Замонавий тамойиллар, анъанавий усуллар
  • 13 Декабрь 2016

Замонавий тамойиллар, анъанавий усуллар

юқори сифатли мева-сабзавот етиштириш ҳамда экспорт қилиш ҳажмини кўпайтиришнинг муҳим омилидир

Ўзбекистоннинг ширин-шакар мевалари, тилими тилни ёрадиган қовун-тарвузлари, витаминга бой сабзавотлари бутун дунёга машҳур. Улар мазали эканлиги билангина эмас, балки табиийлиги, шифобахшлиги бўйича ҳам чет элларда алоҳида қадрланади. Шу боис юртимизда етиштирилаётган ноз-неъматларга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётир. Натижада улар хорижлик буюртмачилар талабларига кўра, йил давомида сархил, музлатилган ва қуритилган ҳолда етказиб берилмоқда.
Чиндан ҳам, мамлакатимизда ҳар йили ўртача 18 млн. тонна мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилиб, шундан 4 млн. тоннадан кўпроғи экспорт қилинади. Қувонарлиси, кейинги йилларда бу кўрсаткичлар муттасил равишда ўсмоқда. Масалан,
2020 йилнинг охирига бориб, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 25 миллион тоннага етказиш мўлжалланаяпти. Мутахассислар фикрича, бунинг учун ҳам табиий, ҳам иқтисодий имкониятлар етарли. Зеро, серқуёш юртимизда фасллар ўз ўрнида алмашиб, бир йилда ўртача 320 кун офтоб чарақлаб туради. 
Таъкидлаш жоизки, мева-сабзавот маҳсулотларимиз экспорти миқдори ортишида 2012 йилда иш бошлаган Тошкент шаҳридаги “Gold Dried Fruits Export” масъулияти чекланган жамияти жамоаси муносиб ҳисса қўшмоқда. Яъни бу ерда ўтган қисқа вақт ичида етакчи хорижий мутахассис ва технологлар жалб этилган ҳолда, кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Натижада мева-сабзавот етиштириш, уларни сархил сақлаш ҳамда қуритиш йўлга қўйилди.
Компания экин майдонлари, боғ ва иссиқхоналарида замонавий томчилатиб суғориш тизими жорий этилган бўлиб, уларнинг умумий майдони янада кенгайтирилиб, 2250 гектарга етказиш устида қизғин иш олиб борилаяпти. Боғларда олча, гилос, шафтоли, ўрик, олхўри, анор, беҳи, нок, ёнғоқ каби мевали дарахтлар парваришланса, экин майдонларида бақлажон, булғор қалампири, маккажўхори, помидор, пиёз, оддий ва рангли карам ҳамда турли кўкатлар етиштирилади. Бунинг учун зарур ускуналар, уруғлик ва кўчатлар Европа мамлакатларининг етакчи компанияларидан келтирилаётир.
Сўнгги пайтларда компаниянинг ўзида кўчат етиштириш ўзлаштирилди. Пировардида маҳсулот сифатини назорат қилишнинг ўзига хос, яъни  экин-тикин давридан то тайёр маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган бутун жараённи тўлиқ қамраб олган тартиби жорий этилди.
Компания таркибидаги инфратузилмалар ҳам ҳавас қилса арзигулик. Хусусан, Тошкент вилоятидаги уч гектар ва Сурхондарё вилоятидаги 105 гектарлик иссиқхоналар томчилатиб суғориш тизими билан жиҳозланган. Етти гектар майдонни эгаллаган заводда ҳам илғор ускуналар ўрнатилганки, улар ёрдамида мева-сабзавотларни бирламчи ҳамда чуқур қайта ишлаш, музлатиш, қуритиш мумкин. Мисол учун, Италиянинг “Unitec” фирмасида ишлаб чиқарилган замонавий технологик линия ёрдамида гилос, олча, олма, олхўри каби данакли меваларни ҳажми, вазни бўйича саралаш мумкин.
Компаниянинг универсал совитиш мажмуаси эса Голландиянинг “Celtic Cooling” компанияси мутахассислари томонидан қурилган бўлиб, у Ўзбекистонда ягонадир. Тошкент ва Термизда барпо этилган ушбу мажмуа совитиш ҳамда қуритиш цехларидан иборат бўлиб, бир йўла 20 минг тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга. Режага мувофиқ, эндиликда бундай мажмуа Наманган вилоятида ҳам ишга туширилади.
Музлатилган маҳсулот тайёрлаш линияси тайёрлов, саралаш, музлатиш, қадоқлаш ва махсус совуқхоналарда сақлаш бўлинмаларидан иборат. Бу ерда мевалар, шунингдек, қулупнай, маймунжон, қорағат каби резаворлар алоҳида катакларда музлатилади. Линияга ўрнатилган ускуналар Дания, Швеция ва Бельгиядан келтирилган.
Қуритилган маҳсулотлар тайёрланадиган линиядаги ускуналар, жумладан, маҳсулотларни элаб саралаш ускуналари Германиядан, илдизмеваларни кесиш ва сабзавотларни лазер усулида саралаш дастгоҳлари Бельгиядан, булғор қалампирини қайта ишловчи технологиялар Туркиядан, қуритиш линияси эса Хитойдан олиб келинган.
Шу билан бирга, мажмуа ҳудудида лаборатория ҳам мавжуд бўлиб, бу ерда мутахассислар етиштирилаётган маҳсулотларнинг хусусиятлари ҳамда сифатини ошириш имкониятларини ўрганишади.
Компаниянинг экспорт салоҳияти йилдан-йилга юксалиб бораётгани, айниқса, диққатга сазовордир. Бу йил 15 минг тонна янги узилган, 3 минг тонна қуритилган маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган. Келгуси йили хорижга сотиладиган сархил мева, сабзавот ва резаворлар ҳажмини 20 минг тоннага, қуритилган маҳсулотларни 2600 тоннага, музлатилган маҳсулотларни эса 20 минг тоннага етказиш кўзда тутилган.
— Қисқа вақт ичида халқаро стандартлар бўйича барча зарур сертификатларни қўлга киритганимиз компаниямиз салоҳияти нақадар юксак эканлигини яққол кўрсатиб турибди, — дейди унинг директори Мурод Валиев. — Ишни замонавий тамойиллар ҳамда меҳнатсевар халқимизнинг кўп асрлик зироатчилик анъаналарини уйғунлаштирган ҳолда ташкил этганимиз туфайли шундай ютуқларни қўлга киритдик. Томчилатиб суғориладиган экин майдонларимиз, унда етиштирилаётган сабзавотлар, резавор ва кўкатлар, интенсив боғларимиз, қайта ишлаш заводимиз, илғор техника ҳамда технологияларимиз, энг муҳими, юқори малакали мутахассисларимиз билан фахрланамиз.
Чунончи, мақсадимиз аниқ ва улкан: юқори сифатли маҳсулотлар етиштириш ҳамда уларни экспорт қилишни йил сайин кўпайтириш орқали жаҳон бозорида деҳқончилик маданияти билан танилган Ўзбекистонимизнинг нуфузини янада оширишдир.


Усмон УСМОНОВ
тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn