Инвестициявий фаоллик иқтисодиётимиз рақобатдошлигини оширишга хизмат қилади
  • 17 Декабрь 2016

Инвестициявий фаоллик иқтисодиётимиз рақобатдошлигини оширишга хизмат қилади

Тошкент шаҳрида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш ҳамда инвестициявий фаолликни янада юксалтириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилди.

Ҳар қандай давлат иқтисодий салоҳиятининг юксалиши кўп жиҳатдан инвестиция сиёсатининг нақадар оқилона юритилишига боғлиқ. Чунки саноат тармоқларининг жадал ривожини стратегик аҳамиятга молик лойиҳалар ижроси белгилаб беради.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди. Чунки мазкур ҳужжат, энг аввало, хусусий мулк ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, кичик бизнес учун қулай шарт-шароит яратиш, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга доир давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. 

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам чет эллик ҳамкорлар, халқаро ишбилармон доира вакилларини мамлакатимизда инвестициявий муҳитни такомиллаштириш соҳасида қабул қилинаётган шу каби ҳужжатларга асосан, амалиётга жорий этилаётган янгиликлар, инвесторларга берилаётган енгилликлар ҳақида хабардор қилишдан иборатдир. Шу боис унда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилган деярли барча дипломатик ваколатхоналар вакиллари қатнашди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев ҳамда бошқалар таъкидлаганидек, юртимизда саноатни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштиришга оид фаол инвестиция сиёсати юритилмоқда. Пировардида иқтисодиётимизга жалб этилаётган сармоялар ҳажми йил сайин ошиб бораяпти. Жорий йилнинг тўққиз ойида ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажми 9,4 фоиз ўсгани, унинг асосий қисми янги ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топширишга йўналтирилгани бунинг яққол далилидир.

Мутахассисларнинг айтишича, келгусида бу кўрсаткичлар муттасил равишда ортиб бораверади. Сабаби, чет давлатлар билан савдо-сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли саъй-ҳаракатлар олиб борилаётир.

Ушбу мақсад-муддаоларга эришишда, шубҳасиз, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилади. 

Тадбир иштирокчиларига ана шу ҳужжатга мувофиқ, хорижий инвесторларга жорий этилаётган солиқ, божхона имтиёзлари, коммуникация-муҳандислик тармоқларига уланиш учун қўшимча қулайликлар тақдим қилинаётгани, шунингдек, бизнес юритиш, рухсат этувчи тартиб-таомиллар соддалаштирилаётгани ҳақида муфассал маълумотлар берилди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn