Банк хизматлари ва фаровонлик
  • 22 Декабрь 2016

Банк хизматлари ва фаровонлик

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 14 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимиз банк тизими ва бозор инфратузилмасининг бошқа органлари фаолияти самарадорлигини ошириш масаласига алоҳида тўхталиб, барча йирик тижорат банклари ўз иш услубларини тубдан ўзгартириши зарурлигини таъкидлади. Айниқса, банклар ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиш юзасидан зарур йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берди.

Бинобарин, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашда молия-банк тизимининг ҳиссаси катта. Иқтисо-диётимизнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш-пудрат ишлари, хусусий тадбиркорлик, кичик ва оилавий бизнес каби муҳим тармоқлари истиқболини тезкор ҳамда сифатли банк хизматларисиз тасаввур қилиш қийин. Шу боис “Агробанк” акциядорлик тижорат банки ва унинг қуйи бўғинларида юртимиз аҳолиси ҳамда тадбиркорларнинг ҳақиқий ишончини қозониш, уларга яқин кўмакдош бўлиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар кўрилаяпти. Хусусан, молия муассасасининг Жиззах вилояти -бошқармаси жамоаси шу йўналишда изланиб, муайян ютуқларни қўлга киритмоқда. 

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалар асосида иш юритилгани туфайли молиявий хизматлар кўрсатиш кўлами янада кенгайди. Шу йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, биргина кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 60 миллиард сўмлик кредитлар, шу жумладан, 27 миллиард сўмликка яқин микрокредитлар ажратилгани бунинг яққол далилидир. Натижада 948 та кичик бизнес субъекти фаолиятини кенгайтирган бўлса, 438 та янги иш ўрни яратилиб, шунча киши доимий даромад манбаига эга бўлди. Микрокредитлар эса халқ истеъмоли моллари тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ривожлантиришга йўналтирилди. 

— Юртимизда рўй бераётган туб ислоҳотлар, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини кўрган кишининг ҳаваси келади, — дейди Арнасой туманидаги якка тартибдаги тадбиркор Замира Бозорова. — Айниқса, тадбиркорлар қўлга киритаётган муваффақиятлар алоҳида эътирофга молик. Бу қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, ишбилармонлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани самарасидир. Биз ҳам мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятимизни кенгайтириб бораяпмиз. Бунда “Агробанк”нинг Арнасой филиали яқиндан ёрдам бермоқда. Масалан, ушбу банкнинг 50 миллион сўмлик кредити ҳисобидан туман марказида замонавий савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасини ишга туширдик. Иш ўринлари сони иккитага кўпайди. 

— Тадбиркорларга кўрсатилаётган молиявий ёрдам туфайли вилоятимизда ишбилармонлар сафи тобора кенгаймоқда, — дейди ўаллаорол туманидаги якка тартибдаги тадбиркор Алишер Ҳасанов. — Ўзимдан қиёс: хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиш бўйича тузган бизнес-режам “Агробанк”нинг ўаллаорол филиали томонидан ажратилган 145 миллион сўмлик кредит билан молиялаштирилди. 

Ҳозирги кунда автомобилларга техник хизмат кўрсатиб, юртдошларимиздан раҳмат эшитаяпмиз. Бу бизни фаолиятимизни кенгайтириш, янги режалар тузишга руҳлантирмоқда.  

Бугун халқ манфаати, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш “Агробанк” акциядорлик тижорат банки фаолиятининг бош мезонига айланган. Шундан келиб чиқиб, жамоа томонидан иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мижозларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш, тадбиркорлик ҳамда фермерлик ҳаракатини кенгайтириш бўйича ишлар янада жадаллаштирилмоқда. Бу эса банкнинг молиявий хизматлар -бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлаб, белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.

 

Хайрулла ХОЛТЎРАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn