаги чуқур тадқиқотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ёқилғи-энергия ресурсларидан комплекс фойдаланишга хизмат қилаётир. Энг муҳими, бундай инновацион лойиҳаларнинг ҳаётга изчил татбиқ қилиниши саноат корхоналарида иш унумдорлигини оширишда жуда қўл келмоқда. Чунки бунинг натижасида тежалаётган маблағлар фаолиятни янада кенгайтириш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш сингари эзгу мақсадларга йўналтирилаяпти. Қолаверса, кам харажат қилиб, юқори самарадорликка эришиш бугунги жадал тараққий этаётган давр талабидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn