Озиқ-овқат саноати: замонавий корхоналар, рақобатдош маҳсулотлар
  • 21 Декабрь 2016

Озиқ-овқат саноати: замонавий корхоналар, рақобатдош маҳсулотлар

Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, кейинги йилларда мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоқларида жадал ўсиш суръатлари кузатилаётир. Мутахассислар буни мамлакатимизда озиқ-овқат экинлари майдонларини кенгайтириш, янги боғ-роғлар, айниқса, интенсив боғлар барпо этишга  жиддий эътибор қаратилаётгани билан изоҳлашмоқда.

Дарҳақиқат, 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирларга биноан, биргина шу йилнинг тўққиз ойида пахта майдонлари 30,5 минг гектарга қисқартирилди. Бунинг эвазига бўшаган ерларда ички ҳамда ташқи бозорда талаб юқори бўлган сабзавот ва полиз экинлари жойлаштирилиб, экин майдонлари тузилмаси янада оптималлаштирилди. Бундан ташқари, 8,2 минг гектар ерда янги интенсив боғлар, 5,2 минг гектарда токзорлар ташкил этилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 6,4 фоиз кўп ҳосил етиштирилиб, йиғиб-териб олинди. Мазали мева-сабзавотларнинг бир қисми юртимиз ва хорижлик истеъмолчилар дастурхонига йил давомида сархил ҳолида тортиқ қилиш мақсадида замонавий омборхоналарда жамғариб қўйилган бўлса, қолган қисми қайта ишлаш корхоналарига пешма-пеш етказиб берилди.
Боғ ва дала неъматлари етиштириш ҳажмининг муттасил равишда ортиб бораётгани туфайли ҳар йили кўплаб янги совитиш камералари, замонавий саноат корхоналари ишга туширилаяпти. Улар фермер хўжаликлари далаларига яқин жойларда бунёд этилаётгани ноз-неъматларни нест-нобуд қилмасдан сифатли ва чуқур қайта ишлаш имконини кенгайтирмоқда.
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясидан маълум қилишларича, 2016 йилда ҳудудий инвестициявий лойиҳалар доирасида озиқ-овқат соҳасида 1042 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши мўлжалланган бўлса, амалда бундан-да юқори натижага эришилмоқда. Аниқроғи, шу йилнинг 11 ойида умумий қиймати 668,3 миллиард сўмлик бўлган 1479 та лойиҳа бажарилди. Бунинг ҳисобига 15 минг 342 та янги иш ўрни яратилди. Янги қувватларнинг салмоқли қисми мева-сабзавотни қайта ишлашга ихтисослаштирилгани, айниқса, қувонарлидир .  
Пойтахт вилоятидаги “Marwin Brands” масъулияти чекланган жамияти юртимиздаги мева-сабзавот ва резаворларни чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган минглаб корхоналардан биридир. Ўтган йили 7 миллион евро миқдорида инвестиция ўзлаштирилгач, корхона фаолияти янада кенгайди. Сабаби, мазкур маблағ Италия ва Швейцария каби хорижий давлатлардан шарбат тайёрлаш ва қуйиш технологик линияларини харид қилишга йўналтирилди. Бу йилги мавсумда ана шундай илғор ускуналар ёрдамида олма, ўрик, шафтоли, олхўри, беҳи каби мевалар, шунингдек, қулупнай, малина сингари резаворлар, жами 7 минг тонна маҳсулот қайта ишланиб, яримтайёр маҳсулот — пюре тайёрланди. Айни пайтда улар асосида шарбатлар ишлаб чиқарилиб, буюртмачиларга жўнатилаяпти.
— Корхонамизда учта савдо белгиси остида жами 45 хилдаги шарбат тайёрланаяпти, — дейди “Marwin Brands” масъулияти чекланган жамияти раҳбари ўринбосари Шерзод Қурязов. — Улар буюртмачилар талабига биноан, турли хил сиғимдаги идишларга қадоқланади. Мисол учун, болаларга мўлжалланган шарбат ва нектарлар 200 граммли мўъжаз идишларга қуйилади. Улар сифатининг юқорилиги, энг муҳими, табиийлиги боис нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам харидоргир бўлиб бораяпти.
Таъкидлаш керакки, корхона маҳсулотларининг асосий қисми чет эллик буюртмачиларга жўнатилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон давлатларига “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида 850 минг АҚШ долларилик маҳсулотлар сотилгани бунинг яққол далилидир. Ташқи бозорда миллий бренднинг нуфузи ошиб, янги ҳамкорлар топишда “Савдо уй”лари муҳим роль ўйнаяпти. Шу боис жорий йилда Қозоғистон давлатида корхона ўз “Савдо уйи”ни очди.
Бугунги кунда жамиятда 200 киши меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшлардир. Маҳсулот назоратчиси Мавлуда Пирматова — шулардан бири.
— Биз, ёшлар бу ерда тажрибали мутахассислардан илғор технологик ускуналарни бошқариш сирларини тезда ўзлаштириб олдик, — дейди у. — Масалан, мен шарбатнинг нечоғлик сифатли қадоқланганини назорат қилиб бораман. Кўриб турганингиздек, ҳозир янгича дизайндаги бир литрлик идишларга маҳсулот қуйилмоқда. Швейцариядан келтирилган ушбу ускуна ёрдамида соатига 8 минг 400 дона маҳсулот қадоқланади. Шуларнинг барчасини бирма-бир кўздан кечириб, сифатини назоратдан ўтказамиз. Мақсад истеъмолчилар ишончини оқлаб, юқори сифатли товар етказиб беришдир.
Мамлакатимизда ташқи бозорга дадил кириб бораётган бундай ишлаб чиқариш субъектлари сони ой сайин кўпаймоқда. Бу бизнес юритиш учун яратиб берилган қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитининг беқиёс самарасидир.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn