«The Financial Times»: «Ўзбекистон саноатнинг юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт йўлини тутмоқда»
  • 03 Декабрь 2016

«The Financial Times»: «Ўзбекистон саноатнинг юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт йўлини тутмоқда»

Буюк Британияда нашр этиладиган “The Financial Times” газетасида “Hyundai Engineering” (Жанубий Корея) компанияси катта вице-президенти Ким Чжун Хонинг юртимиз саноатининг юқори технологияларга асосланган тармоқлари хусусидаги мақоласи эълон қилинди.

Унда мамлакатимиз жаҳондаги олтин, кумуш, мис, рух, темир, вольфрам, титан, уран, калий, фосфат, нефть ва газ конденсати ишлаб чиқарувчилар ўнлигига кириши, минерал ресурсларнинг улкан захираларига эга эканлиги қайд этилган.

“Ўзбекистон табиий ресурсларни мамлакат ичида қайта ишлашни ҳамда юқори қўшимча қийматли, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўзда тутадиган иқтисодий сиёсат йўналишини ўзлаштириш борасида улкан муваффақиятларга эришди. “АВВ” компаниясининг илғор технологиялари асосида фаолият кўрсатаётган Шўртан газ-кимё мажмуасининг барпо қилиниши бу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг биринчи натижаларидан бўлди. У табиий газнинг баҳосини сезиларли даражада оширгани ҳолда, унинг қайта ишланишини тубдан ўзгартирди. Бугунги кунда бу ерда 125 минг тонна полиэтилен ва 100 минг тонна сиқилган табиий газ ишлаб чиқарилмоқда”, дея хабар беради муаллиф.

Мақолада маълум қилинганидек, ишлаб чиқариш қуввати нуқтаи назаридан қитъадаги энг йирик завод бўлган Устюрт газ-кимё мажмуасининг фойдаланишга топширилиши натижасида 2015 йили Ўзбекистонда полимерлар ишлаб чиқариш қуввати қарийб беш баравар ошди. Мазкур мажмуада ҳар йили 400 минг тонна полиэтилен гранулалари ҳамда 100 минг тонна полипропилен ишлаб чиқарилаяпти. Ҳар икки завод маҳсулотлари, асосан, жаҳон бозорларига экспорт қилинаётир.

“Ўзбекистон, жумладан, “Метанол-олефинлар” технологияси асосида бимодаль полиэтилен ва полипропилен, шунингдек, “GTL” технологияси асосида поливинилхлорид ҳамда синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш бўйича йирик заводлар қуриш лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобидан углеводород хом ашёсини қайта ишлаш бўйича ўз имкониятларини янада мустаҳкамлашга интилмоқда”, дея қайд этилади мақолада.

Таъкидланганидек, истиқлолга қадар Ўзбекистон кимё корхоналари, асосан, импорт қилинган хом ашёдан ўғит тайёрлар эди.

“Ўзининг тараққиёт стратегиясини тўғри танлаб олгани натижасида ўтган йиллар давомида мамлакатда учта йирик саноат мажмуаси қайта ташкил этилиб, ишга туширилди. Шунингдек, мавжуд ички ресурслар эвазига аммиак селитра, азот кислотаси, карбамид, аммиак, хлорат натрий ҳамда мажмуавий минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича янги қувватлар фойдаланишга топширилди.

Сўнгги ўн беш йил давомида Ўзбекистон ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробар ошириб, кимё саноатида ҳам маҳсулот ҳажми, ҳам унинг турлари бўйича Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллади”, дея ёзилади газетада.

Муаллифнинг билдиришича, саноат тармоқларининг юқори технологияларга асосланган инновацион иқтисодиёт йўлига ўтиши стратегияси доирасида қурилиш материаллари индустриясида маҳаллий хом ашёни қайта ишлаш сезиларли даражада кўпайди. Масалан, кейинги ўн йилликда бу тармоқдаги ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми, асосан, Ўзбекистон қурилиш материаллари бозори учун янги маҳсулотлар ҳисобидан тўрт баравардан зиёдроққа ўсди.

“Шуни таъкидлаш муҳимки, маҳаллий хом ашё асосидаги қайта ишлаш саноати мамлакат саноат ишлаб чиқариши умумий ҳажмининг 62 фоиздан зиёдини таъминламоқда. Машинасозлик, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати билан бирга, изчил иқтисодий ўсишнинг таъминланишида, шунингдек, юқори малакали ёш кадрлар учун янги иш ўринларини яратишда мазкур жабҳа муҳим ўрин тутади”, дея қайд этилади мақолада.

Шунингдек, муаллиф юқори технологияга асосланган иқтисодиёт мақомига эришиш йўлидаги ижобий натижалар Ўзбекистонга ўз минерал ресурсларини қайта ишлаш соҳасига тўғридан-тўғри хориж сармоясини жалб қилиш бўйича фаол инвестициявий сиёсатни амалга ошириш имконини беришини, яқинда шу мақсадда нефть, нефть-кимё ҳамда кимё жабҳаларида ва рангли металлургия соҳасида саноат ривожланишининг янги дастурлари маъқулланганини таъкидлайди.

“Уларда ишлаб чиқариш соҳасига 34 миллиард АҚШ долларини жалб этиш, қайта ишлашга ихтисослаштирилган 93 та янги завод қуриш ҳамда етакчи халқаро компанияларнинг илғор технологияларини қўллаш орқали мавжуд 38 та корхонани модернизациялаш кўзда тутилган”, дея ёзади муаллиф.

Мақола интиҳосида ушбу кенг қамровли дастурларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ қилиниши Ўзбекистоннинг юқори технологияга асосланган қайта ишлаш саноатига эга бўлган мамлакатга айланишига кўмаклашиши, бу эса пировардида ўзбек халқи фаровонлигининг барқарор ўсишини таъминлаши таъкидланади.

«Жаҳон» АА.

Лондон

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn