Ноёб лойиҳанинг амалий самараси
  • 10 Декабрь 2016

Ноёб лойиҳанинг амалий самараси

Инвестицияларсиз модернизация ҳам, янгиланиш ҳам бўлмайди. Юртимиздаги иқтисодий ислоҳотлар ана шу муҳим тамойилга асосланган. Мамлакатимизда ишбилармонлар учун яратилган қулай ва жозибадор инвестициявий муҳит — бунинг амалий самараси. Шу боис шаҳару қишлоқларимизда хорижий сармоя иштирокидаги илғор саноат субъектлари сони тобора кўпайиб, ички бозорни импорт ўрнини босувчи рақобатдош маҳсулотлар билан тўлдиришга эришилаётир. Шу билан бирга, истеъмол товарлари ташқи бозорларга чиқарилиши ҳисобига давлатимизнинг экспорт салоҳияти юксалаяпти.

Бинобарин, Пахтаобод туманида амалга оширилган қўшма лойиҳа бунинг яққол тасдиғидир. Гап шундаки, ўтган йили ҳудудда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонлари ҳамкорлигида “Eastern Root Andijon” қўшма корхонаси ташкил этилган эди. Бу эзгу ташаббусга заминимизда ёввойи ҳолда ўсувчи қизилмия ўсимлиги илдизини қайта ишлаш эҳтиёжи туртки бўлди. Негаки, асосан чўл ҳудудларида учрайдиган бу ноёб гиёҳ томири томоқ оғриғи, нафас йўли шамоллаши, бронхит, йўтал каби хасталикларни даволашда самарали воситадир. Шу тариқа ўтган йили қўшма корхонада 46 тонна шифобахш маҳсулот тайёрланиб, экспорт қилинди. Жорий йилда ушбу кўрсаткични яна 10 тоннага ошириш кўзда тутилган. Бунинг учун 150 нафар ишчи-мутахассисдан таркиб топган жамоа астойдил меҳнат қилмоқда.

— Лойиҳа доирасида келтириб ўрнатилган 124 минг АҚШ долларилик илғор технологиялар фаолиятимизга унум бағишлаяпти, — дейди корхона раҳбари Лазизбек Раҳимов. — Қолаверса, 1400 квадрат метрдан иборат бўш турган бино 1 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматида ихтиёримизга берилиши сифат ва самарадорлик омили бўлаётир. Шу аснода ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш имконияти юзага келмоқда.

Албатта, эътибор бор жойда ривожланиш бўлади. Имтиёз ва рағбат эса муваффақият кафолатидир. Шундан келиб чиқиб, Андижон вилоятида 137 та давлат объектини салоҳиятли инвесторларга сотиш, тугатиш ҳамда бўшаган ер майдонларини тадбиркорларга ажратиб бериш белгиланган. Хусусан, уларнинг 73 таси “ноль” харид қийматида 247 миллиард 641 миллион сўм ва 31 миллион 850 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб этиш шарти билан ишбилармонларга топширилади. Бу эса маҳаллий мутахассислар учун 7841 иш ўрни яратилади, деганидир.

“Eastern Root Andijon” қўшма корхонаси тадбиркорлари ана шу имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда, вилоят ҳокимлиги томонидан Улуғнор туманидан ажратилган, ўзлаштирилиши мумкин бўлган 450 гектар ер майдонига эга бўлди. Эндиликда бу ерда табиий усулда қизилмия ўсимлигини етиштиришга киришилади.

— Бундай қулайлик бизни янада руҳлантириб юборди, — дейди корхона иш юритувчиси Санжарбек Раҳимов. — Қолаверса, юртимизда тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ кафолатланганидан мамнунмиз. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида. Асосий Қонунимизда мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, фойдаланиши ва уни тасарруф этиши мустаҳкамлаб қўйилган. Хўш, шундай шароитда юксак мақсадлар, азму шижоат, кўтаринки кайфият билан меҳнат қилмаслик мумкинми?! Бугун чет эллик сармоядорларнинг юртимизга қизиқиши ортаётгани бежиз эмас.

Бугун қўшма корхонанинг имкониятлари кенг, моддий-техника базаси мустаҳкам. Бу ерга ўрнатилган сўнгги русумдаги ускуна ва дастгоҳлар ойига 7 тонна қизилмия илдизини қайта ишлаш қувватига эга. Муҳими, саноат субъектида изланишлар бардавом. Янги-янги лойиҳалар устида иш олиб борилаяпти. Қизилмия ўсимлиги илдизидан шарбат тайёрлашга йўналтирилган бизнес-режа шулардан биридир. У яқин истиқболда муваффақиятли амалга оширилгач, вилоятда тайёрланаётган экспортбоп маҳсулотлар тури яна биттага кўпаяди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Муаллиф олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn