Экспорт ҳажми янада ортади
  • 14 Декабрь 2016

Экспорт ҳажми янада ортади

Сурхондарё вилоятида деҳқон хўжаликлари имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Сурхондарёда ҳам юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уни саноат усулида чуқур қайта ишлаш, тадбиркорларни экспорт фаолиятига фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бунда деҳқон хўжаликлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Натижада ички бозор боғ ва дала неъматлари билан тўлдирилиши баробарида, экспорт ҳажми ҳам ортмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 9 ноябрдаги “Сурхондарё вилоятида деҳқон хўжаликларининг имкониятларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилаяпти.

Гап шундаки, мазкур ҳужжатга асосан, ҳудуддаги деҳқон хўжаликларини уруғлик ва кўчатлар билан таъминлаш, маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини ошириш, уларни сифатли сақлаш, саралаш, қадоқлаш қувватларини ташкил этиш каби кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, якунланаётган 2016 йил давомида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси  томонидан 64 та агрофирмага 692 миллион АҚШ доллари -миқдоридаги экспорт шартномаси тузиш учун кўмаклашилди. Пировардида мазкур хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шу кунга қадар Россия, Қозоғистон, Корея Республикаси, Хитой, Беларусь Республикаси, Латвия ва бошқа мамлакатлардаги -буюртмачиларга 41,6 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотишга муваффақ бўлинди. 

Шу билан бирга, жамғарма томонидан 625 та фермер хўжалиги ва тадбиркорлик субъектига ташкилий, ҳуқуқий ҳамда молиявий хизматлар кўрсатилгач, шундан 227 та тадбиркорлик субъекти жорий йилнинг ўзида 457,2 миллион долларлик маҳсулотини чет эллик харидорларга етказиб берди. 

Келгуси йилда ушбу кўрсаткичлар янада ортиши кутилаяпти. Сабаби, айни пайтда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда “Ўзагроэкспорт” АЖ томонидан вилоятнинг барча туманида янги ишга туширилган агрофирмаларда замонавий сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва ўраб-жойлаш қувватларини яратиш бўйича истиқболли лойиҳалар ўрганиб чиқилмоқда. Улар Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан ажратиладиган  35,2 миллиард сўмлик маблағ эвазига молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, мева-сабзавотчилик соҳасини янада ривожлантириш бўйича 45 та янги лойиҳа ижроси учун 48,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йўналтириш учун тармоқ жадваллари тасдиқлангани эътиборга моликдир.

Семинар қатнашчилари бир қатор янги ташкил этилган агрофирмалар фаолияти, шунингдек, жамғарма мутахассислари томонидан деҳқон хўжаликлари ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида ихчам иссиқхоналар ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган намунавий бизнес-режа билан яқиндан танишдилар.

 

Нормурод ТЕМИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn