Боғдорчилик санъати: Миллий ва халқаро тажриба уйғунлиги
  • 14 Декабрь 2016

Боғдорчилик санъати: Миллий ва халқаро тажриба уйғунлиги

Шаҳрисабз туманида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ҳамкорлигида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Унда ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда ушбу ташкилотнинг Бутунжаҳон маданий мероси маркази Осиё ва Тинч океани минтақаси бўлими, Халқаро ёдгорликлар ва тарихий жойларни қўриқлаш кенгаши мутахассислари, олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, маданий ва табиий меросни аниқлаш, муҳофаза қилиш, сақлаш ЮНЕСКО фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Хусусан, мазкур ташкилот томонидан давлатлар ва ноҳукумат ташкилотлар ўртасида ушбу масала юзасидан ижтимоий сўров ўтказилиб, 2003 йили Номоддий маданий меросни муҳофаза қилишга бағишланган конвенция қабул қилинган эди. Ана шу ҳужжат асосида ҳозирга қадар саксондан зиёд мамлакатлардаги урф-одатлар, анъаналар ва байрам томошалари, қўшиқ ва рақслар, халқ оғзаки ижоди намуналари Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатидан жой олди.   

Қувонарлиси, Ўзбекистоннинг ҳам бу борадаги ўрни салмоқли. Яъни мазкур рўйхатга юртимиздаги 74 та маданий ҳамда номоддий маданий мерос объекти киритилгани эътирофга лойиқдир. Мамлакатимиз ҳудудидаги тўрт қадимий манзил — Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз шаҳарлари шулар жумласидан. Қолаверса, Наврўз байрами, катта ашула, “Шашмақом”, аския каби дурдоналаримиз ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан жой эгаллаган. Ўзбекистоннинг мазкур халқаро ташкилот билан изчил ва самарали ҳамкорлиги натижасида Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида тўпланган нодир қўлёзмалар “Жаҳон хотираси” жамламасига киритилди. 

— Ушбу анжуманнинг “Ўзбекистонда анъанавий боғ ва боғдорчилик санъати” деб номланиши бежиз эмас, — дейди вилоят ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари ўанишер Ибрагимов. — Зеро, соҳибқирон Амир Темур салтанатида боғдорчилик ва боғ яратиш ишлари санъат даражасига кўтарилган. Буни ўша давр сайёҳлари ва солномачилари қўлёзмалари ҳам яққол тасдиқлайди. Эътиборли жиҳати, айни пайтда ана шу эзгу анъаналар бардавом. Зеро, илмий-амалий конференциядан кўзланган асосий мақсад Амир Темур, темурийлар ва ундан кейинги даврларга хос боғ, боғдорчилик намуналарини тиклаш орқали ўзбек миллий боғини -яратишнинг меъморий дастурини тузиш ҳамда шу асосда амалий иш олиб боришдан иборат. 

Бу борада қадимий Кеш, яъни Шаҳрисабзда кенг имкониятлар мавжуд. Негаки, Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги ҳамда Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги халқаро миқёсда нишонланиши муносабати билан ҳудуддаги кўплаб тарихий обидалар қайта тикланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги қарори билан тасдиқланган махсус дастур доирасида бу кўҳна кентнинг юртимиз ижтимоий ва маданий тараққиётидаги аҳамиятини янада ошириш, уни замонавий туризм марказига айлантириш учун инфратузилма иншоотларини янгилаш ва реконструкция қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Янги ташкил этилаётган боғ-роғлар, замонавий хиёбонлар ҳам шулар сирасидандир.

Анжуманда соҳа мутахассислари, олимлар боғ ва боғдорчилик санъатининг халқаро тажрибаси, темурийлар даврида боғдорчилик санъати, тарихий шаҳарлар манзараларини сақлаш тўғрисидаги ЮНЕСКО тавсияномаси каби масалаларга оид қизиқарли маърузалари билан иштирок этди. Тадбир қатнашчилари Шаҳрисабзда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар. 

 

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn