Иқтисодиётнинг стратегик сектори
  • 13 Декабрь 2016

Иқтисодиётнинг стратегик сектори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 2 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтириш, мазкур жабҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжат сифатида тарихий аҳамиятга эга.

Сабаби, унда туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини беришдек улкан вазифа белгилаб берилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки аҳоли бандлигини таъминлаш, саноат, транспорт-коммуникацияси, хизмат кўрсатиш каби тармоқлар равнақида сайёҳлик соҳаси алоҳида роль ўйнайди. Бугунги кунда унинг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 10 фоиздан кўпроқни ташкил этаётгани, ишга лаёқатли аҳолининг 8 фоизга яқини шу жабҳада меҳнат қилаётгани ана шундан далолатдир.
Юртимизда туризмнинг кўплаб тармоқларини тараққий эттириш учун табиий имкониятлар ниҳоятда катта. Заминимизда 7 мингдан зиёд нодир тарихий ёдгорликлар ҳамда бетакрор архитектура намуналари мавжудлиги, сўлим қўриқхоналар, миллий боғлар фаолият кўрсатаётгани, миллий маданият, санъат ва ҳунармандчиликнинг кўп асрлик анъаналари асраб-авайлаб келинаётгани бунга мисол бўла олади. Буларнинг барчаси  хорижликларнинг Ўзбекистонимизга, шу жумладан, қадимий ва ҳамиша навқирон Бухорога бўлган қизиқишини янада кучайтирмоқда.
Айтиш жоизки, мустақилликнинг дастлабки йилларида вилоятимизда атиги 4-5 та меҳмонхона ва 2-3 та сайёҳлик фирмаси фаолият кўрсатар эди. Бугунги кунга келиб, меҳмонхоналар сони 100 тага, туристик фирмалар 38 тага етказилди. Фақат кейинги беш ярим йил давомида 40 та янги меҳмонхона, 18 та сайёҳлик ташкилоти иш бошлагани диққатга сазовор.
Бу соҳада тадбиркорлик ҳаракатини ривожлантириш, ишбилармонларнинг эмин-эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратиб бериш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир. Биз ҳам ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланаётганимиз боис туристик фирмамиз ички бозорда ўз ўрнини топди. Хорижий, шунингдек, юртимизнинг турли гўшаларидан келган сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиб келаяпмиз.
Дарвоқе, вилоятда туризмни янада ривожлантириш мақсадида 2016-2017 йилларга мўлжалланган дастур қабул қилинган. Унга кўра, умумий ҳажми 82 миллиард 174 миллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилади. Ушбу ҳужжат доирасида мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида 8 та маданий мерос объекти, зиёратгоҳлар таъмирланиб, ободонлаштирилди, 7 та меҳмонхона қурилди, 3 та туристик фирма ўз фаолиятини бошлади. Бундан ташқари, сайёҳлик фирмалари томонидан замонавий микроавтобуслар харид қилиниб, янги туристик йўналишлар очилаяпти.
Фармонда туризм индустрияси субъектлари фаолияти учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, туризмни ривожлантиришдаги тўсиқ ва ғовларга барҳам бериш, туризм хизматларини ташкил этишда туристлар ҳамда экскурсантларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш, зиёрат қилиш, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, ишбилармонлик, болалар, ёшлар ва оилавий туризмни ривожлантириш, хорижий сайёҳлар учун мамлакатимизнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида давлатнинг виза сиёсатини тубдан либераллаштиришни назарда тутувчи муҳим чора-тадбирлар ўз ифодасини топгани диққатга сазовор. Асосий туризм йўналишлари бўйича йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш, бунинг учун хорижий инвесторларни кенг жалб этиш вазифаси белгилаб берилгани соҳа вакилларининг айни дилидаги гап бўлди. Негаки, Самарқанд — Бухоро темир йўли электрлаштирилиб, юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд қатнови йўлга қўйилгани, “Бухоро” халқаро аэропортида энг замонавий ҳаво лайнерлари парвози учун зарур шарт-шароитлар яратилгани юртимизда сайёҳлар оқимининг кўпайишига олиб келди. Демак, яқин истиқболда амалга ошириладиган кенг кўламли ишлар Ўзбекистонни йирик ва жозибадор сайёҳлик марказларидан бирига, туризмни эса иқтисодиётимизнинг етакчи соҳасига айлантириши, шубҳасиз.


Азизжон ШАМСИЕВ,
«Asia Global Elite» туристик фирмаси раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn